Ғаройибот: Қабрдаги чумолилар

10:43, 04 октябрь

Бу воқеага анча бўлган. Шахсан ўзим гувоҳ ҳам бўлмаганман. Тоғам айтиб берган. Лекин сира ёдимдан чиқмайди ва ҳар эсимга тушганида этим жунжикиб кетади...

— Ер бориб айтмасин, асли бу аёл яхши эмасди. Шаҳарда ишлар, ҳар куни ясан-тусан қилиб қишлоқдан чиқиб кетарди. Эри Донақул ака эса содда, камтар ва ҳалол одам эди. Трактор ҳайдар, шунинг ортидан топарман-тутарман эди. Қишлоқ бўйича иккитагина одамда трактор бўлгани, яна энг сози ва ҳам ерҳайдайдиган, ҳам ариқ очадиган ускуналари бўлгани боис, бу аканинг ошиғи олчи. Деярли ҳар куни эшиги олдида кимдир илтимос билан турарди. 

— Донақул, шу келинни шаҳарда ишлатиб нима қиласан? Ўзимизда ҳам мактаб бор-ку! Йўлкира ёнига қолади... — деганди бир сафар еримизни ҳайдагани келган тракторчига отам.

Донақул ака ҳам бу гапни кўпчиликдан эшитавериб қулоғи қотиб кетган шекилли, бепарво деганди:

— Аввалдан ишлаб келган жойида, ака. Ўқишни битирганда шу мактабда ишлашни бошлаган экан. Шундан буён ишлайди. “Узоқ йиллик ҳамкасбларим” дейди. Ўзи билади. Ишлайверсин-да. Вақтида борса, вақтида келса... Ош-овқатим тайёр, кийим-кечагим ювилган...

Ростдан ҳам аканинг аёли рўзғорга уста эди. Лекин орқаворотдан эшитган гапларимиз...

Бу миш-миш эмас, ҳақлигига қишлоғимиздагиларнинг кўпи гувоҳ бўлган. Аёл ўша ишлайдиган мактабидаги бошқа бир эркак билан “ош-қатиқ”лигини билишарди. Янаям аниғи, у эркак қишлоқдаги бир одамнинг курсдоши экан. Тағин у одам бемалол “Бу иккинчи хотиним”, деб гапираркан. Шунда қишлоқдошимиз курсдошига бу аёлнинг бошида эри, болалари борлигини айтган. “Нима қилай, ўзи осилади. Шунча йўл босиб келади, мен учун”, деганмиш.

Бундан ташқари, яна бир қишлоқдош аёл бир тўйда уларнинг жамоаси билан бирга ўтирган ва улар Донақул аканинг хотини ва ўша эркакка эр-хотиндек қарашгани учун аччиқланган экан.

— Ўйлаб гапиринглар. Бу аёл менинг қишлоқдошим. Оилали. Яхши номини ёмонга чиқарманглар, — деган экан, ҳалиги мактаб жамоасининг эса кулиб “Қишлоқда бир ёр, шаҳарда бир ёр”, деб кулишганмиш. 

…Хуллас, вақт ўтиб Донақул аканинг хотини вафот этди. Кутилмаганда, қандайдир зиёфатдан келган ва “Ёқмаган овқат едим шекилли”, дея қайт қилган. Уч кун оғриб ётган-у, омонатини топширган. 

Бу хабар ҳаммани довдиратди. Ҳамма Донақул ака ва фарзандларига ачинди. Шўрлик ака аёлини жуда яхши кўраркан. Балки шунинг учун ҳам кўнглига қарагандир? Чунки кафанлаш олдидан ва қабрга қўяётганда додлаб юборди. Мулланинг танбеҳидан кейин жимиди. Афсуски, майитни қабр оғзидан қайтариб олиб чиқишди. Ажабландик. Одамлар орасида шивир-шивир бошланди:

— Қабрни қараб қўрқиб кетдим.

— Қабрга қаранглар...

— Тавба-тавба...

Мен ҳам қизиқишим устун келиб қарадим. Ишонсангиз, қабрнинг ичи қоп-қора бўлиб кўринди. Жимир-жимир қилади. Аввалига тушунмадим. Яхшилаб қарасам, қабр ичи ғуж-ғуж майда чумоли...

Бироз кутдик, чумолилар кетмади. Охири шу ҳолда мурдани қўйишди. Бир аҳволда уйга келсам, хотиним ҳам ваҳима билан деди:

— Кафанлаш олдидан ўлик анча ушланиб қолди-ку! Айтишларича, чумоли босиб қолган экан...

— Жим бўл! — дедим аёлимга қабр кўз олдимга келиб...

Бу воқеа мени ҳам даҳшатга солди.

КАМИНА ёзиб олди

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!