Ўғрининг суробини тўғирлаган ким?

11:27, 06 октябрь

Қишлоғимизда кўп сирли воқеалар бўлиб туради. Шулардан бирини сизнинг айтиб бермоқчиман. Бу воқеа нафақат сирли, балки кимларгадир дарс бўлса, ажабмас, — дея, сўз бошлади таҳририятга қўнғироқ қилган аёл. 

Қишлоғимиздаги Адҳамқул амакининг қўли эгрилигини ҳамма биларди. У кишининг уйи шундоққина пахта даласи билан туташ эди. Шунинг учун ўша ерга пахта чопиғига борганимизда, кетмонларимизни, бошқа нарсаларимизни далада қолдиришга чўчирдик. Чунки уйимизга тушликка бориб келгунимизча ўз-ўзидан нарсаларимиз ғойиб бўларди. 

Аммо “Ойни этак билан ёпиб бўлмайди” деганларидек, кўп ўтмай, Адҳамқул амакининг уйида ёки қўлида йўқотганларимиз пайдо бўлиб қоларди. Одамлар андиша қилиб, унга “Бу менинг нарсам, қайтариб беринглар”, демасди. Бунинг устига, унинг уйи атрофида яшайдиган қўни-қўшнилар тез-тез товуғу хўрозлари, қўй-қўзилари йўқолганидан шикоят қилиб қолишарди. Ўғри кимлигини билишса-да, “Худойимнинг ўзи уни жазоласин”, дейишдан нарига ўтишмасди.

Кунларнинг бирида Адҳамқул амаки тун қоронғусида кимникигадир ўғирликка тушибди ва қўлига илинган нарсаларини қопга жойлаштириб, ортига қайтибди. Қоронғу кечада йўлда келаётиб, кўзига ловуллаб ёнаётган олов кўринибди. Ажабланиб у ёқ-бу ёққа қараса-да, олов атрофида ҳам, йўлда ҳам бирорта жонзотни кўрмабди. Ҳайрон бўлганича гулхан ёнига етиб келибди. Шу пайт унинг қўлидан кимдир ушлагандек бўлибди. Қўлидан тутган киши уни гулхан атрофида айлантираверибди-айлантираверибди. Охири Адҳамқул амаки ҳолдан тойиб йиқилибди. Шундан сўнг унинг қўлидан ушлаган одам ҳам ғойиб бўлибди. Адҳамқул амаки ўрнидан аранг туриб, қопи ичидаги ўғирланган нарсаларни ерга тўкиб кетмоқчи бўлибди. Қопни оғзини очиб, ичидагиларни ерга ағдариб қараса, ўғирланган буюмлар кесакка айланиб қолганмиш. Ўғри ҳайратдан тошдек қотиб қолибди. Бироздан кейин эса додлаганича уйи томонга қочибди. 

Ўша куни Адҳамқул амаки уйига бир алфозда етиб келиб, шу билан уч ой тўшакка михланиб ётди. Чунки бу сирли ҳодисадан сўнг унинг қўл-оёғи ишламай, оғзи ҳам қийшайиб қолганди. 

Эрининг аҳволидан қўрқиб кетган аёли “Сизга неча бор айтдим, бир кун Худо жазонгизни беради, дея” деб зорлана-зорлана шифокор чақиртирибди. Аммо дўхтирларнинг қилган саъй-ҳаракатлари ҳам унчалик наф бермади. Ўғрининг оғзи қийшайганча қолди. 

Шу-шу Адҳамқул амаки ўғирликка қўл урмаган. Тавбасига таянган. Гулхан атрофида уни айлантирган кишининг кимлиги эса ҳанузгача сир.

Р.S.  бу воқеа қанчалик ҳақиқатга яқин, бир нарса дейиш қийин. Лекин биз зининг кимлигини ошкор этишни истамаган газетхон айтган ҳикояни ўзгаришсиз қоғозга туширдик, холос...

Хонбиби ҲИММАТ қизи

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!