Бир шингил узумдаги жозибадорлик сири

15:08, 05 октябрь
  • Узум данаги мойи қўшилган бальзам лабнинг кундалик парвариши учун энг қулай восита саналади. У лабингизни ёрилишдан асраб, намлантиради ва ҳимоялайди.
  • Вақти-вақти билан узумли (яъни, узум эссенцияли гель солинган) ванна қабул қилиш ҳам ниҳоятда фойдали. Бундай ваннадан кейин терингиз нафақат соғлом кўринишга эга бўлади, балки ўзидан ширин ифор таратади. Агар ванна қабул қилишни хушламасангиз, чўмилаётганингизда ёки душ қабул қилаётганингизда узумли гелдан фойдаланишингиз мумкин.
  • Қизил узум шарбати — гўзаллик эликсири ҳисобланади. Мева шарбати таркибидаги ферментлар ортиқча калорияларни йўқотишга ёрдам беради, моддалар алмашинуви жараёнини тезлаштиради, организмни токсинлардан тозалайди. Бир кунда 1 стакан узум шарбатини ичиш яхши натижа беради.
  • Юзингиздаги ҳорғинлик аломатларидан халос бўлмоқчимисиз, қора нуқтачалар жонингизга тегдими, унда узумли ниқоб сизга жуда асқатади: узумни донаклари билан яхшилаб эзиб, ичига 2 чой қошиқ кундузги крем ва 1 чой қошиқ асал қўшинг. Уни ҳафтасига бир маротаба 20 дақиқага суртиб қўйиш тавсия этилади. Ниқоб аввалига илиқ, сўнгра совуқ сув ёрдамида ювилади.
  • Сонлардаги ёқимсиз целлюлитдан халос бўлиш учун узум данагидан тайёрланган Е витаминига бой мойдан фойдаланинг. Терингиз силлиқ ва  таранг бўлади. Ҳар куни ухлашдан олдин оёқларингизни товондан сонларга қаратиб узум мойи ёрдамида уқаланг.
  • Агар қўлларингиз териси қуруқ ва ёрилувчан бўлса, узум экстракти қўшилган озиқлантирувчи крем харид қилинг. Восита таркибига кирувчи ачитқи ҳужайралар янгиланишини таъминлайди ва терини даволайди. Узум мойи терини силлиқлаб, майинлаштиради.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!