Севара Назархон ўзбекистонлик ҳамкасблари, кинода роль ижро этиши ва оналик бахти ҳақида

16:46, 29 сентябрь

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Севара Назархон “Даракчи” газетаси интервью берди. Хонанда билан суҳбатни қуйида ўқишингиз мумкин.  

Билишимча, сиз айни кунларда янги альбом устида иш олиб боряпсиз...

— Гапингиз тўғри, биз ижодкорлар мухлисларимизга қўшиқларимизнинг сарасини илинамиз. Янги альбомга келсак, у деярли тайёр. Аммо  тақдим этиш санаси ҳозирча ноаниқ. Бу борада ҳали бир тўхтамга келмадик. 

Янги мусиқий тўпламдан ўрин олган барча қўшиқларимнинг мусиқасини ўзим ёздим. Бу ҳақдаги батафсил маълумотларни мунтазам равишда ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифам  орқали бериб боряпман.
— Ўзбек ижодкорларидан кимлариннг қўшиқларини эшитасиз?

— Миллий қўшиқларимизнинг ўзига хос, ҳеч қаерда учрамайдиган оҳангини соғинаман. Бундай пайтларда одатда Таваккал Қодировнинг ижодига мурожаат этаман. Шоу бизнесимиздаги хонандаларнинг ижодини  камдан кам эшитаман. Охирги марта хонанда Шаҳриёрнинг альбомини тингладим. Тўплам ҳали охиригача тугалланмаган бўлса-да, кўп томонлама менга маъқул бўлди. Шаҳриёрнинг ёши улғайгани қўшиқларидан сезилиб турибди. 

— Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Рашид Холиқов, «Сетора» гуруҳининг биринчи таркиби билан куйлаган дуэтларингиз жуда машҳур бўлганди.  Яна кимлар билан ҳамкорлик қилишни истардингиз?

— Агар бир тинглашнинг ўзида қўшиқни «севиб» қолсам ва дуэтдошим ҳаққоний куйлай оладиган ижодкор бўлса, таклифларни қабул қиламан.

— Масалан, Жаҳогир Отажонов?

— Нега энди йўқ?! Бўлиши мумкин.

— Актриса Асал Шодиева сизнинг ижодингизни кузатиб туришини ижтимоий тармоқлардаги суратларидан билдириб туради. Сиз ҳам унинг ижросидаги фильмларни томоша қиласизми?

— Асал жуда ёқимтой актриса. Самимиятини ва очиқкўнгиллигини ҳурмат қиламан. У билан суҳбатлашиш ёқади. Аммо фильмлари ҳақида ҳеч нарса деёлмайман. 

— Россия телеканалларининг бирида «Точь-в-точь» лойиҳасида иштирок этдингиз. Ушбу лойиҳадан актёрлик маҳоратингиз кучли эканлигини сездик. Кино санъатида ҳам ўзингизни синаб кўриш ниятингиз борми?

— Баъзида ижодий режаларимни хаёлан кўз ўнгимдан ўтказаман (ўйланиб). Лекин сира кинода ўзимни тасаввур этолмайман. Чунки актёрлик маҳоратимни унчалик юқори баҳоламайман. Аммо маҳоратли режиссёр ва яхши сценарийли фильмга таклиф этишса, бир мартагина ўзимни синаб кўришим мумкин. Аммо айтиб қўяй, яхши актриса эмасман деб аввалдан огоҳлантирдим. Шу сабаб бир кун келиб мени кинода кўрганингизда, «шу ролни ўйнамагани яхши эди», демайсиз (кулади)

— Айтишларича феъл- атворингиз бироз оғир экан... 

— Мен бировлар билан ўзим ҳақимда гаплашмайман. Балки атрофимдагиларнинг ўзи оғир феълли бўлишгани учун менга шундай таъриф беришгандир…

— Ҳаётий принципларингиз ҳақида гапириб берсангиз.

— Бу ҳақида гапирсам, суҳбатимиз анча вақтга чўзилиб кетиши аниқ. Чунки бу узоқ гапириладиган мавзу. Майли, шундай бўлса-да, принципларимни қисқароқ тушунтириб беришга ҳаракат қиламан. Ҳаётда майда-чуйда, эътибор талаб қилмайдиган нарсаларга  аҳамият бермасликка ҳаракат қиламан. Улар ҳаётни қийинлаштиради. Инсон доим севимли касби ёки машғулотлари билан банд бўлиб, ўзини бахтли ҳис этиб, яшаши керак деб ҳисоблайман.

— Ўзингизни тушунмайдиган пайтларингиз ҳам бўладими?

— Албатта! Айниқса Хитой тилида гаплашсам ўзимни-ўзим сира тушунмайман (кулади).

— Яқинда яна бир бор оналик бахтига эришдингиз. Қизингиз Имон Анвардан кейин ҳаётингизда қандай ўзгаришлар бўлди?

— Фарзандли бўлиш бахти ва қувончини оддий сўзлар билан таърифлаш, изоҳлаб бериш мушкул. Қизим туғилгач, бахтимиз икки карра ошди дея оламан.  Бундай бахт ҳаммага насиб этсин деб тилаб қоламан.

— Имон Анвар дадангизнинг хотирасига қўйилган исмлиги ростми?

— Бу исм отамнинг биз фарзандларга берган меҳри, ҳаётда доим яхши ота бўлишга интилишидан хотира. 

— Ўзга давлат сафарларда бўлганингизда, Ватан соғинчини қандай енгасиз?

— Ватан менинг қалбимда! Соғинганимда эса қалбимга қулоқ тутаман ва у албатта мени эшитади.

— Ашадий мухлисларингиз хориждаги концерт дастурларингизни интернет тармоқлари орқали кузатиб боришади. Аммо ҳаммани қизиқтирган савол бор, яъни Севара Назархон қачон Ўзбекистонда яккахон концерт дастурини тақдим этади?

— Ташкилий ишларни ҳал қилсак, тез орада яккахон концертбериш ниятидамиз.

Алия СУЛАЙМАНОВА
суҳбатлашди

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!