Россиянинг Артём шаҳри кўчаларида дайдиб юрган йўлбарс қидирилмоқда

14:42, 06 октябрь

Россиянинг Артём шаҳри кўчаларида сайр қилиб юрган йўлбарсни ҳозирча қидириб топишнинг иложи бўлмаганлиги сабабли зоологлар йиртқични қидириш кўламини кенгайтирди, деб хабар берди “Vesti.ru” нашри.  

4 октябрь куни авторегистратор томонидан шаҳар кўчасида автомобиль қаршисидан югуриб ўтаётган йўлбарс суратга олинган. Бу видеодан кейин шаҳар аҳолиси йўлбарс хавфи ҳақида зудлик билан огоҳлантирилган. Йўлбарс пайдо бўлган жойга овчилар етиб келган. 

Орадан икки кун ўтганига, қидирув кўлами кенгайганига қарамай, йўлбарс ҳали топилмаган. Узоқ Шарқнинг “Амур йўлбарси” номли маркази директори Сергей Арамилевнинг маълумот беришича, Амур йўлбарси жуда эҳтиёткор бўлгани боис, уни тутиш жуда ҳам қийин. У ортидан фақат ғажилган ҳайвон (баъзан инсон) суякларини қолдирганидан кейингина бу унинг иши эканлигини аниқлаш мумкин. Овчилар гувоҳларнинг кўргазмаларига умид қилмоқда. Олимларнинг фикрича, йўлбарс шаҳарга тасодифан келиб қолган, бу ердаги шовқиндан яна тайгага қочиб кетган деган фараз ҳам мавжуд. Воқеага ойдинлик киритилмагунча, Амур йўлбарсини қидириш ишлари тўхтатилмайди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!