Марказий сайлов комиссиясининг онлайн мажлиси бўлиб ўтди

09:29, 04 октябрь

Шу йилнинг 3 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтди. Видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг аъзолари, сиёсий партиялар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. 

Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов бошқарган мажлисда мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи сайлов участкаларини тузиш ҳамда сайловга тайёргарлик кўришга доир бошқа масалалар кўриб чиқилди. 

“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонуннинг 11-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида сайлов участкалари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг тақдимномасига биноан Марказий сайлов комиссияси томонидан тузилади. 

Шу муносабат билан Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида сайлов участкаларини тузиш тўғрисидаги тақдимномасини кўриб чиқиб, мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 44 сайлов участкасини тузиш ҳамда уларни 14-Тошкент шаҳар сайлов округига бириктириш тўғрисида қарор қабул қилди. 

Мажлисда сиёсий партиялар томонидан тақдим этиладиган имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текшириш бўйича Марказий сайлов комиссияси ҳузурида ишчи гуруҳлари тузиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Ишчи гуруҳларининг асосий вазифаси “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонуннинг 24²-моддасига асосан белгиланган муддатда имзо варақалари қонун талабларига мувофиқлиги ҳақида хулосалар беришдан иборатдир. 

Тадбирда 2-Андижон ва 12-Хоразм округ сайлов комиссиялари раисларининг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарликнинг бориши ҳақидаги ахборотлари ҳам эшитилди. 

Комиссия аъзолари Марказий сайлов комиссиясига мурожаат қилган оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш масаласини ҳам кўриб чиқди. Таъкидланганидек, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш, жамоатчиликни сайлов кампаниясининг барча босқичлари хусусида ўз вақтида хабардор қилишда оммавий ахборот воситалари муҳим ўрин тутади. Шу вақтга қадар мамлакатимиз ва хорижий босма ҳамда электрон оммавий ахборот воситаларида сайлов кампанияси билан боғлиқ икки мингдан зиёд материал эълон қилинди. 

Мажлисда Марказий сайлов комиссияси ваколатига тааллуқли бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.Кўрилган масалалар юзасидан Марказий сайлов комиссиясининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!