Аёллар учун математик ташхис

15:49, 06 октябрь

Хўш, жуфтингиз билан муносабатларда ўзингизни қандай тутасиз? Қуйидаги математик амални бажариб, ўзингизга кўзгу тутинг. Бунинг учун туғилган йил, ой ва санангизни рақамлар билан ёзиб, бир-бирига қўшиб чиқасиз.

1985 йил, 20 апрелда таваллуд топган бўлсангиз, 1+9+8+5+2+0+4=29=2+9=11=1+1=2 шаклида ҳисоблайсиз. Демак, сизнинг рақамингиз — 2.

1.

Ўзига ишонган, мустаҳкам иродали бу аёллар умр йўлдош танлаётганда юракдан кўра ақлга бўйсинишади. Қарама-қарши жинс вакиллари билан тез тил топишиб кета олмайди. Чунки улардаги ишонч бошқаларга кибрдек туюлади. Биринчиликка интилишлари эса муносабатларга соя солмасдан қолмайди. Шунинг учун дунёқараши ўзиникидан кенгроқ ва ҳаётда ютуқларга эришган йигит билан ҳаётларини боғлашни исташади.

2.

Дилрабо ва киришимли бу тоифа аёллар учун муносабатларда ишонч энг муҳими. Туйғулари барқарор, муҳаббати ҳам абадий бўлишиги ишонишади. Жанжал, тортишувлардан йироқ, аммо хиёнатга тоқат қила олишмайди. Жуфтлари учун идеал аёл образини яратишади. Қимматбаҳо совғалардан кўра самимий дилдан қилинган туҳфалар уларни кўпроқ хурсанд қилади.

3.

Ҳисоб-китоблар 3 рақамини кўрсатган бўлса, суйганини ҳеч қачон зериктирмайдиган аёл экансиз. Ёрингизнинг туйғуларини қадрлайсиз, унга бўлган ишончингиз муҳаббатингизни янада оширади. Орзуларингизни ушалтирувчи инсон тақдир йўлларингизда пайдо бўлишидан умид қиласиз. Бироқ севги дилингизни маҳв этгач, кўзларингиз кўрга айланади. Бўлажак умр йўлдошингизни синовлардан ўтказиш ҳам хаёлингизга келмайди.

4.

Ҳаётга реал кўз билан қарайсиз. Турмуш ўртоғингизга, аввало, ишонишингиз керак. Сиз учун унинг оилани моддий томондан таъминлай олиши жуда муҳим. Оилада ҳақиқий хазинабонсиз. Пулни тежаб-тергаб ишлатишингиз жуфтингизни қувонтиради. Тўғри майда-чуйдалар учун ҳам асабийлашишингиз мумкин. Бироз худбинлигингизни ҳам тан олинг. Умр йўлошингизнинг яқинлари билан яхши муносабатда бўлсангиз, у ҳам сизнинг истакларингизни амалга оширади.

5.

Ушбу рақам бир қарашдаёқ эътиборни ўзига тортадиган, гўзал, бироз актрисалик ҳам қила оладиган аёл эканлигингиздан дарак беради. Ўзларини жуда яхши кўрганларидан, улар – мақтовнинг қули. Ташқи кўриниш, моддий бойликлар билан муносабатларни ўлчашлари уларнинг энг катта хатосидир. Бир хил турмуш тарзидан зерикишади. Қанийди, ҳар кун байрам бўлса, меҳмондорчилик, учрашувлар жону дили. Аммо севсалар, дилдан севадилар. Бу аёлнинг муҳаббатига эришмоқчи бўлган қарши жинс вакили унинг кўплаб талабларига жавоб берадиган инсон бўлиши керак.

6.

Сирли, таъсирчан, бир қарашда соввуқонсиз, аммо кўнглингиз бўш. Керакли пайтда жиддий қиёфада гавдаланасиз, зарур бўлганда ҳазилни ҳам қойиллатишингиз мумкин. Бу яхши. Турмуш асосида аввало дўстлик ётади деб ҳисоблайсиз. Шунинг учун оила майдонида тушунмовчиликлар катта жанжалга айланиб кетмайди. Бу тоифа аёлларнинг турмуш ўртоқларига рафиқангизнинг аразларига бефарқ бўлманг, деймиз. Кўнглини кўтариш учун бир оғиз ширин сўзнинг ўзи кифоя ахир.

7.

Ўзига оро беришни хуш кўрадиган бундай аёллар қаерда ўзини қандай тутишни яхши билишади. Фаросатли ва ақллиликлари сабаб улар билан тақдирини боғлашни истайдиганлар талайгина. Муносабатларда романтика ва ростгўйлик муҳим. Шунинг учун алдамасдан борини айта қолинг унга. Фақат бир хатолари – доим идеал инсон излашади. Билишмайдики, бу дунёю дунда ҳеч ким камчиликдан холи эмас.

8.

Натижа 8 рақамини кўрсатган бўлса, иродангизга таҳсин ўқиймиз. Бир қарашда улар шахсий ҳаётдан кўра иш борасида омадлидек. Туйғуларини ошкор қилмаганликлари сабабли ҳам жуфтлари уларнинг муҳаббатига доим иккиланади. Умр йўлдоши кучли характерли ва интеллекти баланд инсон бўлмоғи лозим. Бўлмаса, номутаносиблик кузатилиб, муносабатлар дарз кетиши мумкин. Оиласи учун неки фойда бўлса, ҳаммасини қилишга тайёр аёлларимизни тушунишларини сўраймиз уларнинг ёрларидан.

9.

Улар билан ҳеч қачон зерикмайсиз. Чунки қизиқарли ва кўп маълумотлар биладиган, исталган мавзуда бемалол суҳбатлашадиган суҳбатдошдирлар. Айниқса, санъат, маданият ҳақида соатлаб гурунг қилишлари мумкин. Совға, гулларга ўч. Шу сабаб кўнглига йўл топмоқ осон. Тақдирларини боғланган инсонлари талабчан ва эътиборли бўлишса, бас. Оилавий ҳаётлари рисоладагидек кечади. Пазанда ва уддабурон бекаликлари эса аъло фазилатларидан биридир.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!