Ўзбекистонда ички ишлар ходимларига ғайриқонуний тинч намойишларни бартараф этишда қурол қўллаш тақиқланди

14:25, 27 сентябрь

Ўзбекистон ички ишлар идоралари ходимлари куч ишлатмасдан, жамоат тартибини бузмасдан ўтказилаётган ғайриқонуний йиғилишлар, митинглар, намойиш, оммавий чиқиш ва пикетларни бартараф этишда махсус воситалар, шу жумладан, газли ва шикастлантирувчи қурол қўллаши тақиқланади. Бу ҳақда “Дарё” хабар бермоқда.

Жорий йил 16 сентябрь куни Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев имзолаган «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги қонунда ана шу талаб илгари сурилган. Қонунда жиноятларга чек қўйиш ва ички ишлар органи ходимининг қонуний талабларига қаршилик кўрсатилишини бартараф этиш учун жисмоний куч ишлатишга изн берилади.

Аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам одамнинг бошига, бўйнига, ўмров суягига, қорнига, жинсий аъзоларига, юрак соҳасига резина таёқ билан зарбалар бериш тақиқланади. Мазкур қонун расмий эълон қилинган кундан олти ой кейин кучга кириши белгиланган.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!