Бекалар диққатига! Ошхонадаги 8 зарарли одат

09:42, 05 октябрь

Ҳар бир уй бекасининг ошхонада ўзига хос сир-асрорлари бор. Лекин бундай «маҳорат»га эга бўлмаган бекалар ҳам учраб туради. Овқатнинг бемазалигига эса баъзи ҳолларда зарарли одатларимиз «айбдор» бўлади. Бундай одатлар натижасида баъзан тайёрланган таом саломатлик учун хавф туғдириши ҳам мумкин.

1. Ёғни тутуни чиққунча қиздириш

Нотўғри: одатда кўпчилик аввал қозонни қиздириб, сўнг ёғ солади. То ёғдан оқ тутун чиқмагунча маҳсулотларни солмайди.

Чунки иссиқ ҳарорат таъсирида ёғнинг мазаси тахирлашиб, у қайта қиздирилганда таркибидаги бутун фойдали антиоксидантлар ўрнини хавфли моддалар эгаллай бошлайди.

Маслаҳат: овқат пишириш учун солинган ёғни енгил қиздиринг, яъни ундан оқ тутун чиққунича кутманг.

2. Овқатни кўп аралаштириш (ковлаш)

Нотўғри: кўпинча «овқатни кўп-кўп аралаштириб туриш керак, шунда унга маза киради», дейишади.

Аслида эса овқатни кўп аралаштириш натижасида маҳсулотлар яхши қовурилмайди ва майдаланиб кетади. Натижада суюқ овқатингиз бўтқадек бўлиб, тиниқлигини ҳам йўқотади.

Маслаҳат: овқатни унча кўп аралаштирманг, тагига олмайдиган даражада ковлаб туришингизнинг ўзи етарли.

3. Кўп маҳсулотни бирданига қозонга солиш

Нотўғри: картошкани қизартириб қовуришни истасангиз, уни кичик порциялар билан ёғга солинг. Акс ҳолда у қовурилган эмас, буғда пишган картошка ҳолига келади. Гўштнинг ҳам кўпини кам ёғга солсангиз, қозон ҳарорати тезда тушиб кетади. Натижада гўшт қозон тагига ёпиша бошлайди.

Маслаҳат: маҳсулотларни алоҳида-алоҳида қовуриб олиб, сўнг ҳаммасини аралаштиринг. Бу албатта қўшимча вақт талаб қилади, аммо шу билан бирга, таомингизга ўзгача таъм ҳам беради.

4. Гўштни қовуришдан аввал ювиш

Нотўғри: гўштдаги шилимшиқлиқни тозалаш учун ювилади. Аммо гўшт ювилган раковина ёки идишингизнинг ичи бактерияларга тўлади ҳам. Бу бактериялар эса турли касалликлар келиб чиқишига сабабчи бўлади.

Маслаҳат: гўштни қоғозли салфетка билан қуритишнинг ўзи кифоя.

5. Антипригар қопламали товани баланд оловга қўйиш

Нотўғри: одатимиз бўйича қозонни оловга қўямизу тагини баландлатамиз. Аммо «чет эллик» антипригар қопламали товалар бундай баланд ҳароратда ўзидан ПФУ (перфторуглерод) ажрата бошлайди. Организмга тушган бу ажралма эса ошқозон ва овқат ҳазм қилиш тизими бузилишига олиб келади.

Маслаҳат: бундай товаларда бирор таом пишириш учун уни енгил қиздириш, баланд оловга қўймаслик талаб қилинади.

6. Оловдан энди олинган гўштни кесиш

Шўрва ёки бошқа таомнинг гўштини оловдан олгач, бироз совитиб, ўз шарбатини шимдириш лозим. Яъни оловдан олинган пишган гўштни тезда бўлаклаш ёки кесишга тушсангиз, у ўз шарбатини йўқотади.

Маслаҳат: йирик бўлакли гўштни оловдан олгач, 20 дақиқа, унчалик катта бўлмаган бўлакларни эса 5-10 дақиқа совутгани қўйиб, кейин кесинг.

7. Қовурма овқатларни темир капкир билан ковлаш

Нотўғри: таомни темир капкирларда ковлаганда қозон қирилиб, унинг майда қисмлари овқатга чиқади. Халқда буни «қозон қусди», дейилади.

Маслаҳат: овқатни аралаштириш, ковлаш учун ёғоч капкирлар ишлатинг. Айниқса, антипригар қопламали товада қовураётган бўлсангиз, албатта ёғоч капкир ишлатиш зарур.

8. Хамирни узоқ қориш

Нотўғри: хамирни қоргач, узоқ муштлаш керак, деган фикр ҳам нотўғри. Хамир узоқ муштланганда ортиқча ёпишқоқлик юзага келиб, у қаттиқ бўлиб қолади.

Маслаҳат: хамирни бир хил аралашма ҳолига келгунга қадар қориштиринг. Хамир қорганда, унни аввал элаб қўйган бўлсангиз ҳам яна бир бор элаб олинг. Бу хамир юмшоқ бўлишига ёрдам беради.

Мана шу кичик маслаҳатларга риоя этсангиз, умид қиламизки, мазали ва фойдали таомларингиз билан оила аъзоларингизни мамнун қиласиз.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!