«Жаннат меваси»нинг шифобахш хусусиятлари

09:33, 05 октябрь

Анжирни бежиз жаннат меваси, дейишмайди. Зеро, у фойдали ва шифобахш хусусиятларни жамлаган сандиққа ўхшайди. Оч сариқ ёки сиёҳранг тусли ноксимон бу мева витамин ва қувватбахш моддалари билан инсонга саломатлик, гўзаллик ва ёшлик бахш этади.

Анжир жуда қадимий мева. У ҳақида эрамиздан аввалги 2700-йилда битилган Миср йилномаларида қайд этилган. Ўша вақтлар зайтун, анжир ва узум энг кўп тарқалган мевалар эди. Қадим Юнонистонда эса анжир ҳосилдорлик рамзи саналган.

Эътиборлиси шундаки, қулай шароитда анжир дарахти 200 йилгача яшаб, мева бериши мумкин. У ўзининг ана шундай умрбоқийлик хусусиятини инсонларга ҳам ҳадя этади. Яъни, анжир ёшартирувчи неъмат ҳисобланади.

 

100 грамм анжир таркибида:

  • 305 ккал қувват
  • 1.3 грамм ёғ
  • 4.3 грамм оқсил
  • 63.5 грамм углевод
  • 2.3 грамм минерал моддалар
  • 0.5 мл.грамм витаминлар мавжуд.

Қорнингиз очиб, тинкангиз қуриб кетаётган бўлса, анжир бир зумда сизни тетиклаштиради. Буни яхши билган Искандар Зулқарнайннинг аскарлари ўзлари билан доим қуритилган анжир олиб юришаркан. Жанг майдонида ҳолдан тойган аскарни шу мева, кўпинча, қутқариб қолган экан.

Дардларга даво неъмат

Кўпчилик анжирни табиатдаги энг мукаммал неъматлардан бири, деб санайди. Қадимдан унинг қуйидаги фойдали хусусиятлари маълум:

  • Анжир меваси сийдик ва тер ҳайдаш хусусиятига эга.
  • Заҳарланишни анжир билан даволаш мумкин. Чунки унинг таркибидаги моддалар ошқозон-ичак фаолиятини яхшилаб, ундан заҳарни ҳайдаб чиқаради, буйрак ва жигар фаолиятини яхшилайди.
  • Анжир бошқа касалликларда ҳам қўлланади: томоқ оғриғи ва йўталда анжирнинг устига иссиқ сут қуйиб, бир муддат димлаб қўйилади ва овқатдан олдин беморга ичирилади.
  • Анжирнинг иситмани тушириш хусусияти ҳам маълум. Бунинг учун иситмалаётган беморга қуритилган анжир мевасидан дамлама тайёрлаб ичириш керак.
  • Анжир қондаги холестерин миқдорини камайтиради. Шу сабабли у юрак қон-томир хасталиклари ва семиришда беназир воситадир.
  • Анжир таркибида катта миқдорда темир моддаси бор. Шу боис камқонликда фойда беради.
  • Анжирдан тайёрланган шарбат ични юмшатади. Ҳатто анжир мураббосини иссиқ чойга солиб ичиш билан ҳам айни натижага эришиш мумкин.
  • Сутда қайнатилга анжир мевалари йирингли яраларга босилса, улар тезроқ пишиб, ёрилади.
  • Агар қўл ёки оёғингизда қадоқларингиз бўлса, тунда уларнинг устига анжир мевасини кесиб, боғланг. Тез орада қадоқлар кўчиб тушади.

МУМКИН ЭМАС!

Анжирнинг ножўя таъсири шу пайтга қадар сезилмаган. Фақат у қандли диабет, подагра ва ўткир ошқозон-ичак касалликларида тавсия этилмайди.

Косметологияда Анжир

  • Анжирдан тайёрланган ниқоб соч тўкилишида жуда фойдали. Бунинг учун 2 та анжир қоқини майдалаб, устидан 1 стакан сут қуйиб, қайнатилади. Сут буғланиб кетиб, бўтқасимон аралашма ҳосил бўлганида оловдан олинади. Совутилади. Ҳар куни соч терисига суртилади. Устидан целлофан қалпоқча кийиб, сочиқ билан ўраб қўйилади ва бир ярим соатдан сўнг ювиб ташланади.
  • Анжир уруғлари билан тишларни тозалаш мумкин. Бунинг учун анжир уруғига  озгина глицерин қўшилади ва шунда пахтасимон модда ҳосил бўлади. Ҳар куна ана шу табиий тиш пастаси билан тишларингизни ювиб турсангиз, улар оқаради ва мустаҳкамланади.

Анжир уруғларини ўсимлик ёғи билан аралаштириб, ажойиб сочбўёқ олиш мумкин. У билан оқарган соч толаларини бўясангиз, улар табиий қора ранга киради ва жилоланади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!