Бир хил фикрлайдиган, бир хил оҳангда сўзлайдиган, ҳатто, бир-бирини танимаган пайтлари ҳам бир хил ният қилган жуфтлик

15:16, 03 октябрь

Сўз устасининг рафиқаси ҳам анчайин сўзамол экан. Суҳбат давомида журналистликка ҳам даъво қилиб, бизни шошириб қўйди. Ҳайрон бўлаяпсизми, унда суҳбатни диққат билан ўқинг. 

Бир хил фикрлайдиган, бир хил оҳангда сўзлайдиган, ҳатто, бир-бирини танимаган пайтлари ҳам бир хил ният қилган жуфтликни учратганмисиз? Лойиҳамизнинг галдаги қаҳрамонлари — Нилуфар ва Маъмур ХОЛМЕДОВлар ана шундай жуфтлик! Сўз устасининг рафиқаси ҳам анчайин сўзамол экан. Суҳбат давомида журналистликка ҳам даъво қилиб, бизни шошириб қўйди. Ҳайрон бўлаяпсизми, унда суҳбатни диққат билан ўқинг. 

— Маъмур ака, уйланиш «операция»си қизиқ бўлгандир? Келинни ким топган? 

Маъмур: — Ижод билан бўлиб, йигирма саккиз ёшимда уйландим. Нилуфарни мендан олдин онам ёқтириб қолган. Дўстимнинг синглисининг тўйида бошловчи бўлгандим. Никоҳ оқшоми тасвирга олинган дискни томоша қилган онам қизлар орасидан Нилуфарни кўз остиига олиб қўйибди. Кейин менга кўрсатиб, «Хўш, нима дейсан, маъқулми?» деди. «Ҳа, чиройли қиз экан», десам. «Уйланасанми, шунга?» дея совчиликка отланиб қолди. Эртаси куни онам билан бирга совчиликка борганмиз. 

— Тўй баҳона, тақдирингизни учратган экансиз-да?

Нилуфар: — Дугонамнинг тўйига икки соатга боргандим, холос. Ростини айтсам, ташриф буюрган санъаткорларга эътибор бермаганман. Маъмур акани ҳам пайқамаганман. Лекин совчилари келмасидан илгари қизиқ воқеа бўлган. «Мирзо» театрининг концерт дастури ёзилган дискни оилавий томоша қилаётгандик. Экранда Маъмур ака пайдо бўлишлари билан негадир икки юзим қизариб, ҳаяжонланиб кетсам, денг. Уялганимдан хонадан чиқиб кетганман. 

Маъмур: — Юрагинг жиз этганда, мени кўриб. Тақдир белги берган, ҳали замон совчилари ҳам келиб қолади, дея. 

—  Хўш, илк учрашув қандай бўлган?

Маъмур: — Бир-бирини кўришсин, деб мени уйга таклиф қилишганида Нилуфар чой ўрнига яхдек шарбат билан сийлаган. «Кун иссиқ, чой ичиб нима қиласиз», деганди.

Нилуфар: — Худди билгандек апельсин шарбати билан меҳмон қилганман. Маъмур ака бу мевани жуда ёқтиради. 

Маъмур: — Ўзи ҳам мени ёқтирганда, бўлмаса иссиқ кунда қайноққина чой берарди, маза қилиб ичинг-да, кетаверинг, деб (кулиб). Уйланмасимдан олдин бир марта совчиликка борилса, қизни бир кўришдаёқ ёқтириб қолсам, шу билан тўй бўлса, дея ният қилардим. Ҳақиқатан сўраганимга ярашаси бўлди. 

Нилуфарнинг самимийлиги, саволларимга очиқ-ойдин жавоб бериши мени ром этган. Уйга келгач, онамга «Агар сизга  маъқул келган бўлса, шу қизга уйланаман!» дегандим. 

Нилуфар: — Биринчи учрашувмизда мен атай «Турмушга чиқсам, ишламайман, уй бекаси бўламан», деганман. Кейин билсам, хўп Маъмур аканинг ҳам кўнглидаги шу гап бўлган экан. 

Маъмур: — Савол бермасимдан жавобини ўзи айтиб қўйган-да. Чунки уйлансам, аёлимни ишлатмайман, уйда, ота-онамнинг хизматини қилиб, фарзандларимизни тарбияси билан шуғулланади, дердим доим. Аммо ҳозир бир-бир «Бекор ишламайман деганман-да!» деб қолади. «Энди фойдаси йўқ, айтилган гап — отилган ўқ!» дея ҳазиллашаман.  

— Нилуфар, Маъмур аканинг санъаткор эканлиги ўйлантирмаганми?

Нилуфар: — Бироз ҳадик бўлган. Аммо кейин турмуш ўртоғимнинг ўзини тутиши, муомаласи, самимияти хавотирларимни ҳавога совурган. 

— Тўйдан олдин ваъдалар осмон-осмон бўлгандир-а?

Маъмур: — «Осмондаги ойни олиб бераман», дея ваъда бермаганман. Чунки ўша ойнинг ўзига харидор бўлгандим-да. 

Нилуфар: — Баъзи йигитларга ўхшаб, қоп-қоп ваъда бермаганлари учун ҳам бу кишига ҳурматим ортган. 

— Рафиқангизга «сиз» деб мурожаат қилаяпсиз. Бу шунчаки суҳбат учунмасми? 

Маъмур: — Ўша пайтларга қайтарганингиз учун сизлаяпман. Тўйимиздан бир неча ой ўтиб, «Энди сизга сенлаб мурожаат қилсам, нима дейсиз?» деганман. Таклифим маъқуллангач, «қалайсан» деб гап бошлаганман. Аслида «сен» ҳам, «сиз» ҳам бир оғиздан чиқади. Лекин бир нарсага сира ўргатолмадим-да. «Бегим» дейишини хоҳлагандим. Йўқ, уялади. 

Нилуфар: —  Ноқулай-да. Маъмур ака келинойисига «Аёлим мени «Бегим» дейди, мана кўрасиз», деб мақтанган.

Маъмур: — Акамнинг аёли Лола келинойимни биринчи рақамли келин дейишади. Яқинларимизнинг меҳрини, ҳурматини қозонган аёл. Нуқул «Келинойи, мана, кўрасиз, менинг хотиним сиздан ҳам ўтади», дердим. Акамга ҳам қизни онам топган. Бир марта совчиликка бориб, сўнг тўй бўлган. Турмушларига астойдил ҳавас қилгандим. Ўзимда ҳам худди шундай бўлди. 

— Оилангиз тарихида тасодифлар, кутилмаган ҳодисалар кўпми, дейман.

Маъмур: — Ҳа. Қайнонам ҳали совчи бўлиб бормасимиздан олдин «Рўзғор мактаби» кўрсатувидаги иштирокимни кўрган. Шунда «Ҳали уйланмаганман» қабилидаги ҳазилимга «Мана, менинг қизимга уйланинг, қанийди, сиздек куёвим бўлса», деган экан. Бир ҳафталардан кейин эса онам остоналарини супургани борган. 

Нилуфар: — Роса жахлим чиққан ўшанда. Онам бўлса, «Атрофида шу-у-у-унча қиз, сенга йўл бўлсин», деганди (кулади).

— Маъмур ака, аразлашиб қолсангиз, қизиқчилигингиз қўл келса керак-а?

Маъмур: — О-о-о, нимасини айтасиз?! Аразимиз кўпи билан 10 дақиқа давом этади. Характерим шунақа, хафагарчиликни тез унутаман. Аммо аёлларда ундай эмас, ўзларича гина сақлашадими-ей. Турмушимизнинг илк палларида кузатиларди араз-гиналар. «Сен ўзи кимга турмушга чиққансан? Санъаткор бўлсам, тағин асосий соҳам қизиқчилик бўлса, ҳазилларимни тўғри қабул қилишинг керак», дердим. Нилуфар бўлса, айтганларимни жиддий қабул қиларди. Ҳозир бу борада муаммо йўқ. Тушунади. 

— Баъзи санъаткорларнинг аёллари эрларини ижро этган ролларидан ҳам қизғанишади. Сиз-чи, қандай вазиятларда рашкингизни кўрсатиб қўйишни лозим топасиз?

Нилуфар:  — Нишонга тўғри урдингиз (турмуш ўртоғига қараб қўйиб). Роллари, партнёрларидан рашк қилмайман-у, лекин хизматларга кетаётганида суратга тушайлик дейдиган қизлар, рақамларини сўрайдиган «мухлисалар»и бўлишини ўйлаб, ракшдан ёнаман. Суҳбатимизни ўқаётган қизлар диққатига: рашким ёмон!

Маъмур: — Эрини бировга бериб қўядиган аҳмоқ йўқ, дегин.

Нилуфар: — Тўппа-тўғри (кулгу кўтарилди)! 

— Маъмур ака, хушчақчақ инсон. Кайфияти бўлмаса, сезиладими?

Нилуфар: — Одатда билдирмайди. Алоҳида хонага кириб кетиб, ўзларига келиб олади.

Маъмур: — Ҳаётда ҳамма нарса бўлиб туради. Тушкунликка тушиб қоладиган вазиятлар ҳам бор. Лекин муаммони ўзингизда сақлашингиз нотўғри. Ўтказиб юбориши керак. 

— Иккингизни кузатиб туриб, бир савол келди хаёлимга: бир-бирингиз учун ўзгаришингиз мумкинми?

Нилуфар: — Мумкин!

Маъмур: — Яъни сен мен учун қандай ўзгаришлар қилишга тайёрсан?

Нилуфар: — Аввал сиздан бўлсин. Шунга қараб, мен ҳам қуруқ қўймайман. (кулади). Ростини айтганда, ҳечам ўйлаб кўрмаган эканман. Шу саволни салгина бошқача талқин қилсак-чи? Масалан, сиз мени қай тариқа ўзгаришимни истардингиз? Уйда сўролмайман, пайтдан фойдаланиб қолай. 

Маъмур: — Биласизларми, азизлар, бугун ўзим учун янгилик кашф қилдим. Аёлимдан зўр журналист чиқаркан. Кўрмайсизми, саволингизни дарров ўзига тўғрилаб олди. 

Нилуфар: — Жавоб беришдан қочманг.

Маъмур: — Билмасам, қанақа ўзгартириш қилсам экан-а?

Нилуфар: — Ишқилиб ўзимни янгисига ўзгартириб юбормасангиз бўлгани.

Маъмур: — Агар вақт олти йил ортга қайтиб қолганида, яна ўша кун, ўша лаҳзаларни қайтадан ҳис этиш насиб қилганидами... Яна сени танлардим. Сендан кўнглим тўқ. Қандай бўлсанг, шундайлигингча қол. Мақтанаяпти деманг-у, аёлим жуда пазанда, саришта. Кўзимга қарабоқ нима ҳохлаётганимни тушунади. Ўзим ҳам қойил қоламан. 

— Бундан уч йил аввал суҳбатлашганимизда янги меҳмон кутаётгандингизлар. Вақтнинг ўтишини қаранг. 

Маъмур: — Ҳа! Шу йил тўнғичимиз Мадина 5 ёш, Робияхон 3 ёшга тўлади. 

— Болалар тарбиясида ким кўпроқ қаттиққўллик қилади?

Маъмур: — Онаси. Мен қаттиқ гапиролмайман. Қизларимни эркалайман, бирга ўйнаймиз! Танбеҳ беришни аёлим боплайди. 

Нилуфар: — Дадаси қизларнинг «танка»си. Айбини яшириб, кечириб кетади. Болалар ҳам буни билишади-да. 

— Мадинахон боғчага боради-а? Маъмур ака, ота-оналар мажлисига бориб турасизми, ҳеч?

Маъмур: — Ростини айтаман, сира бормаганман. Бу вазифа ҳам Нилуфарнинг елкасида. Вақтим бўлса, боғчага олиб-бориб келаман. 

— Қизларнинг ҳам санъатга қизиқиши борми?

Нилуфар: — Кечки овқатдан кейин оилавий шоу ташкиллаштирадиган одатимиз бор. Мадина қўлини микрофон қилиб, ашула айтади. Овози жуда жарангдор. Кичигимиз ўйинга тушади. 

— Нима деб ўйлайсиз, сизнингча муҳаббатнинг умри қанча давом этиши мумкин? 

Маъмур ва Нилуфар: — Бир умр! Илоҳим, бахтимиз бардавом бўлсин! 

— Ниятингиз ҳам ижобат бўлсин! Оилангизга жуда ҳавасим келди. Бахтингизга кўз тегмасин!

ТАСАВВУР ҚИЛИНГ...
— Тун. Ухлаяпсиз. Бирдан эртага байрам эканлиги ёдингизга тушди. Табиийки, совға олмагансиз. Нима қиласиз?

— Қайси байрамлигига қараб йўл тутаман. Энг чиройли совға ширин сўз! Муҳаббат изҳори! 

— Аёлингиз сизга камроқ эътибор бераётганини сезсангиз... Қандай хаёлга борасиз?

— Бундай ҳолат бўлган. Вазиятни тушунишга ҳаракат қиламан. Чунки менга эътибори камайган вақт ота-онам, фарзандларим билан банд бўлади.  

— Кечқурун аёлингизнинг қўл телефонига «SMS» келcа...

— Фақат тасаввур қиламиз-а?! Тутақиб кетишим мумкин, «Нега?» «Кимдан?» деб. Бироқ ўзимни назорат қилоламан, суриштираман. 

БЛИЦ САВОЛЛАР:

— Маъмур акани болалигида нима деб эркалатишган?

Нилуфар: — Билмас эканман.

Маъмур: —  Чақалоқлигимда  «қорашақшақ» деб эркалашган экан. Сочим-қошим қоп-қора бўлгани учун. Ҳамма болалар йиғласа, мен нуқул куларканман. 

— Мактабда икки баҳо олганми?

Нилуфар: — Ҳа!

Маъмур: — Кундалигим турли баҳолар билан безалган. 

— Волидаси учун аталган илк совғаси?

Маъмур: — Нилуфар бу ҳақида билмайди. Онамнинг туғилган кунида Майкл Жексон рақсини ўзим мустақил ўрганиб, ижро этганман. Ўшанда 6-синфда ўқирдим. 

— Сиз билан маслаҳатлашмоқчи бўлса, ўзини қандай тутади?

Нилуфар: — Сўз оҳанги ўзгаради. 

— Ёлғон гапирса-чи?

Нилуфар: — Алдашни эплолмайди, дарров сезаман.

Маъмур: — Бошқаларни бемалол алдашим мумкин. Нилуфарга «тишим» ўтмайди. 

Дилдора ЮСУФБЕКОВА тайёрлади

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!