Марказий сайлов комиссиясининг раиси ЕХҲТнинг лойиҳалар координатори билан учрашди

15:38, 06 октябрь

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг раиси М.Абдусаломовнинг Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг лойиҳалар координатори Жон Макгрегор билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда М.Абдусаломов Марказий ва округ сайлов комиссиялари томонидан шу йилнинг 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида қисқача ахборот берди.

Учрашувда қайд этилганидек, Марказий сайлов комиссияси ва ЕХҲТнинг ҳамкорлиги самарали ривожланиб бормоқда. ЕХҲТ лойиҳалар координаторининг Тошкентдаги офиси “Ўзбекистон Республикаси сайлов амалиётини такомиллаштиришга кўмаклашиш” қўшма лойиҳа доирасида мамлакатимизда сайлов амалиётини янада демократлаштиришнинг турли масалаларига бағишланган халқаро тадбирлар, анжуман ва семинарларни ташкил қилиш ва ўтказишда фаол иштирок этди. Уларнинг ишида ЕХҲТга аъзо мамлакатлар вакиллари, шу жумладан, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси экспертлари иштирок этди.

Марказий сайлов комиссияси вакиллари Испания, Франция, Дания, Буюк Британия сайлов амалиёти билан яқиндан танишиш, шу жумладан, сайловчиларнинг ягона электрон реестрини яратиш бўйича хорижий тажрибани ўрганиш имконига эга бўлишди.

Қайд этилганидек, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси Ўзбекистонда парламент ва Президент сайловларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш жараёни юзасидан бир неча марта кузатув олиб борди. Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси шу йилнинг 11-14 октябрь кунлари Эҳтиёжларни баҳолаш миссиясини юборишга қарор қилди. 

Учрашувда ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича тарафларни қизиқтирган масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!