«Эрим асал ойимизни заҳарга айлантирди...»

09:21, 04 октябрь

— Ўзим ҳамшираман, эрим университет талабаси. Севиб-севилиб турмушга чиқдим. Турмуш ўртоғим билан 4 йил давомида бир-биримизни синаганмиз. Оила қуришимиздан аввал эримнинг ота-онаси томонида қаршиликлар бўлган, шунга қарамай муҳаббатимиз баридан устун келди. Бироқ турмуш дегани кемтиксиз бўлмас экан шекилли, ҳали чиллам чиқмасиданоқ эримнинг бошқа қизлар билан ёзишмаларини ўқиб, хиёнат қилишига амин бўлдим. Ёзишмаларнинг мазмунини гапирмайман, бироқ бошқа қизлар билан юришига ишончим комил. Ўша хабарларни ўзига кўрсатганимда, катта жанжал кўтариб, мени дўппослай кетди. Айбсиз айбдор бўлиб, емаган сомсамга пул тўлаб қолавердим. Қайнота-қайнонам бу гаплардан хабар топгач, хўжайнимни қаттиқ койишган шекилли, бироз ўзини босиб олди. Бироқ ичимда нимадир узилгандек бўлди. Севган инсонимдан кўнглим қолдими, ҳафсалам пир бўлдими, билмайман... Худди ўзимни алдаб, овутиб юргандекман. Эрим эса асабий бўлиб қолган, тез-тез қўл кўтаради. Энди унга қандай муносабатда бўлишни билмаяпман. Нима қилсам, ҳаётим ўнгланаркан?

Дилноза, 21 ёш, Андижон вилояти 

Қайнонажон: — Ҳа, хиёнатнинг кўчалари чиркин, ифлос. Яқин инсонингиз шу кўчага адашиб кириб қолган экан, сиз ақл билан иш тутинг. «Энди нима қилсак экан, муносабатларни қайта тикласа бўладими?» деган савол сизни ҳам, дардингизга шерик дардкаш сифатида бизни ҳам қизиқтиради. Тўкис фаровон оилада яшайсизлар, шунинг ўзи ҳам бахт. Бироқ кўнгил совуди дебсиз, бу хато. Тўғри кўнгил қўлда эмас, истаганингга кўнмайди. Аммо уни ақл бошқара билса, ана шунда бахтга эришиш мумкин. Жон қизим, оғиздаги ошни олдириш осон, бироқ бунга йўл қўймасликнинг чоралари кўп. Бари ўзингизга боғлиқ. Кўнгил совуди деб, кўл силтасангиз, бахтдан қуруқ қолиб кетаверасиз. Ҳаёт эса курашлардан иборат. Биз — аёл зоти ақл, тафаккур билан иш тутишимиз лозим. Ахир муқаддас никоҳ ришталари бирлаштирган жуфти ҳалолингиз нега энди вақтинчалик ҳою хавас қурбонига айланиши керак? Нега кўнглингизнинг султонини осонгина бировларга бериб қўяверишингиз керак? Йўқ! Сиз ожиза эмас, кучли инсонсиз, чунки аёлсиз! Кучингиз ақлингиз, тилингиз ва дилингизда. Шу қуролларни яхшиликка ишлата олсангиз, ғалаба сиз томонда бўлиши муқаррар. Оилавий бахт тилаб қоламиз, кўнглингиз яшаш ишқи билан ёнсин, жон қизим. 

Шаҳноза ҳалилова, руҳшунос: — Ҳар бир эркак ва аёлнинг фақат ўзигагина тегишли бўлган шахсий ҳудуди бўлади. Сиз ўзингиз истамаган ҳолда эрингизнинг мана шу шахсий худудига дахл қилгансиз. Натижада унинг ишончини йўқотдингиз. Сизга нисбатан ишончи сўниб улгурди. Энди у сизни дўст эмас, душман сифатида қабул қилишни бошлади. Унинг бу ҳатти-ҳаракатлари ўсмирларга хос. Демак, ишни унинг ишончини тиклашдан бошлашингиз лозим. Бунинг учун узоқ вақт ва кучли истак керак бўлади. Аввал турмуш ўртоғингиз кузатиб, хиёнат ботқоғига қанчалик чуқур ботганлигини аниқлаб олинг. Сўнг шунга қараб, кейинги қадамни ташлайсиз. Нима бўлганда ҳам, иккингизнинг муносабатларингизга учинчи томонни аралаштирманг. Сабр ва ақл билан иш кўринг. Бироқ ёдингизда бўлсин, эрингизга барча истакларини ғиқ этмай бажараверадиган қўғирчоқ эмас, ақилли аёл керак. Сабр қилиш урса ҳам чидаш дегани эмас, аксинча уни қўл кўтаришгача олиб бормаслик, аслида. Ўз «мен»ингизни унутмаган ҳолда ҳаракат қилинг. 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!