Қашқадарё вилоятида жорий йилда 4,5 минг тоннага яқин балиқ овлаш режалаштирилган

15:03, 27 сентябрь

Вилоятда балиқчиликни ривожлантириш, тармоқда янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этиш, маҳсулотни қайта ишлашни йўлга қўйиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.  

Жорий йилда вилоятдаги табиий ва сунъий сув ҳавзаларидан 4 минг 450 тонна балиқ овлаш режалаштирилган. Маҳсулот етиштириш узвийлигини таъминлаш мақсадида балиқ чавоқлари етиштириш, балиқчилик хўжаликларига омухта ем ажратиш, сунъий сув ҳавзалари тубини чуқурлаштириш, дренаж ва коллекторларни тозалаш, садок мосламаларини ўрнатиш, янги балиқчилик хўжаликлари ва инкубация цехлари ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Қарши туманидаги “Намуна балиқчилиги” масъулияти чекланган жамиятида маҳсулот ишлаб чиқариш кўлами йилдан-йилга ортмоқда. 

 Жамият тасарруфидаги 650 гектар сунъий сув ҳавзасида лаққа, сазан, дўнгпешона, оқ амур каби балиқлар парваришланмоқда. Ўтган йили 300 тонна балиқ овланган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткични янада ошириш режалаштирилган. 

Балиқчиликда интенсив технологиялардан фойдаланган ҳолда маҳсулот ишлаб чиқариш яхши самара бериши дунё тажрибасида исботланган. Бу усулда кам маблағ сарфлаб, кўп фойда олиш мумкин. Садок усулида балиқ етиштириш вилоятда ҳам бир неча йилдан буён синовдан ўтказилмоқда ва юқори натижага эришилмоқда. Маълумотларга кўра, вилоятда жорий йилда табиий ва сунъий сув ҳавзаларига 90 садок қурилмаси ўрнатиш белгиланган. Бугунги кунга қадар 95 ана шундай ускуна жойлаштирилди. Масалан, Ҳисорак сув омборида “Чаккисой балиқлари” масъулияти чекланган жамияти, Чимқўрғон сув омборида “Чимқўрғон шаршараси” масъулияти чекланган жамияти, Қамаши сув омборида “Абдураҳимов Бобуржон” фермер хўжалиги каби етти хўжалик томонидан садок қурилмалари сувга ташланди ва айни пайтда маҳсулот тайёр ҳолга келиб қолган. Мазкур йўналишдаги хўжаликларда жорий йилда 1 минг 700 тонна парҳез гўшт маҳсулоти тайёрланиши кўзда тутилган. 

Балиқ гўштини аҳолига қулай ва арзон нархларда етказиб бериш мақсадида вилоятда йигирмадан зиёд савдо нуқтаси ташкил этилди. Қарши шаҳрида 14, Қарши туманида 4, Нишон туманида 2 ана шундай дўкон ишга туширилди. 

Маълумки, балиқ гўшти тез бузилади. Бу ҳолат тадбиркорлардан овланган балиқларни сифатли сақлашни талаб этади. Шундай қилинса, тадбиркор ҳам, харидор ҳам ютқазмайди. Кейинги йилларда бу борада вилоятда салмоқли ишлар амалга оширилди. Қарши туманидаги “Намуна балиқчилиги” масъулияти чекланган жамияти қошида 150 тонналик, “Бўриева Нозима” балиқчилик хўжалиги қошида 50 тонналик, Косон тумани “Бо-зариф” фермер хўжалиги қошида 20 тонналик, Қарши шаҳар “Қашқадарё тижорат савдо” масъулияти чекланган жамиятида 400 тонналик сиғимли музлаткичлар ташкил қилинган ва уларда ижара асосида балиқ сақлаш йўлга қўйилган. 

Кўп тармоқлилик яхши даромад келтиради. Буни яхши биладиган тадбиркор изланишдан тўхтамайди. Масалан, балиқчилик сердаромад соҳа, лекин фақат балиқ етиштириш ва уни сотиш билан юқори натижага эришиб бўлмайди. Баъзан тайёр маҳсулотнинг ҳаммасини сотишга эришиш қийин. Бугунги кунда балиқчилик хўжаликларини қийнаб келаётган муаммолардан бири ҳам шу. Қолдиқ маҳсулот ҳеч қаерга ўтмайди. Уларни қайта ишлаш йўлга қўйилса, бу муаммо ҳам ҳал этилади. 

Қарши туманидаги якка тартибдаги тадбиркор Юсуф Ҳамроев 150 тонналик балиқ дудлаш цехини ташкил қилиш ишларини бошлаб юборган. Нишон туманидаги “Қашқадарё балиқ тайёрлов савдо” балиқчилик агрофирмаси қошида йилига 250 тонна балиқни қайта ишлаш, яъни балиқнинг боши ва думини кесиб, яримфабрикат ҳолида пакетларда қадоқланган ва музлатилган ҳолда чиқарадиган цех ташкил этиш кўзда тутилган. Айни пайтда цехни қуриш ишлари ниҳоясига етказилмоқда. Хориждан келтирилган тежамкор ва самарали технологиялар асосида барпо этилаётган цех жорий йилнинг ноябрь ойида ишга туширилади. Яна шу тумандаги “Соф денгиз” хусусий корхонаси жамоаси йилига 400 тонна балиқни қайта ишлаш, яъни “консерва” ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширишни режалаштирмоқда.

Бу каби лойиҳалар озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, йилнинг тўрт фаслида ҳам бозорларимиз тўкин бўлишига эришиш, нарх барқарорлигини сақлаш, пировардида аҳоли турмуш фаровонлигини янада юксалтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!