Опа-ука ижодкорларнинг хитойча қўшиғи, кинодаги роллари ва мактабдаги шўхликлари

13:06, 05 октябрь

Марҳум актёр Насриддин Рустамов ҳамда актриса Гулнора Рустамоваларнинг фарзандлари бир кун келиб, ота-онасининг изидан боришини ким ҳам ўйлабди, дейсиз. Ахир улар ўғил-қизларининг ижод йўлини танлашларига қарши эдилар. Тақдирга битилгани бўлади деганларидек, бугун лойиҳамиз меҳмонлари эл назаридаги инсонлар. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, сухандон Дилдора РУСТАМОВА ҳамда укаси «ШОД» гуруҳи яккахони Отабек РУСТАМОВ. 

–  Адашмасам, бу опа-уканинг биргаликдаги илк интервьюси, шундайми?

Отабек: – Телевидениеда отам ҳақида кўрсатув тайёрланганида опам билан қатнашганмиз. Онам интервьюларни унчалик ҳушмалайди. Шунга ҳам иккимиз боргандик. 

–  Оилада неча фарзандсизлар? 

Дилдора: – Мендан кейин укам Отабек ва синглим Дилором бор. Уч фарзандмиз. 

–  Сиз ва Отабек ҳақида биламиз. Синглингиз-чи унинг санъатга алоқаси йўқ чоғи?

Отабек: – Ота-онам Дилдора опамга доим «Катта бўлсанг, шифокор бўласан»,  дея айтишарди. Опам тиббиёт институтига ҳужжат топширган-у, бир-икки балл етмай киролмаган. Ўшанда уйга келиб йиғлаганмидингиз?

Дилдора: – Йўқ, қайтанга хурсанд бўлганман киролмаганимдан. Ота-онамнинг орзусини синглим рўёбга чиқарди. Болалар неврологи. Бу йил ординатура босқичини тугатди. 

–  Санъат соҳасини танлашингиз бежиз эмас, назаримда. Ахир ижодкорларнинг фарзандисиз?

Дилдора: – Болалигимиз мусиқали драма театрида ўтган. Ҳар сафар янги спектакль олдидан актёрлар овозларини созлаб, машқ қилишар, саҳнада ролга тайёрланишарди-да, орада 2-3 соат вақт қолса, бизникига келишарди. Санъат ҳавосида улғайдик десам, муболаға бўлмайди. Аммо ота-онамиз санъаткор бўлишимизга қаттиқ қаршилик кўрсатишган. Бу йўлдан қайтариш учун дўқ-пўписаларни ҳам эшитганмиз. 

Отабек: – Баъзи ота-оналар каби қизиқишимизни рағбатлантириб, бирор мусиқа тўгарагига олиб боришган эмас. Қайтанга биз ҳақимизда сўрашса, «Қизим шифокор, ўғлим жарроҳ бўлади», дейишарди. Санъат жуда машаққатли касб. Иқтидор билан биргаликда омад ҳам керак бўлади. Эҳтимол, шу маънода бизни аяшгандир. Саҳна ортида юриб, арияларни тинглаб, ўз-ўзидан ижодга меҳримиз тушди. Кимдир ўзидаги иқтидорни кашф қилиш учун дарс олади, курсларга қатнайди. Бизда буларнинг бари табиий жараёнда содир бўлган. 

Дилдора: — Отабек мактаб тадбирларида жуда фаол эди. 

Отабек: — Уйга берилган вазифани тайёрламаган бўлсам, «Домлажон, битта ашула айтиб берай», дердим-да, баҳомни қўйдириб олардим. Тўққизинчи синфни тамомлаётганимда эса имтиҳон топширмаганман. Шунда опам отам билан бирга битирувчилар альбомидан суратимни олишган-у, ҳужжатларимни эстрада ва цирк коллежига олиб боришган. Эсимда, ўша куни онам мени узоқдан кўрган-у «Нега имтиҳон топширмаганингни айтмадинг бизга, ана энди мусиқа коллежида ўқийсин, ўзингдан кўр», деган. Бу гапдан йиғлаб юборганман. Мен учун санъат тамоман бошқача олам эди. Коллежга олиб боришганида ичкарига кирганимиз ҳамон саксофон, фортепьяно садоларини эшитиб, хаёлларим, тушларим рўёбини кўргандек бўлганман. 

–  Ота-онангиз қарши эди-ку? Охири ён босишибди-да?

Дилдора: – Укамдаги иқтидор, шунчаки, ҳавас эмаслигини кўриб, рози бўлишган. Ўсмирликдаги овоз ўзгаришларидан ўтиб олгач, вокал билан шуғуллана бошлади. Отабек жуда шўх бола бўлган. Шу сабаб ҳам санъатга жиддий ёндашаётганига улғайганидан сўнг ишонч ҳосил қилишгандир. Биласизми, мактабда укамнинг ўқитувчиларини кўрсам, яширинишга жой қидириб қолардим. Чунки ҳамиша уни деб гап эшитардим-да.  

Отабек: – Сиз мактабимиз фахри, аълочи ўқувчиси эдингиз. Мен эса тўполонга дўппи кийдирадиган бола бўлганман. Баҳоларим ҳам “ўғил болача” эди. Мени деб сизни директор хонасига чақиртиришлари ёдингиздами? Бугун шуларни эслаб, ўқитувчиларимиз тўғри қилишган экан, тартибга чақириб, дейман. 

Дилдора: – Тошкентдаги 59-сонли хитой тилига ихтисослашган мактабда ўқиганмиз. Бир сафар Хитой давлат раҳбарининг рафиқаси ташриф буюрган. Меҳмонни қарши олишга ҳозирлик кўрилиб, Отабекка хитой тилида қўшиқ куйлаш топширилган. Ўшанда укам биринчи марта саҳнага чиқиб, хитойча ашула айтганди. 

Отабек: – Қўшиқ сўзларини бирга ёдлаганмиз, шекилли, адашмасам.

Дилдора: – Ҳа, шундай бўлганди. Мен хитой тилини яхши билардим. Бунинг ҳам зеҳни ўткир эди-ю, аммо шўхлиги сабаб дарс тайёрламасди. 

Отабек: – Кўчага чиқиб кетаётган бўлсам, ойижоним тўхтатиб, «Дарсингни тайёрладингми?» деб сўрарди. «Ҳа» дердим-да, хитойчасига шариллатиб ўқиб берардим. Энди остона хайтлайман десам, Дилдора опам келарди-да, «Қаерга кетаяпсан, дарсингни тайёрладингми», дерди. Онажоним «Зўр ўқиди, қизим» деса, опам «Қани, битта ўқиб бер-чи» дерди-ю, мен қўлга тушардим.

–  Қизиқ-ку, хитой тилидаги қўшиқни қандай ёд олгансиз  унда?

Отабек: – Опамга қўшилиб, ёдлаганман. Кейин ўша тадбирда бирга ижро қилганмиз. 

Дилдора: – 7-синфга ўтганимда аълочи ўқувчиларни жам қилиб, махсус синф ташкил қилишди. Мактабимизда шундай имконият бор эди, 11-синфни тамомлагандан сўнг имтиҳон топшириларди. Юқори балл тўплаганлар тўғридан-тўғри Шарқшунослик институтига қабул қилинган. Ўқитувчиларим «Дилдора қатнашгин», деб кўп айтишган. Мен бўлсам, «Шифокор бўламан, барибир, таржимон бўлмайман», дердим нуқул. Кейинчалик бундан афсусланганман. Бир томондан агар тил ихтисослигини танлаганимда, ижоддан узоқлашишим ҳам мумкин эди. Кейинги йил отам раҳматли санъат институтидаги театршунослик ва санъат журналистикаси факультетига ҳужжат топшириш учун олиб борган. 

–  Отабек, гап-сўзларингизни тинглаб, опангиздан жуда ҳайиқар экансиз деб ўйладим?

Отабек: – Опам мен учун дўстим, сирдошим, маслаҳатгўйим. Кези келганида танбеҳ беради, йўл-йўрик кўрсатади. Йигит кишининг опаси ва синглиси бўлгани яхши экан. 

Дилдора: – Шу йил бошингни икки қилсак, бахтинг яна ҳам бутун бўлади, укажон! 

Отабек: – Аммо опамнинг гапларига кирмай чакки қилганимни улғайиб, билдим. Тил ўрганмаганимдан, берилган имкониятдан фойдаланмаганимдан пушаймон еганман. Барибир, ҳар нарса ўз вақти-соатида бериларкан. Фойдаланиб қолсангиз, ютдингиз, йўқса, афсус чекиб қолаверасиз. 

–  Отабекнинг илк қўшиқлари ёдингиздами, Дилдора опа?

Дилдора: – Албатта, турли ашулалар жамланмасидан иборат попури эди. Таронага  клип ҳам суратга олишган.  

Отабек: – Биринчи тингловчиларим онам, опам ва синглим. Янги тарона бўладими, клипми, албатта, уларнинг имтиҳонидан ўтказилади. Дилдора опамнинг рўзғори бошқа бўлгани учун уйга келганида эшиттираман. Аввалдан онажоним ҳамиша ёнимни олиб, мақтарди. Отам бўлса, доим бирор камчилигимни топарди. Кейин-кейин «Агар ўша кезлар сенга ён босганимда ўз устингда ишламасдинг, яқинларимга манзур келаяпти-ку дердинг», деган. Танқид қилганида «Нега у кишига маъқул келмади, қаерини ўзгартириш керак», деб қаттиқ ўйланардим. 

Дилдора: – Ота-онамиз мусиқали драма актёрлари бўлишгани боис қўшиқнинг қайси қисми қандай ижро қилинишини яхши билишган. Авжига қандай эътибор бериш керак, ҳеч бир ҳолат эътибордан четда қолмасди. Айрим эстрада қўшиқларини тингласангиз, авжини кўрмайсиз. Отажоним «Нега авжинг йўқ», деб койирди. Ҳар нарсага инсон ўз меҳнати билан эришиши керак, дерди падаримиз. Ишонасизми, мен ҳам, укам ҳам сира ота-онамизнинг машҳурлигидан фойдаланмаганмиз. Баъзилар, ҳатто, кимнинг фарзанди эканлигимизни ҳам билишмаган.  

Отабек: – «ШОД» гуруҳидаги фаолиятимда отам ва устозим Ўзбекистон хал артисти Фарруҳ Зокировнинг ҳиссаси катта. 

–  Фурсатдан фойдаланиб, жамоангиздаги ўзгаришлар ҳақида сўрасам. Гуруҳ аъзосидан бири Шуҳрат яккахон ижод қилаяпти. «ШОД»нинг эндиги тақдири нима бўлади?

Отабек: – Чунки «ШОД» деганда аввалдан уч йигит тасаввур қилинган. Дониёр иккимиз бир бутун «ШОД» бўлолмаймиз. Мақсадимиз гуруҳ номини шундайлигича сақлаб қолиш. Эҳтимол келгусида Дониёр ҳам, мен ҳам яккахон ижодни бошлармиз. 

–  Демак, гуруҳ таркиби янгиланмайди?

Отабек: – Агар гуруҳ  номи исмларимизнинг бош ҳарфидан олинмаганида, балки жамоани янгилаш фикрини ўйлаб кўрардик. Лекин ҳозир бундай қилолмаймиз. 

–  Дилдора опа, борди-ю укангиз санъатга қизиқмаганида у қайси соҳанинг етук мутахассиси бўлоларди?

Дилдора: – Жарроҳ бўлиши мумкин эди. 

Отабек: – Харбий бўлишим ҳам мумкин эди. Лекин санъатга муҳаббатим устунлик қилди баридан. 

–  Актёрлик маҳоратингизга ҳам гувоҳ бўлгандик, Зебо Наврўзова режиссёрлигида суратга олинган фильмларнинг бирида?

Отабек: – Зебо опанинг таклифи билан фильмда иштирок этганман. Актёрликка даъвоим йўғ-у, бироқ бу соҳага ҳам қизиқаман. Ҳозир ҳам таклифлар бўлаяпти, лекин роль учун синов топширишни ёқтирмайман. Агар ролни менга ишониб топширишса, астойдил ижро қилоламан. Опамга ҳам кўп таклифлар бўлади кинодан, «Қўйинг, нима кераги бор» деб  қайтараман. 

–  Сабаб? 

Отабек: – Бир-икки ойлик фильмларда ўйнаб нима қилади? Тарихий асарлардан таклиф тушса, бажонидил. Лекин хусусий кинони опамга раво кўрмайман. 

–  Дилдора опа, «Меҳробдан чаён» видеофильмидаги Раъно ягона ролингизлигича қолди. Нега бу соҳадан йироқлашдингиз?

Дилдора: – Бу асардан сўнг «Алпомиш» фильмига синов топширганман. Бош ролга тасдиқланганимдан бир ҳафта ўтиб, режиссёр ёрдамчиси қўнғироқ қилиб, ролни бошқа қиз ижро қилишини айтди. «Синовда қатнашмаган қиз қандай қилиб бош ролга тасдиқланади», деб ранжиганман. Алпомишнинг синглиси Қалдирғоч образини таклиф қилишганида рад этдим. Сал аввал Кореяда ўқиш учун ҳужжат топширгандим. Буни қарангки, айни ўша пайт мурожаатимнинг жавоби келди-ю ўқишга кетдим. Кейин билсам, ролга олинган актриса билан келишмовчилик чиқиб, унинг ўрнига канизакларни ижро қилаётган қизлардан бири танлаб олинган. Шу-шу фильмлардан узоқлашиб кетдим. Аслида, актрисаликка иштиёқманд эмасдим. Алпомишга ҳам тарихий асар бўлгани учун рози бўлгандим. Орадан вақт ўтиб, Аюб Шаҳобиддинов «Кечиккан ҳаёт» картинасига таклиф қилди. Сценарий муаллифи Ёлқин Тўйчиев «Бош қаҳрамонни айнан сизнинг тимсолингизда кўраяпман», деганидан сўнг синов топширдим. Профессионал жамоа, яхши сценарий, роль ҳам маъқул келганди. Аммо оиламдан рухсат тегмагани учун иштирок этолмадим. 

–  Сухандонликдан ташқари муаллифлик кўрсатуви ёки ток-шоу ҳақида нима дейсиз?

Дилдора: – Муаллифлик кўрсатувларим бўлган. Бироқ ҳозирда сухандонлик фаолиятимнинг кўлами кенгроқ бўлгани учун вақтим тиғизроқ. Қолаверса, дубляж, тадбирлар бор. Яхши кўрсатув қиламан десангиз, бор диққат-эътиборингизни шунга қаратишингиз керак. 

–  Отабек, опангиз фарзанд тарбиясида қандай она? 

Отабек: – Кези келганида, меҳрибон, куйинчак, талабчанлиги ҳам бор. 

Дилдора: – Ўзим учун жавоб берсам, қаттиққўл онаман. Иш билан бўлиб, баъзан қизларимга вақт ажратолмай қоламан. Шунга ҳам гоҳида эркалатиб юбораман. 

Отабек: – Жиянларим жуда ақлли. Каттаси доно, кичиги тоғасига ўхшаган шўхроқ.

Дилдора: – Тўнғичим Шаҳризода бу йил 14 ёшга тўлади, Моҳимбону 9 га  киради. Болалар тез улғайиб қолишаркан. 

–  Бир-бирингизга муносабатингизни кузатиб ниҳоятда меҳр-оқибатли эканлигигизга гувоҳ бўлаяпман.

Дилдора: – Бу ота-онамизнинг тарбияси. Онам билан отажоним курсдош бўлишган. Талабалик йилларидаёқ онам қўшиқ куйлаб телевидениедаги кўрсатувларда қатнашган. Ўша пайтдаёқ онам назарга тушган санъаткор эди. Кейинчалик Муқимий номидаги мусиқали драма театрига  ота-онам бирга ишга келишган. Онам биз билан шуғулланиш учун санъатдан воз кечган. Ақлимизни таниб, ўзимизни-ўзимиз эплай оладиган бўлганимиздан сўнг актрисалик фаолиятини давом эттирди. Лекин айнан тарбиянинг пойдевори қўйилаётган пайт ёнимизда бўлди. 

Отабек: – Ҳозир қўнғироқ қилиб, «Онажон, қаердасиз» десам, «съёмкадаман», деб қолади. Ўзи ният қилганидек, пенсия ёшига етгач, театрдан нафақага чиқди. 

Дилдора: – 15 май куни онажоним 60 ёшга тўлди! Илоҳим бахтимизга соғ-саломат бўлсин! Ҳамиша барчамизга бош бўлиб юрсин!

Отабек: – Волидамиз энг катта бойлигимиз, бахтимиз, суянчиғимиз! 

Блиц; (Отабек)  

–  Отабекнинг характерига уч сўз билан таъриф беринг?

–  Ҳаддан зиёд меҳрибон, кўнгли очиқ ва инжиқ.

–  Режалаштирган иши амалга ошмай қолса...

–  Аччиқланади. Кейин шундай бўлиши керак экан, дейди. 

–  Қандай муомалани қабул қилолмайди?

–  Эътиборсизликни кўтаролмайди. 

–  Ошпазликни эплоладими? 

–  Қўли ширин! Жуда мазали таом тайёрлайди.

–  Куннинг қайси қисмида ижод қилишни ёқтиради?

–  Тунда!

–  Опангизга ҳавас қиласиз, чунки у ...

–   Идеал аёл! Яхши фарзанд, ишончли дўст, оқила рафиқа, куйинчак она!

–  Ижоддан ташқари хоббиси?

–  Вақти бўлса, турли хил пишириқ, таом ва егуликлар пиширади. Кўп китоб ўқийди. 

–   Нимадан жуда қўрқади?

–  Яқин инсонини йўқотишдан. 

–  Парашютдан сакраш, тоғнинг энг юқори чўққисига кўтарилиш ёки сув остига шўнғиш. У қай бирини танлаган  бўларди? 

–  Тоғ чўққисига чиқишни танлайди. Лекин ёнида ишончли одам, дейлик мен бўлсам, кўзини юмиб бўлса ҳам, парашютдан сакрайди. 

Дилдора ЮСУФБЕКОВА суҳбатлашди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!