Ўзбекистоннинг ЖЧ–2018 саралашидаги рақиби Жанубий Корея термасининг ҳужумчиси 2 йиллик ҳарбий хизматга кетиши мумкин

15:01, 29 сентябрь

Жанубий Корея терма жамоаси ҳамда “Тоттенхэм” футбол клубининг 24 ёшли ҳужумчиси Сон Хин Мин мамлакат қуролли кучлари сафида икки йил ҳарбий хизмати ўташи мумкин. Бу ҳақда iSport.ua хабар бермоқда.

Жанубий Кореяда ҳарбий хизмат ҳатто спортчилар учун ҳам мажбурий саналади. Истисно сифатида фақат халқаро турнирларда ватанига ёрдам берган спортчилар ҳарбий хизматдан озод этилади. Масалан, “Манчестер Юнайтед” жамоасининг собиқ ярим ҳимоячиси Парк Жи-Сунг ЖЧ–2002 турнири Жанубий Кореянинг ярим финалга қадар чиқишига ёрдам берган.

Сон Хин Мин эса Рио–2016 турнирида Жанубий Кореянинг катта натижага эришишига ҳисса қўша олмади. Жамоа чорак финалгача етиб борди, холос. Футболчи Осиё ўйинларида муваффақиятли иштирок этсагина ҳарбий хизматдан озод этилиши мумкин.

Бундан ташқари, Жанубий Кореядаги президентлик сайловида мухолифат ғалаба қозонса, ушбу қонун бекор қилинади ва Сон Хин Мин ҳеч қандай натижага эришмай туриб ҳарбий хизматдан озод бўлади.

Маълумот учун, жорий мавсумда 24 ёшли футболчи АПЛнинг 3 ўйинида 4 та гол киритди. ЕЧЛнинг сўнгги ўйинида эса иккита гол киритди. 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!