Ўн етти йиллик келин тажрибасидан янги келинчакларга тавсиялар

10:11, 05 октябрь

Турмуш қурганимга анча йиллар бўлди. Қайнона бувим айтганидек, қорлар ҳам ёғди, эриб ҳам битди. Мақолани қоғозга тушириш учун янги келинлик йилларимни бирма-бир эсга олдим. Хотиралар худди кечагина рўй бергандек кўз олдимда. Баъзан хатога йўл қўйдим, айрим ҳолларда ўзим учун дарс олдим. Хуллас, азиз мухлисларимиз қаторидаги янги келинчаклар, турмуш остонасидаги қизлар тегишли хулоса чиқарар дея хотирамга муҳрланиб қолган вазиятлару гап-сўзларни очиқ-ойдин ёзишга киришдим.

Қайнона сабрини синаманг!

Тўй, чарлар ўтган куннинг эртасигаёқ яхши келин бўлиш ниятида олдимга қўйилган вазифани уддалай олмадим. Эрталаб роппа-роса соат етти яримда хонамизнинг эшиги тақиллади: «Ухлаб қолдингизми, Нигорахон!» Эшик олдида қайнонам бир қўлида челак ушлаб мени кутиб турарди. Ҳаяжон ва уятдан олмадек қизариб кетдим. Қўрқиб кетганим ҳам рост. «Мана бу челакни олинг-да, кўчага сув сепгандек бўлиб, қайнотангиз ёнидан ўтинг. Ҳозир ишхонадан шериклари машинани ташлагани келишади!» деди қайнонам. Айтганидек қилдим. Агар устамон қайнонам ўрнида бошқа биров бўлганидами, хатом менга анча қиммат тушиши мумкин эди. Келинлар, қайнонанинг сабрини синаманг. Ҳозир ширин сўзларини суистеъмол қилсангиз, эртага нақ ўқдек кўнглингизни тешадиган кесатиқлар ёмғири ёғилмаслигига ким кафил?

Пазанда келин – арзанда келин

«Қайнонангга атаб бир кун қатлама билан ҳолвайтар, бошқа куни қуймоқ пишириб, нонушта тайёрлашинг керак», деб ўргатганди онам. «Меҳмонга борса, қўлидаги тоғораси камхарж бўлиши учун пишириқ пиширишдан ҳеч эринма». Тўйимдан бир ой аввал торт-пишириқлар тайёрлашни ўргатадиган курсга борганман. Яхши келин бўлишим керак эди-да. Ота-онамнинг ҳаракатлари зое кетмади. Тез орада қариндош-уруғ, қўни-қўшни ичида пазанда келин деб ном чиқардим. Қўлингиз ширин бўлса, ҳурмату иззатда бўласиз, унутманг.

«Кетаман» деб куйдирманг!

«Ҳаётда ҳар хил вазиятлар бўлади. Жаҳлингиз учига чиққанда ҳам “кетаман” сўзини сира оғзингизга олманг. Одамнинг елкасида икки фаришта ўтиради. Сиз кетаман деганингиз замон, Яратган олдида тузилган шаръий никоҳингиз бекор бўлар экан. Бунга елкангиздаги фаришталар гувоҳлик қилишаркан. Болам жаҳл устида ҳайдаса ҳам, «Ҳеч қаерга кетмайман, никоҳ куни гувоҳлар олдида шу уй-жойни менга маҳр қилиб топширгансиз», деб тураверинг», дея такрор-такрор уқтирган қайнона-бувим. Айтганларига кириб, кам бўлмадим, яъни бирор марта ота уйимга аразлаб бормадим.

Борига барака!

«Рўзғоримда ҳеч нарса йўқ, деманг, келинпошша! Бир коса ун, бир пиёла ёғ борми, марра сизники. Ундан муштумдеккина хамир қоринг. Ичига ёғ суртиб, у ёқ-бу ёғини қовурдингизми, қатлама бўлади. Хамирни ёйиб, майдалаб пиёз, картошка тўғраб, солинг. Хоним тайёр бўлади. Гўшти бўлмаса, нима қилибди? Гоҳ ундоқ, гоҳ бундоқ. Ошхонада мана шундай тадбирли бўлсангиз, ўғлимнинг бирини икки қиласиз». Бу қайнонагинамнинг қулоғимга қуйганлари. Ҳақиқатда, бугун ўғлининг — эримнинг бири икки. Ойижоним эса эпли келинидан хурсанд. 

Тилингизга эрк берманг!

Меҳмон кутиш учун кун бўйи ҳаракатда эдим. Энг азиз меҳмонларим — қайнона-қайнотам уйимизга келишмоқчи эди. Келишди, шод-ҳуррам кутиб олдим. Дастурхон бошида бир воқеани эслаб қайнонамга гапириб бердим. «Боягина раҳматлик бувижонни эслаб тургандим. Меҳмон кутар куни иш шунақанги кўп бўлардики, овқат еб олишга ҳам вақт тополмасдик. Шунақа пайтлар бувижон сиздан яширинча уйига бир юмуш билан мени чақириб, у-бу егулик бериб, қорнимни тўйғазиб қўярди. «Қорни очдан супурги қўрқар эмиш, бунчалар қайнонангиз золим бўлмаса! Мана бу икки дона сомсадан еб олингу кейин ишингизни қилаверинг!» дерди. Буни эшитган қайнонам ўзини-ўзи уриша бошлади: «Ростанам, қаттиққўл бўлган эканман-а! Уйнинг нариги бурчагида ҳам чанг қолмасин, меҳмон шуни кўрса, уят қилади, деб тиним бермасдим. Меҳмон эса келардиям,  кетардиям». Кулимсираб қўя қолдим.

Вақт оқар сойдек ўтаверади, куни кеча балиқдек гунг келинларнинг ичидаги алами ташига аста чиқиб боради. Бир вақтлар юракдан ўтган алам тилга кўчиши рост, ахир. Муҳими, ўз вақтида тилни тишлаш керак. Қайноналар балиқдек келинларини ўз вақтида қадрласа, кўз ўнгида бунёд бўлиб ўзидан кўпайган бир оиланинг бахтига соя тушмайди.

Эркак кишининг қорни очганда...

Бу воқеа юз берганда ҳали тўйимизга кўп бўлмаганди. Ишдан келсам, тушликка мастава пиширилган экан. То уни турмуш ўртоғимга иситиб бергунимча таом ичидаги гуруч бўкиб, аталага айланиб қолди. Тайёрлаган таомим косаси билан иккинчи қаватнинг ойнасидан учди. «Бунақа овқатни емайман! Менга дарров картошка билан гўшт қовуриб кел!» жаҳл қилиб бақирди куёв бола.

Алам қилди. Йиғладим. То айтган овқатини тайёрлагунимча бувижоним арзанда неварасини  ёнига ўтказиб, насиҳат қилди. Вақт ўтиб синдирилмаган патир, иситилмаган янги таом еб, эркаликда ўсган эрим ўзи рўзғор қиладиган бўлди. Энди олиб келган масаллиғига кўра пишган оби-ёвғонни индамай хўр-хўр ичаяпти. Бу вақтгача мени қанча сочимга оқ оралаганини гапирмай қўя қолай. Уларни бўяш учун пулни қуртдек санаб оламану ўша пайтлар қулоғимга қўрғошиндек қуйилган гапларни эсга оламан: жаҳли чиққан эркакни вақтида қорнини тўйдир!

Ораста ва лобар бўлинг!

Аёл киши уй ишларини ҳам қилиши керак, аммо ўзига қарашни ҳам унутмасин! Негаки эркак кўзи билан севади. У ёнида доимо ширин ифорлар таралиб турадиган озода, чиройли хотинни кўришни истайди! Келинлар, ўзингиз ҳам, хонадонингиз ҳам доим гулдек яшнаб турсин. Шунда ёрингиз ораста ва лобар аёли ўрнида ўзгасини тасаввур қилолмайди.

Хулоса ўрнида...

Азизларим, уч қизни вояга етказаётган онаман. Нимаики бўлган тақдирда ҳам, мен сизни тушунаман. Тош келса, кемириб, сув келса, симиринг демоқчи эмасман. Ҳурматингизни поймол қилиб оёқ артсалар ҳам, балиқ бўлиб индаманг, дейиш мақсадим ҳам йўқ! Аммо оғиздан чиққанини ёқага ёпиштириш ҳам сизга ярашмайди. «Келин деган киши, малайларга тенг киши!» «Қиз туққан айбдор, ўғил туққан губернатор!» каби гапларга чидаганлар кам бўлмади, ишонаверинг! Сиз ҳам ютқазмайсиз. Яхшиси, бахтингиз учун тўғридан-тўғри эмас, айланма йўл билан курашинг. Устароқ бўлинг, яхши гап билан қайин-бўйинни ийдиринг! Меҳр, ширинсўз, макр билан ўз уйингизнинг бекасига айланинг!

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!