Ўзбекистон U-19 терма жамоасини Осиё чемпионатига кузатиш маросими бўлиб ўтди

15:08, 04 октябрь

Жасур Абдураимов бош мураббийлигидаги Ўзбекистон U-19 ёшлар терма жамоаси Осиё чемпионатига жўнаб кетиш олдидан Ўзбекистон футбол федерацияси раҳбарияти билан учрашди. Бу ҳақда ЎФФ матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Бугун, 4 октябрь куни Ўзбекистон футбол федерацияси анжуманлар залида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси ҳамда ЎФФ раҳбарияти иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда, Баҳрайнда старт оладиган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатига жўнаб кетаётган терма жамоа мураббийлари ва футболчилари сўз олиб, терма жамоа турнирга тайёр эканини таъкидлашди.

Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Жасур Абдураимов терма жамоа Осиё чемпионатига яхши тайёргарланганини ва турнирда жамоа яхши натижа кўрсатишидан умидвор эканини айтди. 

Йиғилишда шунингдек, бир қатор футболчилар сўзга чиқиб, уларга билдирилаётган ишончни оқлашга астойдил ҳаракат қилишларини айтиб ўтишди. Ўзбекистон U-19 ёшлар терма жамоаси сардори Ислом Қобилов футболчилар турнирга ҳам псиҳологик, ҳам тактик жиҳатдан тайёр эканини таъкидлади. 

Йиғилиш давомида ЎФФ биринчи вице-президенти Сардор Раҳматуллаев сўзга чиқиб, Ўзбекистон ёшлар терма жамоасини бутун Ўзбекистон аҳли, мухлислар қўллаётганини ва улар яхши натижалар билан юртимизга қайтиб келишини тилади. Шунингдек, йиғилишда Ўзбекистон профессионал лигаси бош директори Фарҳод Магаметов, ЎФФ Терма жамоалар маркази директори Асқар Толибжонов ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!