Пляж футболи бўйича Ўзбекистон терма жамоаси БААни мағлуб этди

08:08, 28 сентябрь

Айни кунларда Вьетнамнинг Дананг шаҳрида пляж спорт турлари бўйича навбатдаги Осиё ўйинлари давом этмоқда. ЎФФ матбуот хизматининг хабар беришича, мазкур мусобақада иштирок этаётган пляж футболи бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бугун ўзининг илк учрашувида БАА терма жамоасига қарши майдонга тушди.

Голларга бой ва қизиқарли ўйинда жамоалар асосий вақтда 3:3 ҳисобида дуранг ўйнашди. Ўйиндан кейинги пенальтилар сериясида эса, Ўзбекистон терма жамоаси 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Учрашувда Жамолиддин Шарипов иккита гол киритган бўлса, терма жамоанинг яна бир голига Феруз Фахриддинов муаллифлик қилди.

Шу тариқа, Аҳад Юсупов бош мураббийлигидаги Ўзбекистон терма жамоаси гуруҳда муддатидан олдин биринчи ўринни қўлга киритди ва кейинги босқичига йўл олди. Боиси, гуруҳнинг яна бир вакили Фаластин терма жамоаси мусобақада иштирок этмаган ва Ўзбекистон ҳамда БАА терма жамоалари чорак финалга йўлланма олишди.

Ўзбекистон терма жамоаси кейинги босқичда турнирнинг "D" гуруҳида иккинчи ўринни қўлга киритиган Афғонистон терма жамоасига қарши ўйнайди. Мазкур ўйин 29 сентябрь куни бўлиб ўтади.

Маълумот учун, мусобақанинг "A" гуруҳида Вьетнам, Лаос, Таиланд жамоалари ўрин олган бўлишса, B гуруҳида Уммон, Қатар ҳамда Ливан терма жамоалари ўрин эгаллашган. Турнирнинг сўнгги D гуруҳидан эса, Япония, Хитой ҳамда Афғонситон терма жамоалари ўрин олган.

Пляж спорт турлари бўйича Осиё ўйинлари

Пляж футболи, “C” гуруҳи

Ўзбекистон – БАА 3:3 (пенальтилар серияси — 2:0).

Голлар: Жамолиддин Шарипов (2та), Феруз Фаҳриддинов.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!