Юрагимда сақлаганларим: Овсиннинг туҳмати

10:15, 03 октябрь

Мастура ўйлаб-ўйлаб эри яхши кўрадиган таом — мошкичирига уннади. Отасига тортган фарзандлари ҳам бу овқатни яхши кўради. Инжилмай ейди. Яна гўшт ҳам тежалади. У чақалоқнинг муштидек этни тузга белаб, бир ҳафтадан буён асрайди. Эртага қизчасининг туғилган куни. Гўштсиз палов — сочсиз куёвдек гап. Шу сақлаб юрган бир парча гўштни солса, куёв тўранинг сочидек бўлиб пиширган ошига кўрқ беради-да.

Мастура нималиги туз орасида зўрға билинаётган, қота бошлаган гўштни қайта ушлаб, ҳидлаб-ҳидлаб тағин юпқа матога ўради-да, ошхонанинг дераза ва эшиги орасига — елвизакли ерига осди. 
—  Жуда яхши турибди. Ҳид-пиди йўқ, — деб қўйди қилган ишидан қўнгли тўлиб. 
Шу пайт пешасидан оқаётган реза-реза терни артганча эри Комил кириб келди. Дераза ёнида турган, ўзи ясаган тахта стулчага ўтираркан, хотинига деди:
—  Бир коса сув узат. Шунчалик ҳам иссиқ бўладими? Туш чоғи юрсанг, дўзахдан фарқи йўғ-а!
—  Вақтли қайтибсизми? Чопиб бўлдиларингизми?
—  Қанчагина помидор бор... Худога шукр, айтган ҳашарчиларимнинг ҳаммаси келди. Тушгача ярмини чопдик, тушдан сўнг қолганини... Ҳамма тушгача учта, тушдан кейин учта жўякни чопиқ қилди. Овсининг эса тўрттадан. Қойил қоламан, шу келинга... — ҳайрат билан гапирди Комил.  
—  Чала-чулпа чопиб ўзини кўрсатгандир-да! — юзи буришди Мастуранинг. — Уйда ҳам бўзчисининг мокисидек у ёқдан бу ёққа югуриб юради-ку!
—  Атай қарадим, чала эмас. Чуқур-чуқур урган кетмонни. Ўтлар ҳам илдизи билан чопилган. Ўзи чаққон...
—  Ҳмм... — деб қўйди Мастура энсасини қотириб. 
Келин бўлиб тушганидаёқ овсини унга ёқмади, ёқмади-да! Бир нимани “Билмайман”, демайди, “Қилолмайман”, деймайди. “Балонинг ўқини топиб кел”, десангиз ҳам иложини қилади. Уйнинг юмуши етмагандек қишлоқда экин-текин қилган кишиларга ёрдамлашиб, уйга ҳали помидор, ҳали картошка, ҳали олма олиб келади. Рўзғорини бутлайди. 
—  Келин қилишда энди адашмадим. Мунирани уддабуронликка қулоғидан ушлаб, ботириб олишгандек пишиқ. Сизга ўхшаб, ундан “Уни қилдингизми, буни қилдингизми?” деб сўраб ўтирмайман. Ўзидан билиб қилиб кетаверади. Айрим вақтлар “Бу ишни қай пайт қилди экан”, деб ўзим ҳам ҳайрон қоламан, — мақтайди қайнонаси.
Бу гапларни Мастура “Сен бундай қила олмасдинг!” дегандек эшитади. Овсинини ёмон кўради. Аввал бошданоқ ёмон кўрган. Сабаби, қайнукасига фотиҳа қилган чоғларидаёқ, Комил уни мақтаб келганди. 
—  Бугун трактор гаплашгани қўшни қишлоққа боргандим-ку. Янги келинимизнинг қўшниси экан, тракторчи. Гаплашиб турсам, бўлажак келинимиз келиб қолди. Мен танирмидим де. Тракторчи шипшиди. Яхшилаб қараб олдим. Бирам чиройли, бирам нозик. Сочлари узу-у-ун. Укам ҳам чертиб-чертиб танлабди-да! Кўрсанг, ўзинг ҳам тан берасан. Ишқилиб, бахтли бўлишсин, дедим хурсанд бўлиб... — эрининг чин дилдан мақтаганини кўриб Мастуранинг ичи куйди. Рашки келди. Аммо сир бой бермади.
Тўй куни ҳам ҳамманинг оғзидан бол томди, келинни кўриб. Кўпчилик Мастура билан қиёслаб жиғига ҳам тегди. 
—  Хафа бўлманг-у, келинингизнинг ёнида турманг. Онасига ўхшаб қоласиз. Ҳеч ким орангиздаги фарқни уч-тўрт ёш демайди... Сиз ўзингизни ташлаб юборгансиз... — деди қўшни қиз у билан ҳазиллашган бўлиб. — Энди парҳез қилинг, ўзингизга қаранг...
Мастура бу гапдан янада асабийлашди. Овсинига нисбатан юрагида адоват пайдо бўлди: “Ҳар тўкисда бир айб — миси чиқади ҳали. Кўрамиз!”
У ўйлагандек бўлмади. Қўл-оёғи чаққон, очиққина бўлган Мунира ҳамманинг кўнглидан жой олди. Энди одамлар “Икки овсин — икки олам”, деб куладиган бўлди. Шунча гапни ютиб юргани етмагандек, бугун эри ҳам мақтаб ўтирибди мана. 
—  Шунақа жойда ўзини кўрсатади-ку, у. Айтмасангиз ҳам борибдими? Ҳали бирга кирмаган боласи ҳам кўзига кўринмаган-да! Нима бўлса ҳам, одамларнинг кўзига яхши кўринса... — минғирлади Мастура.

—  Ойим юборибди! “Эртага қишга банка ёпаман десангиз, помидорингиз беминнат бўлади. Болангизга қараб тураман, ёрдамлашиб келинг”, дебди. “Кечки овқатга улгурай”, деб дам ҳам олмади, — яна мақташга давом этди Комил. — Бошқалар бир-бири билан ҳазиллашиб, дам олиб ишлади. Келин лекин орқа-олдига қарамади... Кўнглида кири йўқ. Ҳамма ишни чин дилдан  қилади. Шу феълини яхши кўраман!
Мастура эрининг “Яхши кўраман!” деган гапидан кейин баттар ёнгандек бўлди. Аламини ичига сиғдира олмади:
—  Ҳар борганингизда кўзини сузиб, қошини қоқиб гапирганидан кейин яхши кўрасиз-да! Укамнинг хотини ҳам демай мақтайсиз! Орангизда бир гап бордирки, оғзингиздан тушмайди, ўша!
Комилнинг аввалига қошлари чимирилиб, кўзлари қисилди. Сўнг Мастуранинг юзига бир шапалоқ тортганини ўзи ҳам билмай қолди.
—  Оғзингга қараб гапир! У укамнинг хотини! Келиним бўлади! Бир айтдинг, бошқа тилингга олма! Нақ, бошингни узиб ташлайман!
“Шу мегажинни ҳайдатмасамми?” кўзёшларини артаркан дилига тугди Мастура. 
* * *
Мунира қайнонаси айтган гапни эшитиб, қулоқларига ишонмади. Тушиммасмикан, дегандек кўзларини очиб юмди. Қайнонаси алам билан сўзлаётган бўлса-да, аллақандай сохталик ва иккиланиш юзларида зоҳир эди. Шунданми,  ўзига нисбатан айтилган даҳшатли туҳматни у қадар ваҳима билан қабул қилмади. Чунки у бунақа иш қилмаган, ўзи ҳам, виждони ҳам пок.
Унинг қилт этмай туриши қайнонасининг янада жаҳлини чиқарди:
— Шунақа без бўлиб кетганман, денг. Гапим тикан кирганчалик таъсир қилмади-я! Аслида бу гапдан кейин одам ўзини ўлдириш керак...
—   Ойи, ўйлаб гапиряпсизми? Қаердан олдингиз бу гапни. Сиз айтаётган одамни мен танимайман, ҳам... Ким ўзи у?
—  Ким бўларди? Арслон қассобда! Катта кўчада сочингни кафтига олиб силабди-ку! Ким билсин, кўздан панада нималар қилмайди, у! Кўзи ўйнаб, нечта аёл билан гап бўлган! — бақирди қайнонаси.
—  Қачон? — ҳайрат билан деди Мунира. 
—  Анув куни. Онангизникидан келаётганингизда. Менга яхши кўриниш учун онангизникидан бир челак олхўри кўтариб келдингиз. Аслида у Арслон қассоб билан гаплашишингиз учун баҳона бўлган! — Мастуранинг тусмолларини ҳақиқатга айлантириб гапирди қайнона. 
Шу пайтгача эшитганларига ишонолмай турган келин, энди жим тура олмади: 
—  Ойи, мен сиз айтаётган одамни танимайман. Қўлимда неварангиз борлиги учун челакни кўтаришиб келди. Уйнинг рўпарасига келганимизда, қўлидан челакни олаётгандим, сочим енгидаги тугмага илашиб қолди. Шуни кўргандир, янгам...
—  Ана! Худди шу гапни айтганди Мастура ҳам. “Сизни шунақа деб алдаши мумкин. Лекин қассоб бошқача гапирди. Сочини силади ҳам. Келин бўлса нозланиб кулди. Ер ёрилмади, кирмадим. Қўшнилар ҳам кўришди”, деди... Мана айтганини гапиряпсан, сен ҳам...
—  Ойи! Оғзингизга қараб гапиринг! Шунча бирга яшаб мени билмадингизми? Уялмайсизми, ўз келинингиз ҳақида шундай дегани! Мен шунақа бузуққа ўхшайманми? Ўйлаб кўрмадингизми?
Илгари Мунирадан сира бунақа аччиқ гап эшитмаган қайнона ғазаб отига минди. Уларнинг жанжали устида Муниранинг эри келиб қолди. 
—  Хотининг катта кўчада узун сочларини Арслон қассобга силатиб юрганмиш! Одамлар кўрибди. Ҳозир эшитиб келдим. Ер ёрилмади, ерга кирмадим. Ҳамманинг кўз ўнгида шунақа қилса, панада нима қилиб юрган бўлар! — бақирди қайнона.
Онасининг гапига ишонган ўғил хотинининг юзига нафрат ва ёввойи куч билан тарсаки тортди. Мунира гуё учиб кетди. Гурс этиб икки қадам нарига, ерга қулади. Юзини ушлаб, даҳшат акс этган кўзларини эрига тикди. Бироз вақт ўтгач, аввал силкинди, сўнг эзилиб йиғлай бошлади. Оҳиста ўрнидан турмоқчи эди, эри келиб, қорни аралаш тепди:
—  Келиб-келиб мени Арслон қассобга алмашдингми?..
Роса калтак еган Мунира, йиғи ва зарбдан қизариб кетган юзини силаркан, ўрнидан зўрға турди. 
—  Юринг! Янгамнинг ёнига борамиз. Юринг! — деди нафрат билан. — Исботлаб берсин! 
—  Нима гап? — шу пайт кўчанинг нариги томонида, икки уй нарида турувчи Комил шовқинни эшитиб югургилаб етиб келди. Ортида ҳаллослаганча келган Мастура ҳам бор.

Воқеа бунчалик бўлиб кетишини билмаган қайнона ялт этиб Мастурага қаради: — Мана, ўзи келди. Йўқ жойдан овсинини гапириб, мени гижгижлаган шу. Мастура, овсинингизнинг сочи тугмага илиниб қолган экан-ку! Бутун маҳаллага шарманда қилдингиз, бизни...
—  Нима? — овсинининг аҳволини, қайнонасининг ўзгарганини кўриб қўрқиб қолди Мастура. 
—  Нима бўлди? Нима қилдинг? — тутақиб кетди Комил. 
—  Тунов куни... Арслон қассоб... келиннинг қўлига челакни бераётиб... сочини силади...
—  Ўв, аҳмоқ! Нималар деяпсан? Менам кўрдим-ку! Сочи илиниб қолди. Кейин қассоб тугмадан сочни чиқарди-ю, кетди. Келин уйга кирди... Ўйлаб гапирсанг, ўласанми, товуқмия! — Мастуранинг бошига нуқиди Комил. — Қара, келиннинг аҳволини! Худодан қўрқмайсанми, туҳмат қилгани...
Мунира ортиқ чидолмади. Хўрлиги келиб, йиғлаганча уйга кирди-ю, боласини олиб чиқиб, кўча томонга кета бошлади. Шошқалоқликнинг ортидан қўли югуриклик қилиб айбдор бўлган эр бир оғиз “Тўхта!” дейишга уялди. Қайнонанинг ҳам боши хам. Ноҳақлик уларнинг барчасига тушов бўлди. Бир қадам бўлса-да, Мунира томон юра олишмади. Мунира эса орқа-олдига қарамай йиғлаганча кетарди...
КАМИНА

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!