Юрак безовталигининг 6 белгиси: улар сизга танишми?

14:47, 06 октябрь

Кўпчилигимиз юрак хуружи қандай бўлишидан хабардормиз. Ҳеч бўлмаганда у хақда эшитганларимиз бор. Бироқ ҳар ким ҳам юрак фаолиятидаги ўзгаришлардан огоҳлантирувчи белгилар ҳақида билмаса керак. Агар ўзингизда қуйидаги 6 огоҳлантирувчи белгисини сезсангиз, албатта шифокорга мурожаат этинг.

Асосий омиллар

Одатда 40 ёшдан ошган эркак ва аёлларда юрак фаолияти билан боғлиқ касалликлар кузатилади. Бироқ организм тузилиши ва бошқа бир қатор омиллар борки, касаллик ёшини анча аввалга суриши мумкин. Булар:

  • ўта семизлик (тана вазнининг меъёридан ортиқчалиги);
  • камҳаракатлилик;
  • тановул вақти кўп туз истеъмол қилиш;
  • носоғлом турмуш тарзи (зарарли одатларнинг мавжудлиги).

Агар мана шу омиллар мавжуд бўлиб, наслда, айтайлик, ота-онада юрак касалликлари бўлса, наслий мойилликнинг эрта уйғониши юз бериши мумкин.

Унутманг!

Юрак-қон томир касалликлари юзага келиши учун жисмоний ва эмоционал зўриқиш таъсири бўлиши керак. Айнан мана шу таъсир сабаб юрак касалликлари хуруж қилади.

Оғриқнинг белгиси

Одатда юрак касалликларига тахмин қилинувчи оғриқлар: санчиқли, ачишувчан, эзиб оғрувчи, симиллаган кўринишларда бўлади. Бундан ташқари, оғриқлар нафақат юрак соҳаси, балки тананинг бошқа аъзоларида ҳам сезилиши мумкин.

Бўйин соҳасидаги оғриқ

Бўйин соҳасидаги симиллаб, чўзилувчан турга мансуб оғриқ аста-секин чап елка ва қўлларга тарқалади. Баъзида бундай оғриқнинг тез-тез такрорланиши юрак безовталигини билдириши мумкин.

Нега шундай? Юрак тўқимасининг зарарланган асаб толалари орқа миядан юқори ва пастга тарқалган сигналларни юборади. Ўз навбатида сигналлар елка ва бўйин соҳасида акс этади. Мазкур оғриқ бир ерда тўпланмай, тарқалиб ҳаракатланиши мумкин.

Ҳолсизлик, нафас қисиши...

Яқин кунларда ҳолсизлик, камқувватлилик ва баъзан бош айланиши безовта қилаяптими? Эҳтимол зинадан кўтарилаётганингизда нафасингиз қисиши ҳам кузатилаётгандир. Бу белгилар шифокорга кўриниш учуни етарли асосдир.

Нега шундай? Қон айланишининг бузилиши кислород таъминотига тўсқинлик қилади. Агар ўз-ўзидан нафас олиш қийинлашиб қолса, бу стенокардиянинг илк белгилари бўлиши ҳам мумкин.

Юрак фаолияти билан боғлиқ нафас қисишини ажратиш учун оғир юк кўтариш, руҳий зўриқиш ҳолатларида хуруж қилишига диққат қилинг.

Кўнгил айниши

Юрак оғриқлари чап кўкрак соҳасида бўлади, деган тасаввурда бўлсак-да, айрим ҳолларда кўнгил айниши, лохаслик ва жиғилдон қайнаши, тана босимининг кўтарилиши ҳам касалликнинг эрта белгиларидан бўлиши мумкин. Одатда бундай белгилар юрак хуружи, инфаркт ёки миокарддан олдин кузатилади.

Нега шундай? Юракдаги ўзгаришлар ҳақидаги сигнал тана бўйлаб тарқалганда кўкрак қафаси ва елкаларда оғриқ туриши мумкин. Кўнгил айниши ва лохаслик эса безовталик асосли эканлигини тасдиқлайди.

Тиш ва жағ оғриқлари

Кутилмаганда тиш оғриғининг пайдо бўлиши нафақат оғиз бўшлиғи касалликлари, балки юрак-қон томир фаолияти билан боғлиқ безовталикларнинг белгиси бўлиши ҳам мумкин. Аҳамият берган бўлсангиз, тиш оғриғини қанча даволатманг, оғриқ қайталайверади. Бундай вақтларда шифокорга кўриниш ва оғриқ юрак билан боғлиқлиги эҳтимолини текшириш лозим.

Нега шундай? Юракдаги ўзгаришлар тана бўйлаб огоҳлантирув сигнал бўлиб тарқалганда елка, бўйин соҳалари билан бирга тиш ва жағ суякларида ҳам акс этиши мумкин. Айниқса, тишнинг жағ суяги билан бирга зириллаб оғришига беътибор бўлиш ярамайди.

Бош оғриғи

Бир ойда тез-тез такрорланувчи бош оғриғининг асаб қўзғалишлари билан юзага келиши ҳамда қон босимининг ўзгариши ҳолатлари юрак-қон томир фаолияти билан боғлиқ бўлиши мумкин. Бунда бош оғриғи тез-тез такрорланиб, кўз олдида ёруғлик синиқлари акс этса, албатта шифокорга учраш зарур.

Нега шундай? Организмдаги қон айланиши (циркуляция) ҳолати бузилишларида бир қатор жараёнлар юзага келиб, шулар қаторида юрак фаолиятида ҳам таъсири бўлади. Бу эса ўз навбатида бош оғриғи, босим бузилишларини келтириб чиқаради.

Диққатни жамлолмаслик

Аритмия (юрак пульсининг тез ёки секин уриши) сабаб айрим вақтларда диққатни жамлаш қийинлашиб, паришонхотирлик юзага келиши мумкин. Бу ҳолат доимий турмуш тарзида билинмай, кутилмаганда юз беради ва бир муддат диққатни жамлашнинг имкони йўқолади.

Нега шундай? Қон босими пасайиб кетганда мия фаолияти учун етарли даражада қон етиб бормайди. Натижада онгда ахборот таҳлили бир муддат тўхтаб, идрок этиш секинлашади.

Шифокор тавсияси

Касалликнинг олдини олиш учун турмуш тарзини яхши тарафга ўзгартириш лозим. Шунингдек, ҳазми оғир ёғлар ва туз миқдорини камайтириб, парҳез таомларга ўтиш ҳамда ўтроқ турмуш тарзидан чекланиш фойдадан холи бўлмайди. Қолаверса, бир кунда 3 км.дан 5 км.гача пиёда юриш ҳам юрак-қон томирлари фаолиятига ижобий таъсир этади.

Бу муҳим!

35-40 ёшлилар ҳар йили тиббий кўрикдан ўтишлари шарт. Айниқса, қондаги липидлар кўрсаткичи, қанд миқдорини текширтиришлари ва зарур ҳолларда керакли муолажаларни олишлари маслаҳат берилади.

Олий тоифали шифокор-кардиолог Дилором МАДАМИНОВА тавсиялари асосида

Самира УЛУҒБЕКОВА тайёрлади

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!