Александр Лукашенко Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтириш мақсадида Самарқандга ташриф буюрди

21:26, 06 октябрь

Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтириш мақсадида 6 октябрь куни Самарқанд шаҳрига ташриф буюрди. Самарқанд халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев кутиб олди.

Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди. 

Александр Лукашенко ва Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрига гул қўйдилар ва унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирдилар. 

Олий мартабали меҳмон Самарқанд шаҳридаги Форумлар мажмуасига ташриф буюриб, Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Каримовага чуқур ҳамдардлик изҳор этди. 

Форумлар мажмуасида Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев ва Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенконинг учрашуви бўлиб ўтди. 

Беларусь Ўзбекистонга Марказий Осиёдаги асосий иқтисодий шерик сифатида қарайди. Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар дўстлик ва ўзаро манфаатдорлик тамойиллари асосида ривожланиб бормоқда. Ўзбекистон Республикаси билан Беларусь Республикаси ўртасида 2008-2017 йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома ва унинг ижросига қаратилган дастур изчил амалга оширилмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев Биринчи Президентимиз Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтириш мақсадида мамлакатимизга ташриф буюргани учун Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенкога миннатдорлик билдирди. Халқларимиз ўртасидаги дўстлик муносабатлари бундан кейин ҳам изчил давом этишини, мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтариш зарурлигини таъкидлади. 

Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов бутун фаолиятини ўз халқи, Ватани равнақига бағишлагани, бугун Ўзбекистон иқтисодиёти ривожланган, тинч ва барқарор давлатга айланганини қайд этди. Ислом Каримов вафотидан кейинги синовли кунларда Ўзбекистон халқи донолигини, юксак маданиятини ва ҳамжиҳатлигини яна бир бор намоён этганини, шундай буюк заминга ташриф буюрганидан мамнунлигини таъкидлади. 

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг яқинда бўлиб ўтган 71-сессиясида мажлис иштирокчилари Ислом Каримов хотирасини ёдга олиб, ҳурмат бажо келтиргани ҳам Президентимизнинг халқаро обрў-эътиборини яққол тасдиқлайди. 

Учрашувда Ўзбекистон ва Беларусь ўртасида турли соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга оид масалалар юзасидан фикр алмашилди. 

Шу билан Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенконинг мамлакатимизга ташрифи ниҳоясига етди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!