“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг аҳамияти” мавзусида давра суҳбати ўтказилди

10:28, 05 октябрь

4 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот марказида Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси билан ҳамкорликда “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг аҳамияти” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Давра суҳбатида Марказий сайлов комиссияси аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси тингловчилари, ҳуқуқшунос олимлар, сайлов ҳуқуқи бўйича экспертлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов мамлакатимизда мустақиллик йилларида сиёсий, давлат ва ҳуқуқий тизим босқичма-босқич модернизация қилиниши самарасида юксак демократик талабларга мос миллий сайлов тизими яратилганини таъкидлади. Фуқароларнинг шу аснода давлат ва жамият ишларини бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқи тўлиқ таъминланмоқда. Бунда Конституциямиз ва қонунларда умумэътироф этилган норма ва принциплар асосида шакллантирилган сайловларни ўтказишнинг демократик принциплари мустаҳкамлаб қўйилгани муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шу йилнинг 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига жамиятни ислоҳ қилиш ва демократлаштириш янада чуқурлашган, ижтимоий фаоллик ўсган, фуқароларнинг масъулияти ҳамда ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ислоҳотларга, сиёсий партиялар, фуқаролик жамияти институтларига талабчанлиги ошган бир шароитда тайёргарлик кўрилмоқда. Бунда Марказий сайлов комиссияси қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастурига қатъий равишда риоя қилинмоқда.

Тадбирда мамлакатимизда сайлов умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ихтиёрийлик асосида очиқ ва ошкора ўтказилиши алоҳида қайд этилди. Хусусан, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонунга 2015 йилда киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга биноан, сайловолди ташвиқоти нафақат сайлов куни, балки овоз бериш бошланишидан бир кун олдин ҳам олиб борилмайди.

Таъкидланганидек, сайлов жараёнининг очиқ ва ошкоралигини таъминлашда оммавий ахборот воситалари муҳим ўрин тутади. Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари сайловга тайёргарлик жараёнида фаол иштирок этмоқда. Бугунга қадар Марказий сайлов комиссияси томонидан 500дан ортиқ хорижий ва миллий оммавий ахборот воситаларининг вакиллари аккредитациядан ўтганлиги фикримизнинг ёрқин далилидир.

Сайлов комиссияларининг барча тадбирлари журналистлар иштирокида ўтказилмоқда. Мавзуга оид телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар мунтазам эфирга узатилмоқда, сайловчиларга сайлов жараёни босқичларини тушунтирадиган роликлар намойиш этилмоқда. Сайлов кампанияси босма ва интернет-нашрларда ҳам кенг ёритилмоқда.

Давра суҳбатида сўзга чиққанлар бўлажак Президент сайловининг аҳамияти, сайлов кампаниясини очиқ ва ошкора олиб боришнинг асосий мезонлари, сайлов қонунчилигига киритилган сўнгги ўзгартиш ва қўшимчалар мазмун-моҳияти ҳақида батафсил сўзлаб беришди.

Ўзаро мулоқот ва фикр алмашиш шаклида ўтказилган тадбирда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб олишди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!