«Ўзбекинвест» компаниясидан энг оммабоп суғурта маҳсулотларини on-line сотиб олиш мумкин

17:02, 28 сентябрь

Мамлакатимизда амалга оширилётган ислоҳотлар туфайли суғурта молия бозорининг муҳим қисмига айланиб, суғурта бизнесини юритишда халқаро амалиётга жавоб берувчи тизим шаклланди. Бугунги кунда мамлакатимизда йигирма еттита суғурта компанияси фаолият кўрсатмоқда.  Улар кўрсатаётган хизматлар тури юздан ошди, дея хабар беради ЎзА.

«Ўзбекинвест» экспорт-импорт миллий суғурта компаниясида журналистлар учун ташкил этилган семинарда суғуртанинг асослари,  афзалликлари, суғурта шартномаси тузилишидан суғурта қопламаси тўловигача бўлган суғурта механизми каби масалалар ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Компанияда «Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурталаш», «Бахтсиз ҳодисалардан суғурталаш», «Тиббий суғурта», «Мол-мулк суғуртаси» каби энг оммабоп 10 турдаги суғурта маҳсулотларини интернет орқали сотиб олиш мумкин.

“Moody’s Investors Service Ltd.” халқаро рейтинг агентлигининг Ўзбекистон молия бозоридаги энг юқори халқаро рейтингига эга бўлган компаниянинг марказий аппарати ва ҳудудий филиалларида ахборот-маслаҳат гуруҳлари фаолият юритмоқда. Мижозлар суғурта масалалари, жумладан, мавжуд суғурта турлари, суғурта шартномаси шартлари, суғурта даъволарини кўриб чиқиш, суғурта товонини тўлаш тартиблари ва бошқа масалалар тўғрисидаги батафсил маълумотларни олиш учун электрон почта (maslahat@uzbekinvest.uz) ёрдамида мутахассислар маслаҳатларидан фойдаланишлари мумкин.

Компаниянинг молиявий ишончлилиги суғурта ҳодисаси юз берганда суғурта қопламаларини ўз вақтида тўлаш ва мижозларни суғурта ҳимояси билан таъминлашни самарали амалга ошириш имконини бермоқда. Суғурта даъволарини кўриб чиқиш ва тартибга солиш муддатлари ҳам қисқарди. Қонун  ҳужжатларида ўн беш кунда суғурта даъволарини кўриб чиқиш кўзда тутилган. Компанияда суғурта даъволари беш кунда  кўриб чиқилмоқда.

Тадбирда аҳолининг суғурта маданиятини оширишда “Ўзбекинвест” компанияси ва оммавий ахборот воситалари ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари бўйича фикр алмашилди. Журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!