Шодия Тўхтаева: “Миш-мишлардан йироқдаман”

15:10, 30 сентябрь

Ўзбек Миллий академик драма театри актрисаси, телетомошабинларга эса кинодаги салбий роллари билан танилган Шодия Тўхтаева “Қисқа ва лўнда” лойиҳаси меҳмони...

Мавсум янгилиги
"Садоқат" фильмида бош ролни ижро этяпман. Мен яратаётган образ жуда дардли, ўз фарзандидан айрилган аёл ҳолатини очиб беришим керак. Драматик сериалдаги ушбу ролимни томошабинлар муносиб баҳолашади, деб ўйлайман. Бундан ташқари Покистон давлати кино ижодкорлари томонидан суратга олинган "Уйимдаги бегона" сериалининг  дубляж жараёнлари билан ҳам бандмиз. Тез кунларда уни ҳам томоша қилишингиз мумкин.

Жаҳлим чиққанда
Инсон ҳар қандай вазиятда ўзини тута билиш керак. Бу ҳар кимнинг ўзи учун фойдали. Масалан, мен ҳеч қачон жаҳлимни бировга кўрсатмайман. Доим тилимни тишлаб, ортиқча гапирмасликка ҳаракат қиламан. 

Фобия
Ҳашоратлардан жуда қўрқаман. Айниқса, ўргимчаклардан. Мана сиримдан бугун ҳамма ҳабардор бўлди. 

Стил
Мен классик услубда кийинишни маъқул кўраман. Дам олиш ёки сайёҳатга отланганимдагина спорт услубига мурожаат этишим мумкин. 

Оила
Оила мавзусида кўп гапиришни ёқтирмйаман. Бироқ бугунги лойиҳа бундан мустасно. Икки ёшдан ошган Марямхон исмли қизим бор.  Жуда ақлли, зукко, зийрак. Нутқи равон.  Ўзбек ва рус тилида йигирмагача санашни билади. Айни вақтда бола тарбияси билан банд бўлганим учун театрдан таътилга чиққанман. Тез кунларда албатта ишга қайтаман.

Ёқтирмаганим
Кўча-куйда, турли тадбир ва йиғилишларда одобсиз инсонларни кўрсам жаҳлим чиқади. Ундайларни ажратиб олиш қийинмас, улар омма олдида ўзини нотўғри тутиб, қандай инсонлигини билдириб қўйишади.

Китоб
Китоб мутолаа қилишни жуда яхши кўраман. Китоб менинг энг яқин дўстим. Ҳеч ким беролмаган энг яхши маслаҳатларни у беради. Тушкун кайфиятдан чиқарадиган ҳам китоб. 

Тушкунлик
Мен учун энг қўрқинчли ва ҳеч қачон дуч келишни истамайдиган ҳолатлардан биридир. Иложи борича у ҳолатдан тезроқ чиқишга ва кайфиятимни кўтарадиган нарсалар билан шуғуланишга, кўпроқ яхши инсонлар билан суҳбатлашишга ҳаракат қиламан. 

Хафа қилсам
Бировнинг кўнглигини оғрита олмайман. Агар билмай кимнидир хафа қилсам, албатта ўша заҳотини кечирим сўрмайман.  

Миш-миш
Мен бахтли санъаткорлардан бири бўлсам керак. Ижодимни бошлаганимдан буён ўзим ҳақимда бирор марта ҳам ноўрин ва туҳмат гаплар эшитмаганман. Доим миш-мишлардан йироқдаман. Агар миш- мишларни эшитиб қолсам ҳам, уларга эътибор бермасликка ҳаракат қиламан. Чунки улардан менга фойда йўқ. 

Алия СУЛАЙМАНОВА

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!