ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси Ўзбекистонга Эҳтиёжларни баҳолаш миссиясини юборяпти

09:35, 03 октябрь

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси таклифига мувофиқ Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси Эҳтиёжларни баҳолаш миссиясини (ЭБМ) Ўзбекистонга юборишга қарор қилди. Миссиянинг мамлакатимизга ташрифи мобайнидаги вазифалари хусусида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати раҳбари Низомиддин НУРМАТОВ сўзлаб берди.

  • Халқаро кузатув институтининг ўрни  нимадан иборат ва кузатувни амалга ошириш қандай механизмлари мавжуд?

- Сайловларнинг халқаро кузатуви институти очиқлик ва ошкораликни таъминлашга, сайлов жараёни нуфузи ортишига, шунингдек, демократик сайлов ўтказиш масалалари бўйича тажриба ва ахборот алмашишга хизмат қилади.

 ЕХҲТ маконида сайловларнинг халқаро кузатуви институти ЕХҲК Конференцияси якунлари бўйича 1990 йил июнда қабул қилинган Копенгаген ҳужжатида назарда тутилган. 1990 йил ноябрда Парижда бўлиб ўтган ЕХҲК Конференциясида иштирок этувчи давлатлар “Янги Европа учун Париж хартияси” якуний ҳужжати қабул қилиниб, штаб-квартираси Варшава шаҳрида жойлашадиган “Иштирок этувчи давлатлардаги сайловларда алоқалар ва ахборот алмашувига шароит яратиш учун эркин сайловлар бюроси”ни ташкил этиш мажбуриятини ўз зиммаларига олдилар. 1992 йилда бу ташкилот “Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюро” деб номлана бошлади ва унинг вазифалари инсон ҳуқуқларига алоқадор бошқа соҳаларга ҳам кенгайтирилди.

Ўтган давр мобайнида ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ЕХҲТга 57та аъзо давлатларнинг  барчасида 300дан зиёд сайловнинг кузатувини амалга оширди. Уларнинг 170 дан ортиғи парламент, 77 таси - президент сайловлари, шунингдек, 60 га яқин референдум ва маҳаллий ҳокимият органлари сайловларидир. Кўрсатиб ўтилган миссиялар таркибида ЕХҲТга барча аъзо давлатлар, шу жумладан Ўзбекистондан 50 мингдан зиёд экспертлар иштирок этди.

2013-2016 йилларда ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси Россия, Финляндия, Германия, АҚШ, Чехия, Словакия, Франция, Буюк Британия, Озарбайжон, Қозоғистон каби мамлакатлардаги парламент ва президент сайловларида ҳам кузатувларини амалга оширди.

Ўзбекистон сайлов қонунчилиги хорижий мамлакатлар, халқаро ташкилотлар ва ҳаракатлар вакилларининг Ўзбекистон Республикаси сайловларида кузатувчилар сифатида иштирок этиши имкониятини назарда тутади. Хусусан, уларга сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ барча тадбирларда, шунингдек, сайлов куни овоз бериш хоналарида ҳамда овозларни санаб чиқишда иштирок этиш ҳуқуқи берилган. Яъни кузатув сайлов жараёнининг барча босқичларини қамраб олади. Ушбу ҳолат халқаро амалиётда кам учрайдиган мажбурият ҳисобланади.

Ўзбекистон сайловларини кузатиш учун нафақат ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросини, балки ШҲТ Котибияти, МДҲ Ижроия қўмитаси, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси каби нуфузли халқаро ташкилотларни, шунингдек, Европа, МДҲ, Америка, Африка ҳамда Осиё ва Тинч океани минтақси мамлакатларидан кўплаб экспертларни ҳам таклиф қилади.

– ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси Ўзбекистонга Эҳтиёжларни баҳолаш миссиясини (ЭБМ) юбормоқда. Унинг мамлакатимиздаги фаолияти асосий мақсади  нимадан иборат?

– ЕХҲТ ДИИҲБнинг 2010 йилда чоп этилган Сайловларни кузатиш бўйича қўлланма қоидаларига мувофиқ ЕХҲТга аъзо давлатга Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси сайлов арафасида сайловолди вазиятни ва сайловга тайёргарлик боришини баҳолаш, сайлов комиссиялари иши ташкил қилиниши, сайлов ўтказишга алоқадор давлат органлари, сиёсий партиялар, ОАВнинг сайловолди жараёнидаги фаолияти билан танишиш учун юборилади. Миссия сайлов бўйича миллий қонунчилик умумэътироф этилган халқаро стандартларга мувофиқлигини таҳлил этади.

Ушбу миссиянинг хулосалари асосида ЕХҲТ ДИИҲБ сайловни кузатиш, унинг шакли, давомийлиги ва кузатувчиларнинг зарур сони тўғрисида қарор қабул қилади.

Миссия таркибига одатда ЕХҲТ ДИИҲБнинг сайловлар бўйича департаменти ходимлари киритилади. Амалиётлар кўрсатганидек, эҳтиёжларни баҳолаш 2-3 кун давомида амалга оширилади. Кейин икки ҳафтада хулоса тайёрланади. Бу гал ЕХҲТ ДИИҲБ Эҳтиёжларни баҳолаш миссиясини жорий йилнинг 11-14 октябрь кунлари юборишга қарор қилди. Миссия ЕХҲТ ДИИҲБнинг сайловлар бўйича департаменти бошлиғи Александр Шлык (Беларусь) ва мазкур департаментнинг сайловлар бўйича маслаҳатчиси Ульви Ахундлу (Озарбайжон) дан иборат.

– Миссиянинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида қандай учрашувлар режалаштирилган?

– Миссия ўз ташрифи чоғида Ташқи ишлар вазирлиги, Марказий сайлов комиссияси, Олий суд, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати, Адлия вазирлиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, Миллий телерадиокомпания, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигида, сиёсий партияларнинг вакиллари, Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари билан учрашувлар режалаштирган.

Мазкур учрашувлар якунлари бўйича миссия хулосасини тайёрлайди. Унда сайловнинг самарали, ишончли ва профессионал кузатувини амалга ошириш учун минимал шарт-шароитлар, сиёсий плюрализм, шаффофлик ҳамда жамиятнинг сайлов жараёнига ишончи мавжудлиги, шунингдек, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг аввалги сайловлар бўйича тавсиялари бажарилганлиги сингари мезонлар инобатга олинади.

Эслатиб ўтамиз, ЭБМ Ўзбекистонда 2004, 2009 ва 2014 йилларда ташкил этилган. 2015 йилда парламент ва президент сайловлари ўртасида кўп вақт ўтмаганини инобатга олиб, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ЭБМни юбормаган. Ўтган йилларда миссия хулосаларига мувофиқ Ўзбекистондаги сайловларни кузатиш учун ЕХҲТнинг 15-18 та аъзо мамлакатидан 25 нафардан кўп бўлмаган миқдорда Сайловни кузатиш бўйича чекланган миссия юборилган эди.

– Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнида халқаро кузатувчиларнинг иштирокидан нималар кутилмоқда?

– Халқаро кузатувчилар иштироки, шунингдек, уларнинг сайлов кузатуви натижалари бўйича берган таклиф ва тавсиялари сайлов қонунчилиги ва амалиётни соҳага доир умумэътироф этилган меъёр ва стандартларга мувофиқ янада такомиллаштириш имконини беради.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича самарали қонунчилик базаси яратилди. Давлат раҳбари сайлови жараёнини тартибга солувчи қонунлар қабул қилинди. Булар биринчи навбатда “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги, “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги қонунлар ва бошқа қатор қонун ҳужжатларидир.

Шу билан бирга вақт талаби ва демократик ислоҳотларни чуқурлаштиришдан келиб чиққан ҳолда 2015 йил 29 декабрда “Ўзбекистоннинг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Унга мувофиқ 1991 йил 18 ноябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонунга ўзгартишлар киритилди.

Янги нормаларга биноан Марказий сайлов комиссияси бошқа давлатлар, халқаро ташкилотлар ва ҳаракатлардан кузатувчиларга мандатлар беради. Бундан ташқари, сайлов участкалари қамоқда сақлаш жойларида ҳам ташкил этилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови қонунчилигини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартишларнинг муҳим ўзига хослиги қуйидагиларда кўринади. Давлат раҳбари лавозимига номзодни кўрсатиш учун зарур имзолар миқдори сайловчилар умумий сонининг  5 фоизидан бир фоизга камайтирилди. Бу Европа Иттифоқининг сайлов масалалари бўйича Венеция комиссиясининг тегишли амалиёт кодекси тавсияларига мос келади. Шунингдек, сайловолди ташвиқоти тушунчаси, уни ўтказиш турлари, шакллари ва усуллари мустаҳкамлаб қўйилганлиги, сайловолди ташвиқотига нафақат сайлов куни, балки овоз бериш бошлангунга қадар бир кун олдин ҳам йўл қўйилмасли, муддатдан олдин овоз бериш тартиби белгиланди. Муддатидан олдин овоз бериш сайловга 10 кун қолганида бошланади ва сайловга бир кун қолганида тугалланади.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг Ўзбекистон Республикаси сайловини кузатиш учун таклиф этилиши мамлакатимиз эркин, ҳаққоний ва адолатли сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш соҳасидаги халқаро мажбуриятларга содиқлигини, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини миллий қонунчилик ва умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартларига тўла мувофиқ ҳолда ўтказишга қатъий қарор қилганининг ёрқин далилидир.

Мехрибон Маметова суҳбатлашди

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!