Сунъий тишлар саратон касаллигини келтириб чиқарадими?

12:12, 29 сентябрь

–  Ёшим 42 да. Тишларимнинг юқори қавати мўртлашиб, жойидан силжиб қолган. Пастки қатордагиларидан эса бир қанчаси тушиб кетди. Бўш қолган тиш ўрнини сунъийси билан тўлдираймикан десам, одамлар орасидаги имплант тиш саратонга сабаб бўлиши мумкин деган сўзларни эшитиб қолдим. Чиндан ҳам шундай бўлиши мумкинми? Умуман имплант тишлар қандай хом-ашёдан тайёрланади? 

Қувондиқ Мамарасулов, Тошкент вилояти 

Саволга шифокор стоматолог Улуғбек МУҲАММАДХЎЖАЕВ жавоб беради: 

–  Тиш имплантлари саратонни пайдо қилади деган гаплар мутлақо асоссиз! Сунъий тишлар тиббиётда кенг қўлланиладиган титандан ясалади. Титан инсон организми яхши қабул қиладиган, 95 фоизга бегонасирамайдиган хом – аёшдир. Имплант тиш жағ суякларига қўйилиб, шакли тиш илдизига ўхшаш бўлади. Бугунга келиб, ўзимизда ишлаб чиқарилаётган имплантлар сифат жиҳатдан жаҳон стандартларига тўлиқ жавоб беради.  Сунъий тишлар турлича бўлиб, жағ суягининг юпқа ё қалинлигига қараб танланади. Жағ суяги юпқа бўлган ҳолатларда текис, япалоқ имплантлар қўйилади. Тиббиётимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси импланталогия соҳасида ҳам акс этмоқда. Ингичка ва атрофияга учраган жағ суяклари суяк кукуни ёрдамида ўстирилиб, кенгайтирилиб тиш илдизига ўхшаган шаклдаги имплантлар экилмоқда ва амалиёт тўлиқ ўзини оқламоқда.  Йўқотилган тишлар ўрнини тиклаб, 100 фоизгача чайнов ва эстетик кўринишни тиклашнинг энг оптимал усули ҳисобланган имплант тишлар яхши битиб жойлашганида 25 йилгача хизмат қилади. 

 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!