Йўталга қарши 11 чора

14:37, 04 октябрь

Банан

Яхши пишган иккита бананни қирғичдан ўтказинг. Кастрюлкага солиб, 1 стакан қайноқ сув қуйинг. 1 чой қошиқ шакар солиб, яхшилаб аралаштиринг ва иситинг. Аралашмадан кунига 2 марта — эрталаб ва кечқурун истеъмол қилинади.

Занжабил (имбир)

2 ош қошиқ кўк чой устидан 2 стакан қайноқ сув қуйиб, 30 дақиқа дамлаб қуйинг. Докадан ўтказиб, кастрюлкага қуйинг. Занжабил илдизини (3-4 см.ли) қирғичдан ўтказиб қўшинг. Кейин 2 дона кардамон, 2 та қалампирмунчоқ ва бир чимдим долчин солиб, қайнатиб олинг. Оловни пасайтириб, яна 10 дақиқа қайнатинг. Тайёр қайнатманинг устига чоракта лимоннинг суви, 2-4 чой қошиқ асал қўшиб аралаштиринг. 5 дақиқадан сўнг оловдан олиб, қопқоғи ёпиқ ҳолда 15-20 дақиқа тиндириб қуйинг. Таъбга кўра ялпиз ҳам қўшиш мумкин. Кунига 2 марта 1 стакандан ичинг.

Картошка

Картошкани пўсти билан қайнатиб пишириб олиб, ёғоч ҳовончада туйинг. 1 ош қошиқ ўсимлик ёғи ва 3 томчи йод қўшиб, яхшилаб аралаштиринг. Аралашмани мато устига ёйиб, кўкрагингиздан то томоққача қўйинг-да, устингиздан жун кўрпа ёпиб ётинг. Картошка совигач, олиб ташлайсиз. Муолажани уйқудан олдин амалга оширган маъқул.

Пиёз шарбати

Пиёзни майда тўғраб, устидан шакар сепиб қўйинг. Бир неча дақиқага илиқ жойга қўйинг. Ҳосил бўлган шарбат кунига 3-5 марта 1 ош қошиқдан овқатлангандан сўнг истеъмол қилинади. Шунингдек, пиёзни майда тишли қирғичдан ўтказиш, тенг миқдордаги асал ёки шакар билан аралаштириш, ажралиб чиққан суюқликни қайнатиб, докадан ўтказиб олиш ҳам мумкин.

Сут ва минерал сув

Ярим стакан қайноқ сут устига ярим стакан ишқорли минерал сув қуйиб, илиқ ҳолда кунига 3 марта ичилади.

Сут, сода ва асал

Бир стакан илиқ сутга 1-2 чой қошиқ асал ва 1 чимдим истеъмол содаси қўшинг. Қайнатмадан илиқ ҳолда кунига 2 марта ичилади.

Қора турп

Каттароқ турпнинг ўртасини ўйиб, чуқурчани асал билан тўлдиринг. Маълум муддат ўтгач, чуқурча турп суви билан тўлади. Бу шарбатни 4 соат тиндириб қўйинг. Шарбатни кунига бир неча марта 1 ош қошиқдан ичинг.

Сариёғ

2 ош қошиқ сариёғни 2 дона тухум сариғи, 1 чой қошиқ буғдой уни ва 2 чой қошиқ асал билан аралаштиринг. Кунига 5-6 марта 1 чой қошиқдан истеъмол қилинади.

Хурмо

Қуруқ йўтал ва овоз хириллаши безовта қилганда 10 та қуритилган хурмо устига 2 стакан сув қуйиб, паст оловда 30 дақиқа қайнатинг. Қайнатма иссиқлигида ичилади.

Анжир

2-3 дона қуритилган анжирни бир стакан сутда қайнатинг. Қайнатмани илиқ ҳолда уйқудан олдин ичинг.

Карам

Карам япроқларини юмшагунича қайнатинг. Сувдан олгач, бир томонига асал суртинг. Бироз иссиқроқ япроқларни кўкрак қафасига қўйиб (фақат юрак соҳасига яқин бўлмасин!), устидан полиэтилен плёнка ёпинг. Кейин сочиқ ва жун кўрпа билан ўранг. Япроқлар совигунча турсин. Муолажани уйқуга ётишдан аввал амалга оширинг.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!