Пойтахтимизда “Tashkent Open–2016” турнири бўлиб ўтмоқда

10:03, 28 сентябрь

26-сентябрь куни Тошкентда теннис бўйича мукофот жамгармаси 250 000 АҚШ долларини ташкил этган анъанавий “Tashkent Open” турнирининг асосий босқичи бошланди. Мусобақанинг биринчи кунида энг қизиқарли кечган учрашувлардан бири ҳамюртимиз Сабина Шарипова ва швейцариялик Стефани Фогель ўртасидаги беллашув бўлди.

Мазкур жуфтлик ўртасидаги баҳс салкам 3 соат давом этди. Биринчи сетни рақибига 5:7 ҳисобида бой берган Сабина иккинчи сетда ақл бовар қилмас фаоллик кўрсатди. 1:5 ҳисобида ортда қолиб турган ҳамюртимиз кетма кет олтита геймни ўз ҳисобига ёзиб қўйди. Натижада иккинчи сет 7:5 ҳисобида ўзбекистонлик теннисчи фойдасига ҳал бўлди.

Ҳал қилувчи учинчи сетда иккала теннисчи ҳам таваккал қилишни ҳохлашмади ва кўпроқ орқа чизиқдан зарбалар бериш билан чекланиб туришди. Ҳисоб 3:4 бўлиб турган вазиятда эса швейцариялик теннисчи шифоркорларни ёрдамга чақирди ва унинг оёғига зудлик билан тиббий муолажалар кўрсатилгач яна кортга қайтиб беллашувни давом эттирди. Кураш сўнгги дақиқаларгача давом этди ва учинчи сетни ҳам 7:5 ҳисобида ўз фойдасига ҳал қилган Стефани Фогель кейинги босқичга йўлланма олди. Якуний ҳисоб 5:7, 7:5, 5:7.

Асосий тўр мусобақаларининг биринчи кунида шунингдек яна бир ҳамюртимиз, турнир дебютанти Камола Умарова ҳам кортга тушиб ўз имкониятларини синовдан ўтказди. 16 ёшли теннисчимиз қуръага кўра Тошкент очиқ чемпионатининг амалдаги ғолиби япониялик Нао Хибинога қарши кураш олиб бориши керак эди. Мазкур қарама қаршиликда тажриба ўз сўзини айтди ва япониялик теннисчи иккала сетни 6:3 ва 6:1 ҳисобларида ўз фойдасига ҳал қилиб турнирдаги иштирокини давом эттирадиган бўлди. Мусобақалар давом этади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!