Амазонкалар қаерда яшаган? ёхуд аёллар салтанати ҳақидаги афсона ва ҳақиқатлар

12:42, 30 сентябрь

«Агар биз бу қўшинни енга олск, ҳеч қандай шон-шуҳҳратга эга бўлолмаймиз. Агар биз улардан енгилсак, абадул-абад шармандалик тамғасидан қутулолмаймиз!”

Шиддатли жанг олдидан буюк саркарда Искандар Мақдунийнинг ўз аскарларига қарата айтган бу сўзлари барчани ўйга толдирганди. Ҳа, шу пайтгача не-не қудратли лашкарни тутдек тўккан буюк Искандар армияси бу гал ғалати саросима ичида қолганди. 

Ахир, уларни эртанги жангда тиш-тирноғигача қуролланган бақувват, қудратли йигитлар эмас... аёллар армияси, бошқача айтганда, “амазонкалар” армияси  кутмоқда эди. Исканларнинг бу андишаси ҳам бежиз эмасди! 

Матриархал давр инъикоси

  ...Амазонкалар мавзуси азалдан кўпчиликни қизиқтириб келган. Бу борада қадимги дунёнинг мутафакккирлари Ҳомер, Овидий, Вергилийлар ҳам ўз мулоҳазаларини айтиб ўтишган. Юнонистоннинг машҳур ҳайкалтарошлари уларнинг гўзал ва навқирон ҳайкалларини ишлашган. 

Амазонкалар мавзуси бугунги кунда ҳам олимларнинг ечилмас баҳс мавзуларидан бири бўлиб келаётир. Кимдир уларни чиндан ҳам яшаб ўтган, деса, бошқалар бу шунчаки афсона дейишдан нарига ўтмайди. Хўш аслида-чи? Улар афсонами ёки ҳақиқат? Ахир ҳар қандай афсона замирида ҳам оз бўлса-да, ҳақиқат учқунлари яшайди-ку?

Узоқ ўтмишни тадқиқ этган мутахассислар бир замонлар Ер юзидан аёллар ҳукмрон бўлгани, яъни матриархал жамият ҳукм сурганини айтишган. Ибтидоий бу тузумда жамоанинг ҳаёт кечириши, тирикчилиги, рўзғори, наслни давом эттириши учун етакчилик аёллар қўлида бўлган. Бинобарин, амазонкалар ҳам ана шу даврда яшаган бўлиши мумкин деган тахминлар бор.

Юнон муаллифларининг ёзишича, амазонкалар от чопишда, жанг қилишда, камондан ўқ отишда ҳатто эркакларни ҳам доғда қолдиришган. Уларнинг ўз салтанати, жамоаси бўлган. Бу ерда эркакларни сиғдиришмаган. Фақат йилдан бир марта авлодни давом эттириш мақсадида қўшни қабиланинг эркаклари билан учрашиб туришган. Тасодий “учрашув” натижасида ўғил туғиладиган бўлса, уни отасига жўнатишган ёки ўлдиришган. Қиз бўлса, ўзларида олиб қолишган. 

Амазонка дегани?
“Амазонка” сўзининг келиб чиқиши ҳақида ҳам турли қарашлар мавжуд. Баъзилар  бу сўз қадимги юнон  тилида “кўкраги йўқ” деган маънони билдиради деган тахминни илгари суришади. Афсоналарга кўра, улар жангда, ўқ отишда  халал бермаслиги учун ўнг кўкракларини ўсмирлик пайтидаёқ куйдириб ташлашаркан. Бошқа бир гуруҳ бу сўз қадимги форс тилидаги “ҳа мазан” – аёл жангчи сўзларидан олинган дейишади. 

Бошқа бир гуруҳ тадқиқотчилар “амазонка”ларнинг ҳозирги Туркия ҳудудидаги Амасия ўлкасида яшагани, уларнинг номи ҳам ана шу ҳудуд номидан олинганини айтишади. Ушбу мамлакатдаги измир, Эфес сингари шаҳарлар бир пайтлар айнан “амазонкалар” томонидан қурилгани ҳам тахмин қилинади. 

Қадимги юнон шоири Ҳомер ўзининг “Илиада” достонида амазонкалар шоҳ Приам билан биргаликда Трояни босқинчилардан ҳимоя қилганини ёзади. Кейинга солномаларда эса, Искандар Мақдуний амазонкалар маликаси Фалустра билан урушмоқчи бўлгани, аммо бу жангни ўзига муносиб кўрмай у билан сулҳ тузгани ҳақида маълумотлар учрайди.

Дарҳақиқат, амазонкаларнинг тарихда яшаб ўтганидан далолат берувчи тарихий ашёлар анчагина. Хусусан, қадимги Юнонистон ҳудудидан топилган кўпгина сопол буюмларда жангчи аёллар тасвири учрайди. Бугунги Украина ҳудудида ҳам бир нечта жангчи аёлларнинг қабрлари топилган. 

Ўн олтинчи асрда ҳозирги Колумбияга ҳудудига бориб қолган илк испан истилочиларидан бири, Хуан де Сан-Мартин ўз ҳисоботида аёллардан иборат ҳиндулар қабиласига дуч келишгани, унга аёл киши бошчилик қилиши ва эркаклардан кўра шиддатлироқ ва жангарироқ экани ҳақида ёзиб қолдирган.

Спаретра -  амазонкалар маликаси?
Амазонкалар айнан бизнинг ватанимиз ҳудудида яшаганини таъкидловчи мутахасислар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Таниқли археолог олим, Амриддин Бердимуродов немис олими Е.Вардиман ҳамда рус олими Толстовнинг фикрига таяниб, қадимдан Ўрта Осиёда аёлларнинг мавқеи ўта юқори бўлгани, эркаклар билан тенгма-тенг курашгани айтилади. Юнон тарихчиларининг ёзишича, Эрон шоҳи Кайхусравга қарши жанг қилган массагетлар маликаси Спаретра 300 минг эркак, 200 минг аёл жангчига бошчилик қилган. 

Шунингдек, мамлакатимиз, хусусан Оролбўйи ҳудудида қурол-яроғига қўшиб дафн қилинган аёллар қабри кўплаб топилган. Қолаверса, асрлар давомида қорақалпоқ келинларининг асосий тўй либоси саналган саукеле кўринишидан айнан совут ва дубулға кўринишини эслатади. Этнограф олимлар бу либос андозаси айнан жанг анжомларидан олинганини айтишади. Яъни аёлларнинг жангдаги мавқеи пасая боргач, уларнинг темирдан ишланган совутлари маиший кўриниш касб этган ва одатий либослар кўринишга ўтган. 

Умуман олганда, Тўмарис, Барчиной, Қурмонжон додхо сингари мард, жасур момоларимиз ҳақидаги ҳақиқта ва афсоналар ҳам тиллардан тилларга ўтиб келаётгани бежиз эмас. Тан мардлик ва жаосарт халқимизнинг энг олий фазилатлари сирасига киради. 
Ҳумоюн тайёрлади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!