Эр-хотин ўртасидаги совуқчиликка жинсий муносабатларнинг таъсири

16:24, 04 октябрь

Мутахассислар фикрича, эр-хотин ўртасидаги совуқчиликка жинсий муносабатларнинг таъсири беқиёс экан. Зеро, эркак ва аёл бир-бирининг хоҳиш-истакларини тўғри тушунмаса, кундалик ҳаётда ҳам «тил топишишлари» осон бўлмайди. Хўш, муаммоларга ойдинлик киритиш учун жуфтликлар жинсий ҳаёт ва нозик муомила сирлари ҳақида ўзаро фикр алмашишлари зарур(!)ми? Келинг, шу ҳақда сирлашамиз.

Вазиятни ўрганинг...

Эр-хотин бир тану бир жон экан, ҳар қандай мавзудаги суҳбатни очиқ-ойдин муҳокома қилиши мумкин.

Тўғри, кези келганда, турмуш ўртоғингиз билан жинсий ҳаёт сифати тўғрисида суҳбат қуришингиз мумкин. Зеро, бунга ҳақлисиз! Аммо бундай суҳбатлар учун вазият, шароит ва жуфтингиз муносабатини ҳам ҳисобга олганингиз маъқул. Сабаби айрим эркаклар учун нозик муносабатлар мавзуси «пардага ўроғлиқ» қолиши шарт бўлса, баъзилар ўзаро фикр алмашишни маъқуллашади. Агар жуфтингиз феъл-атворини яхши билсангиз, бу борада тўғри қарор қабул қила оласиз.

Гапни ким бошлайди?

Бу ҳақда ким аввал сўзлаши керак, эркакми ёки аёл?

Мутахассислар фикрича, бу мавзудаги саволлар кўпроқ эркаклар тарафидан «муҳокама»га қўйилиб, улар рафиқасининг қандай муносабат билдиришига қизиқишади. Мана шу вазиятда сергак бўлмасангиз, жуфтингизга совуққон маликадек кўриниб қолишингиз ҳам мумкин. Чунки эркаклар учун жинсий ҳаёт қанчалик муҳим бўлса, улар аёлидан ҳам шу қадар маъсулият ва ҳайрихоҳликни кутишади.

Истакларимизни айтамизми?..

Эр-хотин қачон бир-бирининг хоҳиш-истагини тушуна олади?

Қачонки, жуфтликлар бу ҳақда етарлича маълумотга эга бўлиб, бир-бирининг кўнглини олишга оғринмаса... Билсангиз, баъзи эркаклар ўз хоҳиш-истаклари ҳақида рафиқасига сўзлашни ёки  пичинг қилишни уят билишмайди. Аксинча, аёли ҳам уни қўллаб-қувватлашини исташи мумкин. Демак, эр-хотин суҳбатида ўзаро хоҳиш-истакларни билдириб туриш ножўя иш эмас. Бундай нозик суҳбатлар муносабатларингизни янада мустаҳкамлаб, ўзаро ишонч ва ҳурматни оширади.

Қайдасан «романтика»?

Балки сизга эриш туюлар, аммо оилавий муносабатларда романтик муҳитнинг ҳам ўз ўрни катта. Бунинг учун алоҳида тайёргарлик ёки аллақандай харидлар шарт эмас. Шунчаки, кундалик турмушингизга озроқ ўзгариш киритсангиз бас. Қарши жинс вакиллари кўркамлик ва ранг-барангликни ёқтиришади. Гарчи бу ҳақда очиқ-ойдин сўзлашмаса-да, одатий муҳитнинг ўзгаришида гап кўп. Баъзи эркаклар айнан аёли томонидан эътибор кучайганини ҳис қилсалар, ўзлари ҳам рафиқаларига нисбатан хушмуомала бўлишади.

Шам ёнмаса, парвонаси бўлмайди…

Турмуш ўртоғингиз  учун қандай кўринасиз?

«Ҳамма қатори» дейишга шошмай, кийим жавонингиздаги тунги ётоқ либосларини ҳам бир сидра кўздан кечириб кўринг. Сўнгги марта қачон уларни янгиладингиз? Эслайсизми? Гарчи сиз учун аҳамиятсиздек кўринар, аммо мана шу омил ҳам жуфтингиз билан нозик муносабатларингизда муҳим роль ўйнайди. Эркаклар наздида  унинг аёли ҳаммадан гўзал ва мафтункор. Шундай экан, мана шу эътирофни бардавом этиш ҳам ўз қўлимизда!

Мақтов эркакни кўкларга кўтаради!

Авваллари турмуш ўртоғингизга эркаловчи сўзлар билан мурожаат қилгансиз. Тўғрими? Хўш, ўша кайфият нега ҳозир кўринмайди? Билсангиз, эркаклар ўз жуфтидан фақат унгагина аталган ва ҳеч ким билмайдиган сўзни эшитишни исташади. Бу гўёки жуфтликларни кўринмас ип билан боғловчи ва муносабатларни гўзаллаштирувчи риштадир.

Хатти-ҳаракатлар «тил»ини биласизми?

Кайфиятингиз ёки соғлигингиз яхши бўлмаса, бу ҳақда жуфтингизга қандай билдирасиз? Табиийки, эркаклар наздида бундай вазиятлар «аёллар баҳонаси» холос. Агар ҳолатингизни қўрс ҳаракат билан ошкор қилсангиз, албатта, жуфтингиз бирор аччиқ гап билан сизни «сийлаши» аниқ. Яхшиси, мулойим оҳангда вазиятни шундай тушунтирингки, гўё унинг учун антиқа совға тайёрлагандингиз-у, қуриб кетгур бош оғриғини деб, амалга оширолмаяпсиз. Ишонинг, эркаклар бу борада қизиқувчан бўлиб, албатта,  келаси сафар учун имконият беришади.

Ҳуллас, оилавий ҳаётингиз кўнгилдагидек бўлиши учун жуфтингиз истакларини тинглашга, ҳурмат қилишга, ўз фикр-мулоҳазангиз, қарашларингизни яширмасликка ҳаракат қилинг. Энг асосийси, ҳаётингизнинг ушбу «саҳна»сида бош роль ижроси фақат У ва СИЗга тегишли эканлигини эсда сақланг.

Олий тоифали шифокор андролог-сексапотолог Рамазон НАЗАРОВ тавсиялари асосида

МАРЖОНА тайёрлади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!