Уй шароитида аллергияга қарши курашамиз!

09:31, 04 октябрь

Бугунги тавсияларни тиббиёт фанлари номзоди Карима ИНОМОВА беради.

Қичитқи ўт қичитмайди

Аллергик ҳолатларда қичитқи ўт (крапива) тиндирмаси фойда беради. Бир ош қошиқ янги қичитқи ўт (ёки қуруғининг) гулини бир стакан қайноқ сувга солинг. Қалин матога ўранг, ярим соатча турсин. Кейин докада сузиб, кунига 4-5 маҳал ярим стакандан ёки 3 маҳал бир стакандан илиқ ҳолида ичасиз. Дамлама ҳар гал янгидан тайёрланади. Бу шифобахш бўлиб, бадандаги қичишишларни йўқотади, аллергенлардан сизни ҳимоялайди.

Унутмангки, аллергияга мойиллигингиз бўлса, аллерген маҳсулотлар (масалан балиқ, икра, қисқичбақа, цитрус мевалар, қизил рангдаги резаворлар, асал, шоколад, қаҳва сингарилар)ни истеъмол қилмай турганингиз маъқул. Шунингдек, ари, асалари ва қовоғари чақишидан ўзингизни эҳтиётланг. Қанотли ҳашаротларни жалб қиладиган ўткир ҳидли атирлар сепманг. Ҳар бир дорини қўллашдан аввал аллерголог-шифокор билан маслаҳатлашинг.

Ёнғоқ эшакемга қарши

Гоҳида овқат (масалан, ел ҳосил қилувчи мош ва дуккаклилар, шунингдек, синтетик ҳолда тайёрланган, ўта ёғли, аччиқ ва шўр егуликлар) ёқмаганда баданга эшакем тошади. Қадимги табиблар хасталикни ёнғоқ мойи ёрдамида даволашган. Эшакем тошиб, қичишган жойларга бир неча кун шу мойдан суртиб, устидан ипак мато билан боғлаб қўйилади.

Ёнғоқ мойини уй шароитида тайёрлаш мумкин. Бунинг учун ёнғоқ мағзини яхшилаб қиздириб, ҳовонча ёки гўштқиймалагичда майдаланг. Сунъий толадан тайёрланган мато (капрон) ичини майдаланган ёнғоқ билан тўлдиринг (чунки у ёғни шимиб олмайди. Шунинг учун бу турдаги эски пайпоқларингиздан фойдалансангиз бўлади) ва оғзини маҳкам беркитинг. Кейин уни эҳтиёткорлик билан буранг. Остига бирорта идиш қўйишни унутманг. Ниҳоят, ундан сарғиш-яшил рангли ёғ оқиб туша бошлайди. Қопчани тўлиқ бўшатиб, ёғдан бемалол фойдаланишингиз мумкин. Айтганча, бу ёғ қўл, юз ва бўйин териларини юмшатиш, куйган жойларни даволаш, сурункали яраларни тузатиш хусусиятига ҳам эга.

Сельдерейли муолажа

Сельдерей (карафс)нинг дориворлик хусусияти эрамиздан олдинги асрларда ҳам кўпчиликка маълум бўлган. Табиблар қадимдан то бугунга қадар теридаги яраларни тез битиришда, танага қувват беришда, нафас қисиши (астма)да ва кўкракдаги оғриқларни қолдириб, аллергия туфайли баданга тошма тошишида сельдерейдан фойдаланишган.

Аллергик ҳолатларни йўқотишда бир ош қошиқ майдаланган сельдерей илдизи бир стакан совуқ сувга солинади. Икки соатча туриши керак. Кунига бир маҳал овқатланишдан олдин 1/3 стакан ичилади.

Шунингдек, сельдерей шарбатини сиқиб чиқариб, ҳар куни уч маротаба овқатланишдан аввал икки чой қошиқдан ичиб турилса ҳам аллергияга даво бўлади.

Шарбатлар ёрдамида…

Теридаги аллергик тошма (дерматит)ни даволаш учун уй шароитида қуйидаги усулдан фойдаланиш мумкин:

200 граммдан сабзи, лавлаги ҳамда турпнинг янги сиқилган шарбатидан бир стакан оласиз. Сўнг бир стакан тоза асал ҳамда бир литр тиббиёт спирти (сув қўшиб, 40 фоизга келтирилгани) аралаштирилади. Шиша идишга солиб, қопқоғини маҳкамланг-да, қоронғу ва салқин жойда сақланг. Эртасидан бошлаб бу тиндирмадан бир кунда уч маҳал овқатланишдан ярим соат олдин 20-30 граммдан қабул қилинади. Илк кунларда бир ош қошиқдан, бирор ҳафта ўтгач, икки ош қошиқдан ичилади. Икки-уч ҳафталар ўтгач, тиндирмадан кунига 20 грамм қабул қилиш мумкин.

Алоҳида эслатмалар!

  • Унутмангки, аллергияга мойиллигингиз бўлса аллерген маҳсулотлар (масалан балиқ, икра, қисқичбақа, цитрус мевалар, қизил рангдаги резаворлар, асал, шоколад, қаҳва сингарилар)ни истеъмол қилмай турганингиз маъқул.
  • Ари, асалари ва қовоқари чақишидан ўзингизни эҳтиётланг. Қанотли ҳашаротларни жалб қиладиган ўткир ҳидли атирлар сепманг.
  • Аллергия туфайли пайдо бўлган теридаги тошмаларни даволашда сервитамин овқатланиш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Масалан, ҳўл мева ва сабзавотлар, ошкўклар, анжир истеъмол қилиб туриш зарур.

P/S: рецептларни қўллашдан олдин албатта мутахассис билан маслаҳатлашинг. Унутманг, ҳар бир организм ўзига хос!

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!