Ўзбекистонлик полвонлар Осиё соҳил ўйинларида учта медални қўлга киритди

13:12, 28 сентябрь

Вьетнамнинг Дананг шаҳрида бошланган V Осиё соҳил ўйинларида полвонларимиз иккита олтин ва битта кумуш медални қўлга киритди, деб хабар бермоқда ЎзА.

Осиё олимпия кенгаши томонидан ташкил этилган мазкур нуфузли спорт анжуманида қитъамизнинг қирқдан зиёд давлатидан 2 минг 200 дан ортиқ спортчи 22 спорт тури бўйича ғолиблик учун баҳслашмоқда. Осиё соҳил ўйинларида Ўзбекистон спорт делегацияси аъзолари соҳил футболи, кураш, муайтай ва самбо бўйича Ватанимиз шарафини ҳимоя қилмоқда. 

Кураш бўйича эркаклар ўртасида вазни 66 килограммгача бўлган полвонлар беллашувида Миржон Тўхтаев Осиё соҳил ўйинларининг олтин медалига сазовор бўлди. Иқтидорли курашчимиз ҳиндистонлик Кунал Сежвал, Хитой Тайпейи вакили Хао-Ченг Чанг ва эронлик Гхамбарали Гхамбарийни мағлубиятга учратди. 

Вазни 73 килограммгача бўлган курашчилар ўртасида Суҳроб Худойбердиев суриялик Мунзер Жарида, вьетнамлик Конг Нгуен Тан, филиппинлик Ллойд Деннис Катипон ва туркманистонлик Нуряғди Жепбаровни енгиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди. 

Вазни 81 килограммгача бўлган полвонлар баҳсида қатнашган Муҳаммадали Шамсиддинов вьетнамлик Куан Буи Минх, ҳиндистонлик Шивраж Магдум ва туркманистонлик Муҳаммад Темировни мағлуб этиб, кумуш медални қўлга киритди. 

Аввалроқ Ўзбекистон пляж терма жамоаси илк ўйинда БААни пенальтилар сериясида мағлубиятга учратгани ҳақида хабар берилганди

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!