Альцгеймер касаллигига чалинган британиялик аёл ҳар доим ўзини бахтли ҳис қилади

12:34, 05 октябрь

Аёл яшаётган ҳар бир дақиқаси учун хурсанд бўлади, деб хабар берди “Нealth.mail.ru”  нашри.

65 ёшли Морин Барнетт (Maureen Barnett) турмуш ўртоғи Терри (Terry) билан Буюк Британияда яшайди. Улар яқинда тўйларининг 45 йиллигини нишонлашди. Морин аксарият одамлар умри давомида интиладиган, яшаётган ҳар бир кунидан, ҳар бир дақиқасидан мамнун бўладиган ҳолатга етишди. У ҳар доим ўзини бахтли ҳис этиб, хушкайфиятда юради.

Аёл ҳеч қачон медитация билан шуғулланмаган, психотерапевт бўлиб ишламаган. 2003 йилда томир деменцияси хасталиги туфайли тилдан қолди, 2013 йилда эса Альцгеймер касаллигига чалиниб, бу икки касаллик кутилмаган оқибатга олиб келди.  

Морин Барнетт илгари ижтимоий таъминот ходими бўлган. У ҳар доим, юзида табассум билан одамларга ёрдам берган. Касаллик эса унинг бу хусусиятини баттар кучайтирган. Унинг қизи, 39 ёшли Мишель Паттенден (Michelle Pattenden)нинг айтишича, илгарилари онаси билан кўп маротаба тортишиб қолган, аммо ҳозир онасининг юзидан кулги, хушкайфият аримагани боис, улар ҳеч қачон жанжаллашмас экан.

Мишель ҳар доим кулиб юриш ҳам баъзида одамни ноқулай аҳволга солиб қўяди деб ҳисоблайди. Мориннинг онаси вафот этганда, унинг йиғлаш ўрнига кулиб туриши қариндошларига ёқмаган. Аммо уни бундай ҳолатда тўғри қабул қилиб, тушуниш лозимлигини таъкидлади.

Мишель онасининг ҳаётида рўй берган воқеа ҳақида Facebook да Minding Mo — Our Journey into Dementia & Alzheimer's номли саҳифа ташкил этган. Бу ерда у ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини оиласидаги янгиликлар билан таништириб боради.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!