Асабийликни енгишнинг 19 усули

09:42, 04 октябрь

Ҳисоботни тайёрлашга улгурмаяпсиз, йиғилишда маъруза ўқишингиз керак, тўнғич ўғлингизнинг хулқи учун мактабга чақиришган, кичигининг тоби йўқ. Уй-рўзғор, пишир-куйдир... Эҳ-ҳе, шунча ташвиш турганда асабийлашмай бўладими, дерсиз? Қаловини топсанг, қор ҳам ёғади, деганларидай, асабийликни ҳам енгиш мумкин. Мана, бунинг синалган усуллари...

Тинчланинг!

Асабийлашганда ақл ва ҳиссиёт биргаликда жунбушга келиб, қай бирини маъқуллашни билмай қоласиз. Шу боис ҳам дастлаб тинчланишни ўрганинг. Уйга келгач, қулайроқ курсига жойлашинг-да, қўл ва оёқларингизни эркин ҳаракатга келтиринг. Бу кўринишингиз четдан қараганда бироз ғалатироқ туюлса ҳам ўзингиз учун қулай бўлсин. Кўзларингизни юминг-да, танангиз ва руҳингизни бўшаштиринг. Бу машқни ҳар куни ёки кун ора 15 дақиқадан бажариш мумкин.

Танангизни чиниқтиринг!

Эътибор берган бўлсангиз, асабийлашганда албатта бирор жойингиз оғриб қолади. Ҳеч бўлмаганда бош оғриғи юзага келади. Ана шундай вазиятларда тананинг жисмоний қуввати мустаҳкам бўлса, асаб толалари ҳам таранглашмайди. Бунинг учун эса бир кунда 3 мартагача 10 дақиқалик бадантарбия машқларини бажаришни, ҳеч бўлмаганда ўрнингиздан туриб, қўл-оёқлар чигилини ёзиб туришни канда қилманг.

Ажинларга йўл берманг!

Стресс ҳолатига тушганингизда кўзгудаги аксингизга ҳеч аҳамият берганмисиз? Гап шундаки, асабийлашиш қонда адреналин миқдорини ошириб, юрак уришини тезлаштиради. Натижада эса тана мушаклари зўриқиб ишлашга мажбур бўлади. Асабийлашган инсонга бир қаранг: пешанасида узун-узун ажинлар, кўзлари қисилган, тишлари бир-бирига қаттиқ тегиб турган… Ёдингизда бўлсин, қандай вазиятда асабийлашманг, юзни тириштирмаслик керак. Яхшиси, асабингиз белги беришни бошласа, чуқур-чуқур нафас олинг.

Пуфак машқи

Одатда асабланишни бошласак, ўз-ўзидан нафас олишимиз тезлашиб, кўкрак қафаси одатдагидан баландроқ кўтарилаётгандек туюлади. Аслида ҳам шундай. Бироқ бу организм учун зарарли ҳолат. Нафас олишингиз тезлашаяптими, секинлатишга ҳаракат қилинг. Чуқур нафас олинг-да, барча ташвишларингиз солинган пуфакни шишираётгандек тасаввур қилиб, ўпкадаги ҳавони кўкрагингиздан итариб чиқаринг. Пуффакнинг ранги ва ўлчамини хаёлан тасаввур қилинг. Яна бир марта чуқур нафас олинг ва қайтиб чиқаришда шиширилган пуфакни осмонга учириб юбораётгандек пуфланг.

Тингланг!

Ҳиссиётларингизни бошқаролмай қолаётганингизни сезсангиз, қаерда бўлишингиздан қатъи назар, жойингизда тўхтанг. Кўзларингизни юминг-да, юрагингизнинг уришига қулоқ тутинг ва аста хаёлларингизни тартибга келтиринг. Бу усул ёрдам бермаса, ўзингизга маъқул келган куй-қўшиқ ёки таронани баландлатиб, тинчлангунингизча тинглашда давом этинг.

Ёқимли хотиралар

Хавотир ва ҳадикдан қутула олмасангиз, оилавий фотосуратлар жамланган альбомни варақланг. Суратлар орасидан ўзингиз учун энг қадрли ва ёрқин хотираларга бойини танлаб, хаёлан суратдаги манзарани жонлантиринг ва бевосита ўша воқеаларга қайтгандек тасаввур қилинг. Ёки болаликка қайтиб, онангизнинг тиззасида бош қўйганингиз, бувингиз сочларингизни оҳиста силаганини эсланг. 5-10 дақиқалик бундай сеанслар ҳаётингизда яхши ва ёруғ кунлар жуда кўплигини ёдингизга солади.

Сувли муолажалар

Ваннага сув тўлдириб, 2-3 томчи эфир мойидан қўшинг. Бундай сувли муолажа тана мушакларини бўшаштириб, тинчланишингизга ёрдам беради. Агар ванна қабул қилишни истамасангиз, қуйидаги усулни синаб кўринг. Илиқ сувда сочларингизни намланг. Сўнг шампунь суртиб, соч илдизини енгил уқаланг. Чайиш вақтида эса «Барча ташвишларим сув билан чиқиб кетсин» дея 3-4 маротаба овоз чиқариб такрорланг.

Ўзингиз учун машғулот топинг!

Бўлар-бўлмасга асабийлашавермай, ўзингиз учун қизиқарлироқ машғулот топинг. Тикиш, тўқиш ёки рақс тушиш ҳам фойдадан холи бўлмайди. Муҳими, диққатингизни муаммолардан холи бўлган нарсага қаратинг. Бунда жавондаги кийимларни қайтадан тахлаш ёки дазмол қилиш ҳам фойда беради.

Оғриқни маҳв этинг!

Қаншар (икки қошнинг ўртаси) соҳасини бармоқ учлари билан босинг. Қаерда оғриқ сезилса, ўша нуқтани 10 дақиқа енгил уқаланг. Сўнг икки чаккани бармоқ учлари билан уқалаб, пешана қисмини енгил шапатиланг. Бу муолажалар учун бор-йўғи 10-15 дақиқа вақт сарфлайсиз холос. Натижада асабийлашишнинг олдини олишингиз мумкин.

Йиғламоқчимисиз?

Ҳиссиётларингиз бошқаролмайдиган даражага етдими? Ҳеч ким бўлмаган хонага киринг-да, баланд овозда бақиринг, тўйгунингизча йиғланг. Истасангиз, ёстиқларни отинг, қоғозни майда-майда бўлакларга бўлиб ташланг. Муҳими, бу жараёнларда ичингиздаги бор аламларингиз ташқарига чиқиб кетсин. Ана шундан сўнг асабийлашишингиз учун сабаб бўлган ҳолатни эсласангиз, у сизга у қадар ташвишли бўлиб кўринмайди.

Аламларингизни «куйдиринг!»

Сизни ташвишга солаётган муаммоларни истаган кўринишингизда қоғозга туширинг. Сўнг ёқилган шамга тутинг-да, секин-аста ёндиринг. Ёниб, кулга айланаётган ҳар бир қисмини худди ташвишларингиз йўқ бўлаётгандек тасаввур қилинг.

Ўзингиз билан суҳбатлашинг!

Ҳис-туйғуларингизни овоз чиқариб талаффуз қилинг. «Ҳамманинг қаршисида йиғлашдан уяламан» «Ахир бунинг нимаси ёмон, ҳамма ҳам мендек аҳволга тушиши мумкин-ку!» Овоз чиқариб ўзингиз билан суҳбатлашганингизда ҳам муаммонгизни сўзлайсиз, ҳам ўзингиз сезмаган ҳолда унинг ечимини топишингиз мумкин.

Ҳаракатда бўлинг!

Югуриш, тез юриш ёки шунчаки сайр қилиш диққатингизни ҳаракат ҳолатига йўналтириб, бироз бўлса-да, ташвишларни унутишга ёрдам беради. Асабийлашганингизда кўчага чиқинг-да, шунчаки ярим-бир соатлар давомида ҳеч ким билан суҳбатлашмай сайр қилинг. Тоза ҳавода ёлғиз сайр қилиш фикрларни тўплашга ёрдам беради.

Янгилик киритинг!

Уй жиҳозларининг ўрнини алмаштиринг. Жавон ва стол-стулларни чанг-ғуборидан тозаланг. Дераза ойналарини очиб, хонага тоза ҳаво ва ёруғлик киритинг. Жавондаги яроқсиз кўринишга келган кийим-кечакларингизни бўшатиб, ўрнига янги ёрқин ранглардан қўшинг. Мана кўрасиз, бу ҳам кайфиятни кўтаради, ҳам асабни тинчлантиради.

Табассум қилинг!

«Кулишга ҳолим йўқ» дейсизми? Унда ўзингиз ёқтирган комедик фильмни томоша қилинг ёки ҳажвиялар ёзилган аудиокассета тингланг. Кўз ёш билан ҳам муаммонинг ечимини топиш мумкин. Бироқ табассум ёрдамида ҳал бўлгани ўзингизга бўлган ишончнинг қанчалик мустаҳкамлигини билдиради.

Пазандалигингизни ишга солинг!

Муаммолар билан ўралашиб, анчадан бери бирор мазали егулик тайёрламадингизми? Ошхонага киринг-у, ўзингиз севиб истеъмол қиладиган бирор таом ёки егуликни ихлос билан тайёрланг. Ўзингизни худди дунёдаги энг моҳир ошпаздек ҳис этинг. Диққатингиз фақат таом тайёрлаш билан банд бўлсин. Мана кўрасиз, у шунақанги мазали бўладики, яқинларингизнинг мақтовларидан асабийлашганларингиз ҳам унутилиб кетади.

Имиджингизни ўзгартиринг!

Баъзан бир хил кўринишда юриш ҳам инсонни бир хил қолипга солиб қўяди. Шу сабаб вақти-вақти билан янгиланиб туришдан чўчимаслик керак. Соч турмаги, пардоз услуби, ҳатто лабга бўёқ суртишда ҳам янгилик қилиш мумкин. Биргина ўзгариш ҳам кайфиятингизга ижобий таъсир этиб, муаммоларга бошқача нигоҳ билан қарашга ундайди.

Қўлингизга қоғоз-қалам олиб...

Сизни ташвишга солаётган ва асабийлашишингиз учун сабаб бўлаётган ҳолатни бир сўз билан ифодалаб, қоғозга туширинг. Сўнг шу сўзга ечим бўлиши мумкин бўлган бошқа сўзларни кетма-кет ёзиб чиқинг. Қарабсизки, ўзингиз сезмаган ҳолда муаммонинг илдизи қаерда эканлигини ва қай йўл билан уни ҳал этиш мумкинлигини тушунасиз. Тўғри, бир мартада натижаси қувонтирмаслиги мумкин. Аммо асабийлашишни истамасангиз, бу машқни бир неча бор такрорлашдан эринманг.

Яқинларингиздан кўмак сўранг!

Оғир вазиятдамисиз? Яқинларингизга аҳволингизни тушунтириш ва улардан руҳан кўмак олишдан тортинманг. Зеро, одам тафтини одам олади, дея бежиз айтишмайди. Онангизнинг елкасига бош қўйиб йиғлаш, опангиз ёки синглингизнинг қаршисида ўзингизни тушкун, ночор аҳволда кўрсатиш сизнинг ожизлигингиз эмас. Аксинча, яқинларингиз, суянганларингиз борлиги учун ҳам ҳиссиётларингизга эрк беришингиз мумкин бўлган ҳолатдир.

Ҳаёт оқимида турли вазиятларга тушиб қолиб, баъзида ўзимизни идора қилолмаслигимиз рост. Аммо истасак, барча муаммоларнинг ечимини топа оламиз. Муҳими, ўзимизга бўлган ишонч ва қатъият сўнмаса бўлгани. Асабимиз ҳам тинч, ўзимиз ҳам хотиржаммиз.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!