«Қуда-андали аёл ҳам турмушга чиқадими?»

11:35, 05 октябрь

Опамнинг умр йўлдоши беш йил олдин оламдан ўтди. Тўрт қизини узатган, ҳаммаси ўзидан тинчиган, шукр. Ёлғиз ўғли нобопроқ чиқди. Бунинг устига, келин ҳам қайноналик қиладиганлар хилидан экан. Опам билан охирги суҳбатимиздан сўнг нима қилишни билмай қолдим. Айтишича, бир инсон билан танишиб қолибди. Бир-бирларини яхши тушунишар экан. Ўша инсон опамга уйланиш истагини билдирибди. Батафсилроқ суруштирганимда, унинг оилали эканлиги, икки қизи борлиги, бироқ хотини уйланишига қарши эмаслиги маълум бўлди. Бир томондан элликдан ошган қуда-андали аёлга шу иш ярашмаслиги, фарзандлари буни салбий қабул қилишларини тушуниб турибман, аммо опамнинг ҳам ёнида суянчиғи бўлишини истайман. Қизлар ҳар доим ҳам ҳолидан хабар ололмайди, ўғил билан келиннинг аҳволи бу.

Маҳлиё, 44 ёш, Сирдарё вилояти.

Қайнонажон: — Синглим, тақдир инсон бошига не кунларни солмайди, дейсиз. Опангизнинг фарзандлари борлигининг ўзи катта бахт. Бироқ уларнинг ҳам ўз орзу-умидлари, истаклари бўлишини инобатга олайлик. Шу ўринда бу аёлнинг қайта оила қуришга ҳаққи бор. Уни сиз ҳам, болалари ҳам тўғри тушунишларингиз керак. Сиз опангиз билан яна бир бор бафуржа гаплашинг. Бу қарорга ўғил ва келиннинг қош-қовоғидан чарчаб, рози бўлмаяптими? Агар мақсад шу уйнинг ғалваларидан қочиш бўлса, шошмагани маъқул. Кейин оила қуриш таклифини билдираётган эркакнинг рафиқаси билан учрашинг. Унинг ҳам ҳақиқатлари бордир, эшитинг. Токи иккала томондан бири вазият қурбони бўлмасин. Яна бир гап, ҳар қандай ҳолатда ҳам опангизга йўлдош, сирдош бўлиб қолаверинг, ёлғизлик ёмон. Жиянларингизга бу масалани тўғри тушунтириб, волидасини хафа қилмасликларини тайинланг.

Шаҳноза ХАЛИЛОВА, руҳшунос: —  Аёл кишининг ўз эрини бировнинг қўлига осонликча бериб қўйишини тасаввур қилиш қийин. Балки опангиз учрашиб юрган эркакнинг феъли шунчалар оғирмиканки, хотини уни қайта уйланишига розилик берган бўлса? Бу ҳақда ўйлаб кўришни маслаҳат бераман. Иккинчи томондан, ўзи тарбия қилган ўғли ва келини билан тил топишолмаётган аёлнинг янги оила аъзолари билан тинч-тотув яшаб кетиши тўғрисида ҳам жиддий мулоҳаза қилиш керак. Нима бўлагнида ҳам опангиз ёш эмас, йиллар давомида характери ва дунёқараши  шаклланган инсон. Демак ўзини қайта қуриши, мослашиши қийин кечади. Опангиз ўзи танлаган эркакка турмушга чиқишга қарор қилган тақдирда ҳам, аввало ўғли ва келини билан муносабатларини ойдинлаштириб олиши керак. Оилада вужудга келган муаммонинг сабабларини таҳлил қилиб, уларни босқичма-босқич ҳал қилиш орқали она-бола ўртасидаги ришталарни тиклаш мумкин. Бу оиланинг барча аъзоларининг келажакда бахтли яшашларига замин яратади. 

Саодат Очилова ёзиб олди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!