“Оловлар юрти”даги ҳароратли лаҳзалар

13:46, 04 октябрь

Озарбойжон. Сезганмисиз, бу юртнинг номи ҳам  аллақандай мусиқий жаранглайди. Унинг номини эшитганингиз ҳамоно ўйноқи, дилтортар, ҳазин ва нафис наволар тафаккурингизда акс-садо беради. Бугун Озарбойжон дунёдаги жадал ривожланиб бораётган, гўзал ва бетакрор ўлкалардан бири.

                                      Таниш ва нотаниш шаҳар

2011 йилдан бери Озарбойжон  раҳбарияти ташаббуси билан халқаро гуманитар форум ўтказиб келинмоқда. Ушбу форумда дунёнинг турли мамлакатларидан турли соҳа вакиллари, давлат ва жамоат арбоблари, олим ва мутахассиалар,  оммавий ахборот воситалари ходимлари таклиф этилади. Айни пайтда дунё ҳамжамияти диққат-эътиборидаги масалалар муҳокама қилинади, жаҳон миқёсда гуманитар соҳаларда эришилаётган ютуқлар таҳлил этилади.

Жорий йилнинг 29-30 сентябрь кунлари бешинчи бор ўтказилган мазкур форумда иштирок этиш шарафига камина ҳам муяссар бўлдим. Таъкидлаш жоиз бу йиги форумда дунёнинг 80 дан ортиқ мамлакатидан 320 нафардан ортиқ меҳмонлар ташриф буюрди. Улардан беш нафари Ўзбекистон вакиллари эди.

Ҳайдар Алиев номидаги халқаро аэропортнинг ВИП-залидан чиқиб, марказ томонидан илгарилаб борарканмиз, Бокунинг фусункор  манзараси, ўзига хос, ҳайратомуз меъморий ечимга эга иншоотлар, осмонўпар бинолар, кенг ва равон йўллар эътиборимизни тортади.

Мен Бокуга бундан роппа-роса ўн йил илгари бир халқаро анжуманга келгандим. Очиғи, мен Боку қиёфасида ўн йил аввалги шаҳарни кўра олмадим. У  тамомила ўзгариб кетган. Шўро даврида тикланган паст-баланд, бир хил кўринишдаги иморатлар ўрнини замонавий меъморчилик намуналари эгаллаган, тирбанд ва тор кўчалар кенг, энли, равон йўллар  билан жой алмашган. Фақат сокин ва ўйчан Ҳазар денгизи, улуғвор ва мағрур Қиз қалъаси, озар элига хос самимият, меҳмондўстлик, инсонпарварлик ўзгармаган холос...

                                     Дунёни чорлаган форум

Ҳайдар Алиев маркази шаҳардаги энг гўзал, муҳташам иншоотлардан бири. Озарбойжон халқинниг умуммиллий лидери, мамлакатнинг учинчи президенти Ҳайдар Алиев номи берилган ушбу маданият маркази узоқдан денгиз соғилида ётган оппоқ чиғаноқни эслатади. 2007 йилда қурилган мазкур иншоот 2014 йилда дунёдаги энг гўзал бино  сифатида тан олинган ва Design of the Year мукофотига лдойиқ кўрилган.

Форумнинг бьиринчи куни ана шу марказда ўтди. Халқаро гуманитар форумни Озарбойн Президенти Илҳом Алиев кириш сўзи билан очиб, бароча меҳмонларга ташриф учун самимий миннатдорлик билдирди. Айни пайтда дунёда рўй бераётган жараёнлар, халқаро сиёсий вазият ҳақида батафсил тўхталиб ўтди. Дунёнинг бир қатор мамлакатларида нотинчлик беқарорлик ҳукм сураётган бир пайтда, Озарбойжонда тинчлик, барқарорлик, минллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатлик, динлараро ағрикенглик ҳукм сураётганини таъкидлади.

Шундан сўнг форумга хорижий мамлакатлардан  ва йирик халқаро ташкилтлардан  ташриф буюрган олий мартабалаи меҳмонлар, сиёсатчилар, депутатлар сўзга чиқиб, мазкур форумнинг аҳамияти, бугунги кунда ўз ечимини топаётган бир қатор глобал муаммолар хусусида тўхталиб ўтдилар.

                            “Инжиқ” ёзувчининг истисноси

Бу йилги форумда 17 нафар Нобель мукофоти соҳибининг иштирок этиши унинг нақадар юксак савияда ўтганини кўрсатади. Кимё, физика, тиббиёт, адабиёт, иқтисодиёт сингари йўналишларда мазкур юксак мукофотга сазовор бўлган ёзувчи ва олимлар ўз йўналишларида сўнгги йилларда эришилаётган ютуқлар ҳақида маъруза қилишди. Ушбу маърузаларда асосий эътибор фақат бир нарсага – инсониятнинг мукаммал, тинч, барқарор, ҳаёт кечиришига қаратилди.

Улар орасида Адабиёт бўйича Нобель мукофоти совриндори, нигериялик адиб  Воле Шойинка ҳам бор. Очиғи,  бу ёзувчининг номини эшитган бўлсам-да, бирор асарини ўқимаган эканман.  Дарҳол тадбикр ўтаётган саройдаги вай-фай имкониятлариждан унумли фойдаланиб, ёзувчининг исмини “гугл”га бердим. У ҳақидаги маълумотларни излашга тушдим.

Маълумотларга кўра, уннг тўлиқ исми Акинванде Воле Бабатунде Шойинка  бўлиб, 1932 йилда Нигериянинг Адеокуте вилоятида таваллуд топган. Инглиз ва йоруба тилидаги шеърий, насрий ва драматургик асарлари билан довруғ таратган. 1986 йилда “йирик маданий истиқболларга эга театр ва шеърият яратгани учун” Нобель мукофотини қўлга киритган.

Лекин мени энг ҳайратга солгани адибнинг лирик тўпламларидан бири Samarkand and other markets i have known (Самарқанд ва мен билган бошқва бозорлар)  деб номланар ва адибнинг ушбу жаҳоншумул мукофотни олишига мазкур тўплами катта ўрин тутган.

Хуллас, тадбир сўнгида адиб билан суратга тушиш мақсадида ортидан  югурдим. Аммо ҳар қанча уринмай, уни “тутиш” қийин кечди. Менга ўхшаб у билан суратга тушмоқчи бўлганлар кўп эди. Бироқ у “мени кечирасизлар, мен одатда ҳеч кимга интервью ҳам, дастхат бермайман, суратга ҳам тушмайман” деб узр сўради ва  биздан узоқлашди.

Эртаси куни кечки пайт “Гулистон” саройида ўтган расмий қабул пайтидагина ўзбекистонлик ҳамроҳлар Мақсуджон Асқаров, Шуҳрат Саломов ва мен “инжиқ” ёзувчини “қўлга туширдик”. Унга Ўзбекистондан келганимизни айтиб, Самарқанд ҳақида китоб ёзгани учун миннатдорчилик билдирган бўлдик ва биз билан суратга тушишини сўрадик.

-О Самарқанд! Амир Темурнинг муаззам пойтахти! Мен бу гўзал шаҳарни жуда яхши кўраман. Бориш ниятим бор, - деди жаноб Шойинке табассум билан. - Ўзи одатда мен ҳеч ким билан суратга тушмасдим. Лекин сизлар билан  истисно тариқасида  суратга тушаман.

Ҳа, биргина ана шу “истисно” ҳам қалбимизда ўзбеклигимиз, Ўзбекистон фарзанди эканлигимиз учун ғурур ва ифтихор ҳиссини уйғотди.

                            Бугунги муаммолар ва уларнинг ечимлари

Эртаси куни форум  олтита шўъбага бўлинган ҳолда ўз ишини давом эттирди. Таклиф этилган иштирокчилар мультикультурализмнинг турли моделлари, бугунги шароитлда инсон капиталинини сақлаш масалалари, журналистика соҳасидаги шакл алмашинуви, экологик цивилизация, биология, биофизика, биотехнология ва тиббиёт соҳасида кадрлар тайёрлаш, замонавий технологиялар ва ХХI асрнинг глобал муаммолари каби мавзуларда ўз фикрларини билдириб ўтдилар.

Кун.уз сайтининг раҳбари Мақсуджон Асқаров ва камина иккимиз  айнан журналистика йўналишидаги анжуманда иштирок этдик. Конференци ишчан руҳда, жонли мулоқот тарихида, замонавий технологиялардан унумли фойдаланган ҳолда ўтказилди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда журналистика ҳам шиддат билан ривожланиб бормоқда. Тараққиёти оммавий ахборот воситаларининиг ҳам шакланЭ, ҳам мазмунан ўзгаришига сабаб бўлмоқда. Бироқ, ахборотга бўлган талаб ва эҳтиёж илгаригидек ўз аҳамиятини йўқотмай келаётир.

Интернет, ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларнинг шиддат билан инсоният ҳаётига кириб бориши ахборот олиш имкониятини сезиларли даражада оширгани рост. Бироқ, бу айни пайтда бир қатор жиддий муаммоларни келтириб чиқармоқда.  Ахборот хуружлари ҳар қачонгидан ҳам жиддий ва хатарли кўриниш касб этмоқда. Ахборот маконида турли сиёсий кучлар, жумладан терроризм, диний ақидапарастлик, уюшган жиноятчилик сингари иллатларнинг урчиши учун қулай шароитлар вужудга келмоқда. Бугунги глобал маконда ҳақни ноҳақдан, ёлғонни ҳақиқатдан ажратиш катта аҳамиятга эга.

Дунёдаги энг йирик ахборо агентликлари, радио ва телекананллар, газета ва журналлар, интернет нашрларининг таниқли вакиллари иштирок этган ушбу анжуманда журналистиканинг истиқболарри, мазкур шароитда оммавий ахборот воситаларининг роли хусусида ўз фикрларини билдириб ўтдилар.

                   Бир-биримизга ўхшаймиз

Ўзбекистон ва Озарбойжонни бирлаштириб турадиган умумий жиҳатлар кўп. Тили, дини, қадриятлари, анъаналарида жуда кўп умумийликни кўришимиз мумкин. Озарбйжон бугунги кунда худди Ўзбекистон сингари мустақил таарққиёт йўлидан одимлаб бораётир.

Озарбойжон халқи ўзининг марҳум умуммиллий лидери Ҳайдар Алиев номини нақадар ҳурмат, эҳтиром ила тилга олса, бугун ўзбек халқи ўзининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг хотирасини ана шундай эъзоз ва миннатдорлик ила ёд этмоқда.

Боку кўчалари нимаси биландир Тошкентнинг обод, кенг, равон кўчаларини ёдга солади. Ҳар икки шаҳарда ҳам кечаю кундуз ҳаёт қайнанйди. Ҳатто тун ярмида ҳам кўчаларни беғам, бехавотир сайр қилишингиз мумкин. Ўзбекистонда ҳам, Озарбойжонда ҳам, одамларнинг юзида хотиржамлик, ҳаётдан мамнунлик, эртанги кунга ишонч ифодасини кўрасиз. Ҳатто бизни кўпчилик меҳмон эканимизни ҳам пайқамади. Ахир ташқи кўринишимиз ҳам унча фарқ қилмайди-да!

Жуда кўп озарбойжонлик қардошларимиз билан суҳбатлашиб, икки халқ ўртасидаги муштаракликнинг янгича қирраларини кашф этгандек бўлдик. Ҳақиқтана ҳам, халқларимиз бир-бирига ҳар жиҳатдан ўхшайди. Келгусида ҳам бу икки қардош ўлка дунёнинг энг мутараққий, ривожланган мамлакатлари қаторидан жой олишига шубҳа йўқ.

Тошкент-Боку-Тошкент

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!