Жиноят ва жазо: Россияда жазолашнинг янги тури пайдо бўлди

14:26, 04 октябрь

2017 йилнинг 1 январидан бошлаб Россияда жиноий жавобгарликка тортилишнинг янги кўриниши пайдо бўлади. Энди жиноий жазога ҳукм этилганлар қамоққа эмас, балки мажбурий ишларни бажариш марказига юборилади, деб хабар берди “Vesti.ru”  нашри.

Жиноятчиларни мажбурий ишларга жалб этиш учун махсус ахлоқ тузатиш марказлари барпо этилади. Бундай марказда спиртли ичимликларни, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш, татуировка чиздириш, ўйин карталарини сақлаш тақиқланади.

Ахлоқ тузатиш марказларида қамоқхонадаги каби қўриқчилар бўлмайди. Аммо марказда жазони ўтаётганлар фақатгина маъмуриятнинг рухсати билангина марказ ҳудудини тарк этишлари мумкин. Агар уларга марказдан ташқарида яшашга рухсат берилган бўлса, 4 ойда бир марта келиб, рўйхатдан ўтишади.  

Жазони ижро этиш федерал хизмати мажбурий ишга жалб этилган вақтда йўл қўйилган қонунбузарликлар натижасида мажбурий ишлаш жазосини қамоқ жазосига алмаштириш мумкин бўлган ҳолатлар рўйхатини эълон қилди. Уларга спиртли ичимлик ичиш, гиёҳванд модда истеъмол қилиш, маъмурият талабларига бўйсунмаслик, марказдан рухсатсиз чиқиб кетиш, айтилган вақтдан кеч келиш ва майда безориликлар киритилган.

Жамоат тартибини бузган, марказда яшаш тартиб-қоидаларига риоя қилмаган шахсларга  хайфсан берилади. Улар қонунбузарлар сақланадиган бошқа бинога кўчирилишлари мумкинлиги белгиланган.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!