96 фоиз ўзбек халқи ўз оиласини бахтли ҳисоблайди

12:44, 27 сентябрь

«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази «Оила ва маънавият» мавзуида ижтимоий тадқиқот ўтказди. 

Тадқиқотда қатнашганларнинг 94,5 фоизи давлатимиз оилаларни қўллаб-қувватлашга катта эътибор кўрсатаётганини эътироф этган. Давлатнинг бундай эътиборини кўпчилик респондент маънавий-ахлоқий қадриятларнинг моддий бойликларга нисбатан устунлигида кўради, деб ёзади ЎзА. 

Тадқиқот жараёнида Ўзбекистон оилаларида ахлоқ шаклланишига энг кўп таъсир қилиши мумкин бўлган омиллар ҳам ўрганилган. Ўзбекистон оилаларининг маънавий-ахлоқий асосларини шакллантиришда оила (86,7 фоиз), маҳалла (52,1 фоиз), таълим муассасалари (48,2 фоиз), ижтимоий муҳит (33,9 фоиз) ва телевидениенинг (29,4 фоиз) устувор таъсири ҳақидаги фикр бир неча йиллик сўровлар мобайнида барқарор қолмоқда. 

Тадқиқот натижалари оила қуришда ахлоқий йўналишлар барқарор эканини кўрсатди. Масалан, мустақил ва бахтли оила барпо этиш шартларининг кўрсаткичлари ўзгаришсиз қолмоқда. Улар орасида эр-хотиннинг ўзаро ишончи, бир-биридан розилик биринчи ўринни эгаллайди. Иштирокчиларнинг фикрича, эр-хотиннинг ўзаро муҳаббати, фарзандлар оила барқарорлиги ва мустақиллигини белгиловчи муҳим омилдир. 

Сўровнинг кўрсатишича, мамлакатимиз аҳолисининг мутлақ кўпчилиги (96 фоиз) ўз оиласини мустаҳкам ва бахтли, деб ҳисоблайди. Халқимиз бахтли оилавий ҳаётни ўзаро ишонч, муҳаббат асосида қурилган муваффақиятли никоҳда кўради. 

Мамлакатимиз аҳолиси ёши катталарга ҳурмат, меҳнатсеварлик, камтарлик, ўзини жамиятда муносиб тутиш ва кекса авлодга эътиборни фарзандларни маънавий-ахлоқий тарбиялашнинг устувор йўналиши, деб ҳисоблайди. Сўралганларнинг ҳар иккинчиси оилавий мажбуриятлар ота ва она ўртасида тенг тақсимланган оилаларда юксак ахлоқли ва ҳар томонлама соғлом фарзандлар тарбияланади, деган фикрда. 

Ёш авлод ота-оналарининг муҳим қадрият йўналишлари бўйича қарашларига қўшилиши, фарзандлар тарбиясида катталарнинг роли ўсиб бораётганини эътироф этиши ҳам тадқиқотда намоён бўлди. Бу ёшларни маънавий-ахлоқий тарбиялашда бир неча авлод вакиллари яшовчи оилалар салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш мақсадида оила институтини янада мустаҳкамлашни тақозо этади. 

Тадқиқот аксарият оилаларда болаларни юксак маънавий-ахлоқий қоидалар руҳида тарбиялашга катта эътибор берилаётганини кўрсатди. Халқимиз фарзандлари онги-қалбига, биринчи навбатда, меҳнатсеварлик, катталарга ҳурмат, ҳалоллик, Ватанга муҳаббат туйғуларини сингдирмоқда. Айни вақтда меҳнатсеварлик, миллий ғурур ва ўзликни англаш туйғусини ривожлантириш, кўнгил тозалиги, камтарлик, диний ва миллий бағрикенглик инсоннинг юксак ахлоқини белгилайди. 

Ижтимоий сўров ёшлар ўртасида олий маълумот олишга интилиш ўсиб бораётганини яна бир бор исботлади. Бугун халқимизнинг ўз фарзандларини олий таълим муассасаларида ўқитиш имкониятлари анча ошган. Тадқиқот мамлакатимиз фуқароларининг аксарияти фарзандлари замонавий шахслар бўлиб камолга етаётганига қатъий ишонишини кўрсатди. 

Мамлакатимиздаги кўпчилик оилалар болаларини жисмоний тарбиялашга катта эътибор беради. Бу ёшларда жисмоний тарбия ва спортга барқарор қизиқиш ҳамда эҳтиёжни шакллантирмоқда. Иштирокчилар давлатимизнинг болалар спортини ва соғлом турмуш тарзини ривожлантириш стратегиясини фаол маъқуллаган. Уларнинг фикрича, бу “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурида ёрқин намоён бўлмоқда. 

Сўров иштирокчиларининг мутлақ кўпчилиги (96,7 фоиз) оилавий ажримларга салбий муносабат билдирган. Уларнинг фикрича, бу болаларнинг таълим-тарбияси ва келажагига салбий таъсир кўрсатади. 

«Оила ва маънавият» мавзуида ўтказилган ижтимоий тадқиқот Ўзбекистон аҳолиси учун оила асосий ҳаётий қадрият ва ёш авлодни тарбиялашнинг муҳим омили бўлиб қолаётганини кўрсатди. Уларнинг фикрича, давлатимизнинг оила институтини ривожлантириш борасидаги самарали, тизимли ва изчил чора-тадбирлари, юксак эътибори туфайли оилаларнинг моддий аҳволи ва ҳаёт сифати узлуксиз яхшиланмоқда, уларнинг маънавий-ахлоқий ҳолати мустаҳкамланмоқда.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!