Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятига ташриф буюрди

09:43, 06 октябрь

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи, мамлакатимиз Бош вазири Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, саноат, қишлоқ хўжалиги ва ижтимоий соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида шу йилнинг 5 октябрь куни Самарқанд вилоятига ташриф буюрди. 

Шавкат Мирзиёев вилоятга ташрифини Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилиш билан бошлади. 

Шундан сўнг Оқдарё туманида бўлиб, бу ерда амалга оширилаётган қишлоқ хўжалиги ишлари билан танишди, фермерлар билан деҳқончиликда самарадорликни ошириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш баробарида уларни қайта ишлашни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 5 октябрда қабул қилинган “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонининг аҳамияти ҳақида тўхталди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Самарқанд шаҳрида барпо этилиши режалаштирилаётган, шаҳар аҳолисининг уй-жой муаммоларини ҳал этиш имконини берадиган замонавий кўп қаватли уйлар лойиҳаси билан танишди. Ушбу янги уй-жой мажмуаларида аҳолининг ҳар томонлама қулай яшаши учун зарур ижтимоий инфратузилма ҳам яратилади. 

Хитойлик мутахассислар билан ҳамкорликда яратилаётган замонавий технологиялар асосида муқобил манбалардан электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича ноёб объект лойиҳасининг амалга оширилиши билан танишди. Мазкур станциянинг ишга туширилиши Самарқанд вилояти ва мамлакатимиз энергия тизимининг Жануби-ғарбий қисми истеъмолчиларини электр энергияси билан муқим таъминлаш имконини беради. Қуёш фотоэлектр станцияси йилига 158,3 миллион кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқаради. Ушбу мажмуа қурилишида маҳаллий маҳсулотлардан кенгроқ фойдаланиш, бундай станцияларни юртимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам бунёд этиш бўйича зарур кўрсатмалар берилди. 

Шавкат Мирзиёев шу куни Ургут туманида ташкил қилинган саноат зонасини ҳам бориб кўрди. Майдони қарийб 42 гектар бўлган бу ҳудудда 40 саноат корхонаси, жумладан, 19 қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда. Уларда 1 минг 200 га яқин киши меҳнат қилмоқда. Ўтган йили саноат зонасида қиймати 157,5 миллиард сўмлик 20 турдан зиёд саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди, экспорт ҳажми 10 миллион АҚШ долларидан ошди. Хусусан, бу ерда маҳаллий хомашёдан гилам ва гилам маҳсулотлари, синтетик тола, электр духовкалар, газ плиталари, бир марта ишлатиладиган пластик идишлар, полимер елим ва бошқа маҳсулотлар тайёрланмоқда. 

2017 йилда туманда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича яна 78 лойиҳани амалга ошириш ва 3 минг 400 иш ўрни ташкил этиш режалаштирилаётгани таъкидланди. 

Туман ерларидан унумли фойдаланиш, хусусан, адирли ерларга ёнғоқ, бодом, ток, унаби каби экинлар экиш мақсадга мувофиқлиги қайд этилди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Ургут туманининг ресурс базасидан самарали фойдаланиш, саноат ва экспорт салоҳиятини янада ривожлантириш, инвестиция ва илғор технологияларни жалб этиш мақсадида Ургут эркин индустриал зонаси ташкил этилишини алоҳида қайд этди. 

Ургут тумани ҳокимлигида Самарқанд вилояти фаоллари билан бўлган учрашув аввалида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотираси ёдга олиниб, ҳурмат бажо келтирилди. 

Йиғилишда Ургут тумани мисолида вилоятни истиқболда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг комплекс дастури кўриб чиқилди. 

Вилоятнинг шаҳар ва туманлари марказларида янги уй-жойлар барпо этиш, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани янада ривожлантириш, хусусан, ички йўлларни таъмирлаш, ичимлик суви таъминотини яхшилаш асосида аҳолининг турмуш шароитларини янада юксалтиришга доир масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Шавкат Мирзиёев ҳукумат порталида очилган Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига келаётган мурожаатлардан мисоллар келтирар экан, вилоят мутасаддиларига ушбу масалаларни вақтида кўриб чиқиш ва ҳал қилиш бўйича аниқ кўрсатмалар берди. Ҳар бир мурожаат Бош вазирнинг назоратида бўлишини алоҳида таъкидлади. 

Йиғилишда вилоят ва туман бюджетларининг молиявий-иқтисодий салоҳиятини ошириш бўйича долзарб вазифалар, экспорт прогнозларини бажариш, йиғим-терим ишлари, кузги экинларни экиш, озиқ-овқат хавфсизлиги ва нарх барқарорлигини таъминлаш, уй-жойлар ва ижтимоий объектларнинг кузги-қишки мавсумга тайёрлиги, тиббий-ижтимоий хизматлар сифатини яхшилаш, вилоят иқтисодиётининг барча соҳалари узлуксиз ишлаши масалалари муҳокама этилди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!