Ҳарорат кўтарилишининг уй шароитида тушириш йўллари

10:08, 06 октябрь

Олча

Ярим стакан қуритилган олча меваси устига 2 стакан сув қуйинг. Устини ёпган ҳолда паст оловда сувининг учдан бир қисми буғланиб кетгунча қайнатинг. Қайнатмани совутиб, кун давомида ичиб тугатиш керак.

Маймунжон (ежевика)

Маймунжоннинг қуритилган барглари ва мевасидан (дорихоналарда сотилади) 2 ош қошиқ олиб, устидан 2 стакан қайноқ сув қуйинг. Шу ҳолда 6-8 соат термосда қолдиринг. Қайнатмани илиқ ҳолда ярим стакандан кунига 4 марта ичилади.

Қулупнай ёки малина

Қулупнай ёки малинанинг қуритилган меваларидан 2 ош қошиқ олиб, устидан 1 стакан қайноқ сув қуйинг. 3 соат давомида тиндириб қўйинг. Кунига 3 марта 1 стакандан ичилади. Учинчисини уйқудан олдан бир чой қошиқ асал билан қабул қилинади.

Жўка (липа) дарахти гули

1 ош қошиқ қуритилган жўка гуллари устидан 1 стакан қайноқ сув қуйиб, 20 дақиқа тиндиринг. Сўнг докадан сузиб олиб, совутинг-да, 1 ош қошиқ асал қўшинг. Қайнатмани уйқудан олдин илиқ ҳолда ярим стакандан ичилади.

Малина

Бир пиёла иссиқ чойга 1 чой қошиқ малина мураббоси (ёки қуритилган мевалари)дан қўшинг. Ҳўплаб ичинг-да, ўралиб ётинг.

Чаканда (облепиха)

1 ош қошиқ чаканда мураббоси ёки туйилган меваси устидан 1 стакан қайноқ сув қуйиб, паст оловга қўйинг. 10 дақиқа қайнатгач, оловдан олиб, қопқоғини ёпган ҳолда 2 соат тиндиринг. Докадан ўтказиб, тунги уйқудан олдин илиқ ҳолда майда ҳўплаб ичилади.

Арпа ёрмаси (перловка)

Ярим стакан ёрма устидан 2 стакан сув қуйиб, паст оловда 10-15 дақиқа қайнатинг. Кейин тиндириб, совутинг. Қайнатмадан тунги уйқудан олдин ярим стакан ичилади. Таъмини яхшилаш учун 1 чой қошиқ асал қўшиш мумкин.

Қорағат (смородина)

Қуритилган қорағат шохчаларидан қайнатма тайёрланг. Майда қилиб бўлакланган бир уюм шохчалар устидан 4 стакан сув қуйинг. 5 дақиқа баланд оловда қайнатинг. Кейин оловни пасайтириб, 4 соат қайнатишда давом этасиз. Охирида докадан ўтказиб олинг. Кунига 3-4 марта илиқ ҳолда 1 стакандан ичиб турилади. Таъмини яхшилаш учун бироз асал ёки қорағат мураббоси қўшиш мумкин.

Олма ва пиёз

Бир дона олма ва бир бош пиёзнинг сувини сиқиб олиб, яхшилаб аралаштиринг. Кейин 1 ош қошиқ асал қўшиб, яна бир марта аралаштиринг. Аралашмани учга бўлиб, шу уч қисмни кун давомида ичиб тугатиш керак.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!