«Эримни севмайман... мени мажбурлаб узатишган!»

11:46, 06 октябрь

Мажбуран турмушга узатилиш, кўнгилсиз яшаш, ҳаммасига ажрим билан нуқта қўйиш... Муаммо кимда? Наҳот кўнгилни кўндириб бўлмаса ?Мавзуни руҳшунос Барно ИЛҲОМОВА билан атрофлича муҳокама этишга ҳаракат қиламиз.

 

«Оила қурганимга тўрт йилдан ошди. Турмушимиз совчилик асосига барпо бўлган. Эримни яхши кўрмайман. Ота-онам ўшанда кўнглимга қарашмади, мана энди, азобини тортаяпман... Мен барибир бу инсон билан яшолмайман, бир кун ажрашаман...»

Муножат, Жиззах вилояти

Мажбуран турмушга узатилиш, кўнгилсиз яшаш, ҳаммасига ажрим билан нуқта қўйиш... Муаммо кимда? Наҳот кўнгилни кўндириб бўлмаса?

Мавзуни руҳшунос Барно ИЛҲОМОВА билан атрофлича муҳокама этишга ҳаракат қиламиз.

«Қизимга нима яхши-ю нима ёмон, ўзим биламан! Тўйдан кейин ҳар қандай аёл эрини яхши кўриб кетади!»

АДАШАСИЗ! Ҳурматли ота-она, бир пайтлари қизларга «Қорнинг тўқ, устинг бут бўлади», дейишса, кўниб, ўзлари яхши танимаган инсон билан оила қуришгандир. Бугуннинг ёшларини эса фикрлаши, дунёқараши тамоман бошқача. Чунки миясининг ўнг ярим шари ҳам, чап ярим шари ҳам фаол. Улар фақат жисмоний эҳтиёжлар (эр-хотин бўлиб яшаш, бола-чақа қилиш, уй-жойли бўлиш, рўзғор бутлиги) билан қониқишмайди. Руҳан ҳам озуқага муҳтож. Катта тўйлар қилиб, сарполарнинг зўри, мебель, чинни билан алдай олмайсиз. Улар тушунишларини, эшитишларини, туйғулари билан ҳисоблашларини исташади. «Қўшним нима дейди, ота-онам сиқилади», деган фикрлар бегоналашиб бораяпти. Буни табиий ҳол деб қабул қилиб, бугуннинг ёшлари масъулиятсиз, бебош, бетгачопар дея, калтакламасдан, бошингизга яна бир муаммони сотиб олманг. Қиз узатаяпсизми, ўғил уйлантираяпсизми, кўнгли билан ҳисоблашинг. Шунда масъулиятнинг 90 фоизини ўзларининг елкасига юклайсиз. “Сиз пиширган ош” деб, ютмасдан ўтирмайди, турмушининг тахирликларини ширин қилишга уринади.

«Менга шу қиз ёқди, уйланаман!»

БИЛИБ ҚЎЙИНГ! Олахуржунни елкасига олаётган куёвбола, бировнинг боласи олдида масъулиятингиз икки карра ошди! Яъни ёқиб қолгани учун сизга мойиллиги бўлмаган қизга уйланиш фикрида қатъий турган экансиз, унинг юрагини забт этишингиз керак. Учрашувга чиққанда биласиз-ку, бўлажак келин сизни ўзи танладими ёки ота-онаси? Орзу-ниятлари нима, қизиқинг, фикрларини ҳурмат билан тингланг, ота-онасининг босимидан чарчаган келиннинг кўнглига қаранг. Янги келин уялади, тортинади, ўзини бегонадек ҳис қилади. Уни ўзингизники қилишда қўрслик, зўрлик иш бермайди.

«Мажбуран турмушга чиқишни истамайман!»

ҚАТЪИЙ ТУРИНГ! Ота-онангиз сизни тушунмаётган, тингламаётган экан, ўзингиз ўзингизни тушунишга қодир бўлинг. Нима учун қаршилик қилаяпсиз, нега кўнглингиз куёвликка номзодга чопмаяптими, юрагингизда муҳаббат куртак очганми,  аввало, ўзингиз учун шуларни аниқлаштириб олинг-да, кейин уйингиздагиларга тиш ёринг. Жанжал, тантиқлик, қўрқитиш билан натижага эришмайсиз. Ақл ва босиқлик билан иш тутсангиз, катталар «Муштдек боши билан севгини тушунармиди?» қабилида йўл тутишмайди. «Қизим анча улғайиб қолибди, қарашлари бошқача, фикрлари қатъий ва асосли, демак, ҳаёти борасида бирга қарор чиқаришимиз керак», деб ўйлайди.

«Додимни тингламай узатишди, мен жуда бахтсизман!»

АНГЛАНГ! Сиз асли кўнгил нелигини биласизми? Муҳаббат сиз учун нима дегани? Тўғри, кўнглингиз чопмаган инсон билан бир ёстиққа бош қўйиш тугул унинг кўйлаги тугмасини қадаш ҳам оғриқли. Лекин кимга қийин? Ўзингизга. Ғишт қолипдан кўчиб бўлгач, ҳали йўқ оилани (оила дегани тўй-томошаю чимилдиққа киришмас) барбод қилишга уринманг. Аввал уни тиклашга ҳаракат қилинг. Энди бир кўришда муҳаббат юз бермайди, ҳув болалик йилларингизда қолиб кетган бу туйғу! Бундан буёғига муҳаббат вақт ва меҳнат талаб қилади. «Эрим бошига кўтариб қўйса, севиб қолардим», «Идеалимдаги инсонмас», деб нолиб, ич-этингизни ейишдан наф йўқ. Турмуш ўртоғингизнинг яхши сифатларини кўришга, уларни рағбатлантириб, ўзингиз учун юзага чиқаришга урининг. Ахир қандайдир мойиллик сезгансизки, шу инсонга жуфти ҳалол бўлдингиз. Минг мажбурлашгани билан ҳарҳолда оёқ-қўлингизни боғлаб, шу хонадонга ташлаб кетишмагандир?

«Кўнгил қўйганим бор эди, эрим унга умуман ўхшамайди...»

ТАҚҚОСЛАМАНГ! Жон аёллар, кўзгуга қаранг, бир қошингиз иккинчисидан фарқ қилади, тўғрими? Яхшилаб назар солсангиз, танангизнинг ўнг томони ва чап томони ўртасида тафовутлар бор. Демакки, жуфт аъзоларингиз бир-бирига ўхшамас экан, бир инсонни кимдандир излашда маъни йўқ. Ахир эрингиз собиқ йигитингиз эмас, у бошқача, чунки умуман бошқа одам! Шу ҳақиқатни тан олиб, сизга уйланмаган ёки уйлана олмаган йигитни турмуш ўртоғингиз билан таққосламанг!

«Севганимни унута олмаяпман...»

УНУТИНГ! Биласизми, инсон юрагига туйғулар маҳкам ўрнашиб, қўним топаркан. Собиқ йигитингиз билан ҳис қилган туйғуларингизни эслаб, шу билан овуниб (аслида оғриниб), ёнингиздаги инсоннинг сизга туҳфа этаётган ҳиссиётларини сезмаётгандирсиз балки. Улар қалбингизга кириб келишига йўл қўймаётган бўлишингиз ҳам мумкин. Юракни бўшатинг, ўтмишдаги туйғулардан халос этинг. Улар бугуннингизни сувга оқизади, холос. Мана, оддий мисол, турмуш ўртоғингиз кўйлагини дазмол қила туриб собиқ севгилингизга хаёл кетса, кўйлакни куйдириб оласиз. Кейин уйда тушунмовчилик юзага келади. Ва яна сизнинг эски қўшиғингиз жаранг сочади: «Асли эримда кўнглим йўқ-да...» ҳозир шу ерда яшанг! Ўтмишдаги кунлар ўтиб кетди.

«Яхши кўрганим билан оила қурганимда, ҳаммаси бошқача бўларди».

БАШОРАТ ҚИЛМАНГ!  Қаердан биласиз, турмуш севгини емириши мумкин, шу ўринда уни дунёга келтириши ҳам. Энди бу каби афсусланиш билан тақдир сизга раво кўрганини ҳам қўлдан бой беришингиз ҳеч гапмас. Турмуш ўртоғингиз совуқ, меҳрсиз муносабатингизга чидамайди. Шуни унутманг! Кўрпа-тўшак, бола-чақа билан умрни шамолга совуриш ҳам тўғримас. Баҳонангизнинг тор инига бекиниб олмасдан, кўнгилни кенг қилиб, мавжуд ҳаётни яхшилашга урининг. Эрингиз идеалингиздаги инсонмасми? Бу масала устида ишланг. Оддий пластилиндан нимадир ясамоқчи бўлсак, обдон қўлимиз билан унга ишлов берамиз. Қўлнинг иссиқ тафтидан у истаган шаклимизга киради. Моҳир ва меҳрли уста бўлинг, шунда турмуш ўртоғингиз идеалингизга айланади. Эътибор берсангиз, ишда қўпол, баджаҳл эркаклар уйда мулойимгина бўлишади. Демак, хотини унинг тилини топган.

«Ҳаммасига ота-онам айбдор! Уларнинг танлови сабаб бахтсизман!»

ИДДОА ҚИЛМАНГ! Уларнинг танловини хатолигини исботлаш учун ўзингизни кўнгилсиз турмуш қурбони қилиб, нимага эришасиз? Бу ҳаёт сизники! Чиройли ва бахтли яшанг! Иддаоларингиз, кимнидир айблашингиз билан ҳеч нарса изига қайтмайди. Ота-онангизни умрининг охиригача эговлаб яшаб, уларнинг ҳам хотиржамлигига соя солманг.

«Ажрашаман, қутуламан!»

ШОШМАНГ! Оиласи барбод бўлгач, эрининг иккинчи турмуши гуллаб-яшнаганини кўриб, тирсагини тишлаган аёллар ҳам талайгина. «Барибир, ажрашаман», деб ўзингизни дастурлаштириб олмасдан, мавжуд оилангиздан бахт топишга интилинг! Агар ҳақиқатан ҳам ҳаётингиз дўзахга айланса, яқинларингиз бор, улар сизни бу чоҳга ташлаб қўймайди.

«Пешанам шўр менинг»

ТАҚДИР БИЛАН КЕЛИШИНГ! Бу дегани бошни деворга уриб яшашмас, «Пешанамга шу инсон битилган экан», дея олға илдам қадам ташлаш. Тақдирга ёзилганидан қочиб қутила олмаймиз. Бироқ умр йўлларида қандай қадам ташлаш, уни қандай яшаб ўтиш ўзимизга боғлиқ. Ҳаётга бир марта келасиз, уни чиройли кечишини ўзингиз таъминланг. Турмуш ўртоғингизга кўнглингиз илиши учун нималар бўлиши кераклигини аниқлаб, бу ишларни амалга оширишга ҳаракат қилинг.

Хулоса ўрнида

Дейлик, иситмангиз чиқаяпти. Сиз учун эрингиз, онангиз ёки бирор мутахассис дори ичмайди. Фақат даво чорасини кўрсатишлари, қўллашингиз учун ёрдам қўлини чўзишлари мумкин. Аммо барибир асосий иш зиммангизда қолади. Агар «ҳаммасига сизлар сабабчи», деб ўтирсангиз, ўтираверсиз. Охир-оқабат иситма таъсиридан ҳушдан кетишингиз, кома ҳолатига тушишингиз мумкин. Шунинг учун иситманинг сабабини аниқлаб, давосини кўринг. Бир умр шу иситма билан яшаб, ўзингизни ҳам, яқинларингизни ҳам қийнаманг! 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!