«Эрим хиёнат кўчасида...»

10:46, 06 октябрь

— Оила қурганимизга ўн тўрт йилдан ошди. Шу вақтгача турмуш ўртоғимдан бирор марта шубҳаланмагандим. Лекин охирги йилларда айшу-ишратга ўч бўлиб қолди. Телефонидан турли «SMS» хабарларни ўқийман. Бир неча бор машинасидан аёлларнинг буюмларини топиб олдим. Билсам, менга хиёнат қиларкан. Қайнонам билан бирга яшаганимиз учун у кишининг хизматида бўлиб, болалардан вақт орттиролмай, эримга эътибор бера олмадиммикан? Қандай қилиб, бу аҳволга тушиб қолдик, ўйлаб ўйимга ета олмаяпман?

Зулхумор, 34 ёш, Тошкент шаҳри. 

 

Қайнонажон: Аввало, шубҳа-гумонлар ич-этингизни кемираётган бўлса, бу масалага ойдинлик киритиш керак. Қийналиб юргандан кўра аниқлаштирган маъқул. Болалар вояга етиб келаётган бир пайтда у кишининг бундай маишатпарастлиги Худога хуш келмас. Масалани яна бошқа бир томони ҳам бор-да, она қизим. Мабодо, «SMS» юборувчилар оилани бузиш пайига тушган кимсалар бўлиб, хонадонингиз тинчини кўролмаётган бўлса-чи? Оқибатини ўйлаб иш тутиш керак-да. Ҳар ҳолда оила жиддий масала. Қайнонангиз билан маслаҳатлашиб кўрдингизми? Албатта, маслаҳатлашинг. Қари билганни пари билмас. Қолаверса, она  ўз боласининг феъл-атворини  ҳаммадан яхшироқ тушунади. Қайнона хизматига келсак, уларнинг дуоларини олинг, сира кам бўлмайсиз. Эрни кўнглига қараш, унга эътиборли бўлиш ҳам хотиннинг бурчи эканлигини унутманг. Оилани мустаҳкамлаш учун аёл ҳамма нарсага улугуриши шарт. Жуфтини ёмон йўлдан қайтариш ҳам кўп жиҳатдан аёлга боғлиқ. Эркаклар оиладаги катта болангиз каби эъзозу эътиборга муҳтождирлар. Ўз уйидан тополмаган эътиборни кўчадан қидира бошлайди. Кўчадаги аёл эса ҳеч қачон унинг яқини, дўсти, жуфти ҳалоли каби ғамхўр бўлолмайди. Минг афсуски, улар бу ҳақиқатни тушуниб турсалар-да, тан олгилари келмайди. Ўзларини ўзлари ёлғонларга ишонтириб, алдовлар оғушида яшайдилар. Шу боис бу кўча ҳаёти жуда қисқа ва оқибати ачинарли якунланади. Ўрни келганда, турмуш ўртоғингизга шулар ҳақида ҳам гапириш керак, фикримча.

 

Шаҳноза ХАЛИЛОВА, руҳшунос: «Балки эримга етарлича эътибор бера олмаётгандирман» деган сўзларингиздан ўзингизни айбдор санаётганингизни тушуниш мумкин. Биз аёллар табиатан шунақамиз, айбни аввал ўзимиздан излаймиз, эркаклар эса аксинча, ўзлари хато қилсалар-да, бошқаларни айбдорга чиқаришади. Демак, биринчи галда мана шу айбдорлик ҳиссидан халос бўлиш даркор. Чунки табиат қонунига биноан айбдор киши жазоланиши лозим. Турмуш ўртоғингизнинг бундай палапартиш ҳаёт кечириши эса нозик муносабатларда ўзини топмаганлиги туфайли бўлиши мумкин. Унинг хатти-ҳаракатлари руҳий оламида муаммолар мавжудлигини кўрсатмоқда. Шу кунгача қайнонангизнинг беминнат ёрдамчиси бўлиб, хизматларини қилибсиз. Ана энди у кишини ишга солиш фурсати етди. Нима бўлганда ҳам ёдингизда бўлсин, бу ҳаётнинг бир синовидан кейин инсон янада кучлироқ бўлишни ўрганади.

Саодат ОЧИЛОВА ёзиб олди. 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!