Ўзбекистон термасининг ЖЧ–2018даги рақиби Қатар янги бош мураббийни таништирди

16:21, 29 сентябрь

Ўзбекистон терма жамоасининг ЖЧ–2018 йўлидаги рақиби Қатар Хорхе Фоссатини мамлакат терма жамоасининг янги бош мураббийи сифатида расман таништирди. Бу ҳақда ЎФФ матбуот хизмати хабар берди.

Бунгача Қатарнинг "Ал-Райян" клубини бошқарган 63 ёшли уругвайлик мутахассис эндиликда Қатар терма жамоасида ишлайди. Эслатиб ўтамиз, терма жамоани бошқариб келган уругвайлик яна бир мутахассис Хосе Каррено ЖЧ-2018 3-босқичи дастлабки икки турида мағлубиятга учрагандан сўнг истеъфога чиқарилган эди.

Маълумот учун, Хорхе Фоссати Қатар мамлакатида бунгача бир неча бор муафаққаиятли мавсумлар ўтказган. Жумладан, "Ал Саад" клуби билан 2006-2007 йилги мавсумда Қатар чемпиони бўлган. Қатар чемпионатининг сўнгги мавсумида эса, "Ал Райан" клуби билан мамлакат чемпионлигини қўлга киритди. Хорхе Фоссати, шунингдек, БААнинг "Ал Айн", Саудия Арабистонининг "Ал Шабоб" клубларида ҳам фаолияти олиб борган. Таъкидлаш жоиз, Фоссати 2007-2008 йилларда ҳам Қатар терма жамоасида бош мураббий сифатида ишлган ва жамоани бир йил давомида бошқарган эди.

Эслатиб ўтамиз, Қатар терма жамоаси ўзининг навбатдаги расмий ўйинларида 6 ҳамда 11 октябрь кунлари ЖЧ-2018 3-саралаш босқичи доирасида майдонга тушади. Терма жамоа 6 октябрь куни сафарда Жанубий Корея терма жамоаси меҳмони бўлса, 11 октябрь куни ўз майдонида Сурия терма жамоасига қарши майдонга тушади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!