Имтиёзли дорилар кимларга берилади?

09:54, 03 октябрь

Ўтган ҳафтада ижтимоий тармоқ ва айрим интернет сайтларида қандли диабет касаллигини даволашда ишлатиладиган ва бу турдаги хасталик билан оғриган беморларга имтиёз асосида тарқатиладиган инсулин препаратининг тортилганлигига оид маълумотлар пайдо бўлди. Бу ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида биз “Дори-дармон” акциядорлик компаниясига мурожаат қилдик. Хўш, аслида имтиёз асосида дори воситаларининг тарқатилиши қандай йўлга қўйилган, хусусан инсулин етказиб берилишида узилишлар юзага келгани нечоғли асосли? 

ИМТИЁЗЛИ ТАЪМИНЛАШ ТАРТИБИГА КЎРА...
А.КАМИЛОВ, “Дори-дармон” АК тижорат бўлими директори:

— Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 22 июлдаги 204-сонли "Шахсларнинг айрим тоифаларини имтиёзли асосда дори воситалари билан таъминлаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 204-сонли қарори билан амбулаторияда даволанишда дори воситалари билан имтиёзли таъминланиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар тоифалари рўйхати ва амбулаторияда даволанишда шахсларнинг айрим тоифаларини дори воситалари билан имтиёзли таъминлаш тартиби тасдиқланган.

Амбулаторияда даволанишда дори воситалари билан имтиёзли таъминланиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар тоифалари рўйхатига шахсларнинг 13 тоифаси, шу жумладан, эндокринологик касалликларга (қандли ва қандсиз диабетга) чалинганлар киритилган.

ДОРИЛАР ҚАЕРДАН БЕРИЛАДИ?
— Амбулаторияда даволанишда “Шахсларнинг айрим тоифаларини дори воситалари билан имтиёзли таъминлаш тартиби”га мувофиқ, амбулаторияда даволанишда шахсларнинг айрим тоифаларини дори воситалари билан имтиёзли таъминлаш дори воситаларини амбулатория- поликлиника муассасалари орқали ёхуд дорихона муассасалари орқали бериш йўли билан амалга оширилади.

БЕПУЛ, БИРОҚ ВРАЧ КЎРСАТМАСИГА БИНОАН...
Беморларга дори воситаларини имтиёзли бериш, беморлар амбулатория тартибида даволанадиган амбулатория-поликлиника муассасасида дори даволовчи врачларнинг тайинлаши бўйича бепул берилади.

Дорихона муассасалари томонидан беморларга дори воситаларини имтиёзли бериш бемор амбулатория тартибида даволанадиган амбулатория-поликлиника муассасасида даволовчи врач томонидан ёзилган имтиёзли бериш рецепти асосида бепул берилади.

БИЗДА “ИНСУЛИН” ЕТАРЛИ...
—  Амбулаторияда даволанишда имтиёзли таъминлаш учун мўлжалланган дори воситалари рўйхати Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Молия вазирлиги билан биргаликда белгиланади.

Шунга кўра, Компания инсулин дори воситаларини етказиб беришда узилишлар юзага келгани ҳақида маълумотга эга эмас. "Дори- Дармон" АК таркибига кирувчи дорихоналарда Қандли диабет касаллигига қарши кўлланиладиган инсулин дори воситаси етарлича мавжуд.

АГАР СИЗДА МУАММО БЎЛСА...

Фуқаролар оилавий поликлиникалар ва дорихоналар томонидан дорилар билан имтиёзли таъминлаш жараёнида бирор муаммо ва тусиқларга дуч келсалар, шунингдек бу борада қўшимча маълумотлар керак бўлса:

•  Соғлиқни сақлаш вазирлигининг (+998 71) 239-47-95;
•  “Дори-дармон” АКнинг (+998 71)120-16-61 ишонч телефонларига мурожаат қилишлари мумкин.

 
МАЪЛУМОТ УЧУН
«Амбулаторияда даволанишда дори воситалари билан имтиёзли таъминланиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар тоифалари рўйхати»га: 

•  Онкологик касалликлар;
•  сил касалликлари;
•   мохов;
•   эндокринологик (қандли ва қандсиз диабет) касалликлар;
•   руҳий хасталикка чалинганлар;
•   ОИВ касаллигини юқтирган беморлар;
•   ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз пенсионерлар;
•   юрак клапанини протезлаш ва органларни кўчириш юзасидан операция қилинганлар;
•   1941 — 1945-йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек, уларга тенглаштирилган шахслар;
•  1941 — 1945-йиллардаги уруш меҳнат фронти қатнашчилари;
•   байналмилалчи жангчилар;
•   Чернобиль АЭСдаги ҳалокат оқибатларини тугатишда қатнашган ногирон шахслар;
•   ҳарбий хизматни ядро полигонларида ва бош¬қа радиация-ядро объектларида ўтаган пенсия ёшидаги шахслар киради.

Фарида ЭГАМБЕРДИЕВА тайёрлади

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!