Артроз – ёш танламайдиган касаллик!

10:45, 04 октябрь

«Бир неча ой давомида тизза бўғинлари оғриқ берди. Безовталиклар ортиб боргач, текширувдан ўтдим. Шифокорлар бу тизза бўғин артрози дейишди. Эндигина ўттиз бешга кирган бўлсам, менга бу дард қаердан ёпишд, ҳайронман. Даволангач, касаллик яна қайталанмайдими?» 

Омина Ҳамидова, Ангрен шаҳри

Артроз – бўғинлар яллиғланиши касаллиги бўлиб, дунё статистик маълумотларига кўра Ер шарининг 15-20 фоиз аҳолиси ушбу дарддан азият чекади. Аниқланишича, айнан куз-қиш мавсумида артроздан шикоят қилганлар сони ортар экан. Хўш, бунинг сабаби нима? Бугун шу ҳақида. 

Мавзу бўйича тиббиёт фанлари номзоди Бахтиёр ЖЎРАЕВ маълумот беради. 

Шамоллашни оёқда ўтказманг!

Артрознинг юзага келиш сабаблари турлича:

гиподинамия (камҳаракатлилик), яъни тегишли меъёрда жисмоний оғирликнинг йўқлиги боис мушакларнинг заифлашуви;
тана вазнининг ортиши туфайли бўғинларга ортиқча оғирлик тушиши;
Сунъий дори-дармонларни кўп қабул қилиш,
нотўғри овқатланиш,
шамоллашни тик оёқда ўтказиш кабилар бўғин яллиғланишига олиб келади.

ШУНИНГДЕК
Бўғинлар жароҳатланиши, моддалар алмашинувининг бузилиши ҳамда қалқонсимон без хасталиклари ҳам артрозни юзага келтириши мумкин. Кўриб турганингиздек, омиллар у қадар ваҳимали эмас. Ҳар биримиз кундалик ҳаётда тўқнаш келадиган ҳолатлар. Шундай экан, хасталанишимизга ким айбдор? 

Касб касаллиги ҳам ...
Бўғинларга зўриқиш тушадиган касбларда фаолият юритадиганлар масалан, спортчи ёки раққосаларда артроз кўпроқ кузатилади. Чунки уларнинг меҳнат фаолиятлари айнан бўғинларнинг ўта фаоллигини талаб қилади. 

Куз-қиш мавсумида ҳаво ҳарорати кескин пастлайди. Бу эса яллиғланиш жараёнларининг юзага чиқиши учун шароит яратади. Шу сабабли илгари безовта қилмаган оғриқлар ҳам совуқ мавсумда авж олиши мумкин. 

Қайси бўғинлар хавфда?
Артрозда асосан йирик (тизза, чаноқ-сон, болдир-товон, билак) ҳамда майда бўғинлар, хусусан, умуртқа поғонаси бўғинлари (спондилоартрит) зарарланади. Оғриқдан шикоят қилган беморларнинг аксарияти тананинг пастки ярми, тос суяги билан сон суягини туташтирган бўғин, тизза бўғинига урғу беришган. Қўлларда эса билак ва бармоқ суякларидаги оғриқ кўпроқ тилга олинади. 

Ёшу қарида ҳам бир хил...
Артроз белгиси асосан оғриқ билан тасниф этилса-да, кўпчилик уни оддий шамоллаш, лат ейиш ёки туз йиғилиши билан адаштиради. Ваҳоланки, артроз «тилини» тушуниш учун оғриқ қачон юз бераётгани ва бўғин атрофи терисига аҳамият бериш лозим. Агар сизда артроз бўлса, безовталиклар асосан кечқурун ва эрталаб кузатилади. Тинч ҳолатдан кескин ҳаракатланганда ноқулайлик туғилади. Энг кўп учрайдиган ҳолат эса зинадан юқорига кўтарилиш. Айнан шунда бўғинлар саломатлигини таҳлил қилса бўлади. Қолаверса, тез-тез бўғинлар қирсиллаши ҳам артроз аломатларига ишора қилиши мумкин. Бўғин атрофи тўқималарида қизғиш, бироз шишган доғ юзага келиши эса касалликнинг яққол белгисидир. Одатда шиш усти пайпасланса иссиқ ҳарорат сезилиб, оғриқ беради. Бордию шу ҳолатгача етиб келган бўлсангиз, дарҳол шифокорга мурожаат қилишингиз зарур. 

Диққат қилинг!
Маълумотларга кўра, артрознинг кенг тарқалган тури тос суяги билан сон суягини туташтирган бўғин коксартрози ҳисобланади. Ундан кейинги ўринда эса тизза бўғин артрози туради. Умуртқа поғонаси артрози эса ҳаракатни чеклаб қўйиши эвазига жиддий саналади. Қўл билак ва бармоқларидаги артроз одатда у қадар аҳамиятли эмасдек туюлади. Аммо даволанмаса, сурункали оғриқ хуружини келтириб чиқариши мумкин. 

Сиз албатта соғаясиз
 Тўғри, хасталик номи бироз таҳликага солади. Аммо ўз вақтида мурожаат этилса, даволаш осон ва самарали. Шифокор умумий аҳволингиз, шикоятларингиздан келиб чиқиб, рентген текшируви, қон таҳлили, гистологик таҳлиллар ўтказиши мумкин. Аниқланган хулосаларга кўра зарур муолажа тури танланади. Асосийси даволангандан кейин ҳам соғлигингизни эҳтиёт қилинг. Оғир юк кўтариш, танани зўриқтириш, югуруш, оғир жисмоний меҳнат қилиш мумкин эмас. Шу билан бирга шамоллаш ҳолатларига сергак бўлиш лозим.

Замонавий муолажалар...
Бугун артрозни даволашда бир қанча муолажа усуллари жорий қилинган. Хусусан:
шифокор кўрсатмаси билан яллиғланишга қарши препаратлар;
физиотерапия – суяклар бўғин атрофи тўқималарига ижобий таъсир кўрсатади;
микротўлқинли терапия – тўлқинлар зарарланган бўғинларга таъсир этади;
ультратўлқинли терапия – оғриқ синдромини енгиллаштиради;
шу қаторда электрофарез, локал баротерапия ва метаболик терапия усуллари ҳам бор. 

Н.Илёсова тайёрлади

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!