Нима учун “иккичи”лар келажакда аълочилардан кўра омадлироқ бўлади?

14:27, 03 октябрь

Британиялик журналист Джон Халтивангер мактабда қўйиладиган баҳо боланинг интелектуал қобилияти кўрсаткичини белгиламаслиги ҳақидаги шов-шувли мақолани эълон қилди. Унда ёзилишича, икки баҳога ўқиган ўқувчилар аълочилардан кўра, ҳаётда кўпроқ муваффақиятларга эришар экан. “Аdme.ru” нашри муаллифнинг фикри билан сизни таништиришга қарор қилди

Тажрибадан маълум бўлдики, аъло баҳога тўла аттестат бахтли келажакни таъминламас экан. Ҳар доим ҳам икки баҳога ўқиган ўқувчи ишсиз, пулсиз қолмас экан. Бой ва омадли инсонлар орасида мактабда ёмон баҳоларга ўқиганлар анчагина ташкил этади. Уларнинг муваффақиятига бутун дунё тан берган.

Масалан, Стив Жобс, Марк Цукерберг, Билл Гейтс бирор коллежни тамомламаган. Самога илк сунъий йўлдошни учирган Сергей Королёв ҳам мактабда учга ўқиган. Владимир Маяковский ҳам ёмон ўқиганидан “Анна Каренина” асарини охиригача ўқимаган. Иосиф Бродскийнинг мактабда ёмон ўқигани адабиётдан Нобель мукофотини олишига халақит қилмаган. 

Ақл — мавҳум тушунча бўлгани боис, билим олишда эришилган муваффақият билан унга объектив баҳо бериб бўлмайди. Мактаб ҳар доим ҳам боланинг мустақил ҳаётга қадам қўйиши учун муҳим омиллардан бири бўлиб хизмат қилавермайди. Битирувчининг мактабдан ташқарида эришган муваффақияти орқалигина буни аниқлаш мумкин.

Муваффақиятга эришиш учун болада қизиқиш, қатъият, сабр-тоқат, энг асосийси муваффақиятсизликнинг қадрини англаш туйғулари бўлиши лозим. Шунинг учун мактабда ҳеч ким назар-писанд қилмаган иккичилар дунёни бошқаришади. Улар ёшлигидан омадсизликка учраб ўрганганларидан у билан курашиш йўлларини бошқалардан кўра яхшироқ билишади. Айнан “кетмони учган” тадбиркорларда ҳам шу хусусият мавжуд бўлади. Улар таваккал қилишдан, қонун-қоидаларига бўйсунмасликдан қўрқмай, бирор ўзига хос янгилик яратишга ҳаракат қилишади.

Ёмон баҳога ўқиганлар орасида ўз фикрига эга, ижодий шахслар кўплаб учрайди. Психологларнинг таъкидлашича, бундай болаларга ҳамма учун бирдек қўлланадиган мактаб тартиб-қоидалари ёқмайди. Мактабда ўқитувчилар болага ўз фикрини сингдиришга уринишади, уларнинг ўз нуқтаи-назарлари, фикрлари бўлишига кам эътибор беришади. Ўқитувчининг фикрини ўзига сингдирган бола бошқача бўлиши ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди. Иккичи болалар эса ўқитувчига қулоқ солса-да, ўз фикридан қайтмайди, натижада ғалаба қозонишади.

Бу дегани ҳар доим ҳам мактабда ёмон баҳоларга ўқиш муваффақият калити бўлиб хизмат қилади, дегани эмас. Кундаликдаги “беш” баҳолар ҳам келажакда ҳамма ишлар аъло бўлишидан дарак бермайди. Баҳолар қоғоздаги рақамлар, холос. Боланинг келажагини мактабдаги баҳолар эмас, хулқ-атвор, тажриба ва алоқалар белгилайди.

Агар мактаб ва олий таълим муассасассини кўнгилдагидек битира олмаган бўлсангиз, бундан хафа бўлманг. Ҳаёт турли парвоз ва қулашлардан иборатдир. Мактабда фойдали билимларга эга бўлган бўлсак, ҳақиқий, ҳаётий билимга мактабни тарк этганимиздан кейин эришамиз.

Ҳеч қачон билим олишдан тўхтаманг, ҳеч қачон омадсизликларга таслим бўлманг, асосийси билим олиш жараёнидан лаззатланишни унутманг.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!