Осиё соҳил ўйинлари. Илҳомжон Йўлдошев олтин, Маликабону Мирзаевада эса бронза медалига сазовор бўлди

08:48, 01 октябрь

Вьетнамнинг Да Нанг шаҳрида давом этаётган соҳил спорт турлари бўйича VI Осиё ўйинларининг самбо бўйича 93 килограмгача бўлган полвонлар баҳсида Илҳомжон Йўлдошев финал жангини қозоғистонлик Алибек Зекеновга қарши ўтказиб, олтин медалига сазовор бўлди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ўзбекистон делегациясининг ушбу ўйинлардаги олтин медаллар сони учтага етди. Бунгача кураш бўйича вазни 73 килограмгача бўлган спортчилар баҳсида Суҳроб Худойбердиев ҳамда вазни 66 килограмгача бўлган полвонлар ўртасида Миржон Тўхтаевлар шохсупанинг энг юқорисидан жой олишганди.

Аёллар ўртасида вазни 56 килограмгача бўлган спортчилар ўртасида Маликабону Мирзаева Ўзбекистон терма жамоаси ғазнасига биринчи бронза медалини келтирди. Ҳал қилувчи жангни у таиландлик Чайсанг Сасипилайга қарши ўтказиб рақибини таслим этишни уддалади ва бронза медалига сазовор бўлди.

Ҳозирги кунга келиб, Ўзбекистон делегацияси ҳисобида 3 та олтин, 1 та кумуш ва 1 та бронза медали мавжуд. Ўзбекистон жами 5 та медаль билан умумжамоа ҳисобида 41 мамлакат вакиллари орасида 9-ўринда бормоқда. Марказий Осиё давлатлари орасида Ўзбекистон 1-ўринга кўтарилиб олди. 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!