Пахта йиғим-теримига оид ҳар қандай савол юзасидан ишонч телефонлари ташкил қилинди

10:23, 29 сентябрь

Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси ўз хоҳишига кўра пахта йиғим-теримида иштирок этишга ҳақли. Бу ҳақда ижтимоий-меҳнат қоидалари тўғрисида аҳоли хабардорлигини ошириш бўйича Касаба уюшмалари федерацияси ахборот кампаниясида маълум қилинди.

Фуқаролар қулай меҳнат шароитлари (маиший, гигиеник ва хавфсизлик бўйича)га эга бўлиш ҳамда ҳеч қандай қўшимча шартларсиз пахта йиғим-теримида иштирок этишдан воз кечиш ҳуқуқига ҳам эга, дейилади тарғибот материалларида.

Федерация матбуот хизматидан хабар беришларича, пахта йиғим-терими ва ижтимоий-меҳнат муносабатларига оид ҳар қандай савол юзасидан 1092 ва (71) 200−06−01 ишонч телефонларига мурожаат қилиш мумкин.

Ўзбекистон қонунчилиги мажбурий ва болалар меҳнатидан фойдаланишни тақиқлайди. Касаба уюшмалари федерацияси қошидаги болалар меҳнати бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш олиб бораётган ахборот кампанияси доирасида барча ҳудудларда болалар ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик тўғрисида баннер ва постерлар жойлаштирилиб, флаерлар тарқатилмоқда. Бундан ташқари, вазирликлар, идора ва ташкилотларнинг мансабдор шахсларини ўқитиш учун методологик материаллар ишлаб чиқилди.

 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!