Хонанда Ботир Қодиров ва раққоса Паризода Хитойга жўнаб кетди

17:08, 04 октябрь

Хитой пойтахти Пекинда 1 октябрдан Халқаро туризм фестивали очилди. Ўн саккизинчи бор ташкил этилган фестивалда Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этмоқда. 

Бу ҳақда хонанда Ботир Қодировнинг продюсери Аброр Пўлатов “Дарё”га маълум қилди

Ўзбекистон делегацияси таркибидан хонанда Ботир Қодиров, «Сирдарё наволари» рақс дастаси ва таниқли раққоса Паризодадан иборат ансамбл ҳам ўрин олган.

«Пекин халқаро фестивалида 24 мамлакатдан 200 дан зиёд санъаткорлар қатнашмоқда. Ўрта Осиёдан фақат Ўзбекистон санъаткорлари таклиф этилган», — дейди Ботир Қодировнинг продюсери.

Фестивальнинг очилиш маросими Пекиндаги Халқаро олимпия майдонида бўлиб ўтган. Унда шаҳар расмийлари, меҳмонлар, шунингдек, Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси ходимлари ҳам қатнашган.

«Ботир Қодиров бошчилигидаги ижодий гуруҳ Хитой санъаткорларидан кейин биринчи бўлиб саҳнага чиқди. Очилиш маросими мусиқий парадга уланиб кетди. Фестиваль меҳмонлари миллий санъатимиздан баҳраманд бўлиб, санъаткорларимизни олқишламоқда», — дея қўшимча қилди Аброр Пўлатов.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!